Китоб — илму заковат хазинаси

17:22 19 Июнь 2018 Маданият
719 0
Иллюстратив фото

Пойтахтимизда “Китоб — маънавият гулшани” мавзуида китоб ярмаркаси ташкил этилди.

“Агробанк” АТБ ҳамда “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда ижодкорлар, нашриёт уйи ва банк вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Қайд этилганидек, китоб — қалбларни ёритувчи нур, тафаккурни бойитувчи хазина, камолот чўққиси ва маънавий комилликка етакловчи ҳамроҳ. Бугун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Менинг биринчи китобим”, “Энг яхши китобхон”, “Китобхон оила” каби китоб байрамлари, сайиллар ёшларни китобхонликка чорлаш, уларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларни янада ошириш ва шу орқали маънавий дунёсини бойитиш, она-Ватанни севиш, садоқат туйғуларини шаклланишига, шунингдек, бунёдкорлик ғояларини юзага чиқаришдек эзгу ишларни ўзида мужассам этганлиги билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши ҳамда 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Анжуман доирасида ушбу молия муассасаси раҳбар ва ходимларига “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган илмий-оммабоп, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий адабиётлар, болалар ҳамда ўсмирларга мўлжалланган китоблар тақдим этилди.

Тадбир иштирокчиларга ёзувчи ва шоирларнинг назм ва насрга йўғрилган, янги ва хорижий тиллардан таржима қилинган асарлари ҳақида таништириш, жумладан, китобхонликка чорлаш, уларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини ошириш, маънавий оламини юксалтиришга қаратилганлиги билан ғоятда аҳамиятлидир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар