“Китоб байрами” тадбирлари бошланди

12:21 24 Май 2018 Маданият
695 0
Фото: Ҳаким Йўлдошев /"Халқ сўзи".

Бугун пойтахтимизнинг Сайилгоҳ кўчаси ҳар қачонгидан-да гавжум. Бу ерда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан қатор вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган “Китобхонлик маданиятини юксалтириш — буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир” шиори остидаги анъанавий республика китоб байрамига мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, ҳатто хориждан китобхонлар, адабиёт мухлислари, ижодкор-зиёлилар, ёшлар жам бўлган. 

Фото: Ҳаким Йўлдошев /"Халқ сўзи".

Мазкур тадбир Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Фото: Ҳаким Йўлдошев /"Халқ сўзи".

Давлатимиз раҳбарининг китоб ишлаб чиқариш ва китобхонлик маданиятини янада яхшилаш масаласига куюнчаклик билан ёндашаётганида теран маъно, эзгу мақсад мужассам. Чунки китоб нафақат билим манбаи, балки тафаккур қайроғи, ақл чироғи, кўнгил табиби, руҳият озиғидир.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи".

Китоб байрамининг очилиш маросимида бу йилги тадбир ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзига хослик касб этаётгани таъкидланди. Аввало, узоқ йиллар ёзувчию шоирлар, зиёлилар билан учрашувлар, шеърхонликлар, суҳбатлар ва бошқа турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинган “Сайлгоҳ” кўчасига яна маънавият, маърифат қайтди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи".

Халқимиз бундан беҳад мамнун. Ёзувчи ва шоирлар билан суҳбат қураётган ёшлар, турфа китоблар тўла расталарни бирма-бир кўздан кечираётган китобхонлар, мақол ва шиорлар, турли эртак қаҳрамонлари расмлари туширилган баннерларга ўзига хос иштиёқ ва қизиқиш билан боқиб турган жажжи болакайлар — барчанинг юз-кўзида хуррамликдан, кайфиятида кўтаринкиликдан бу яққол сезилиб турибди.
Тадбирда “Намунали китоб дўкони” танловининг вилоят босқичи ғолиблари тантанали тақдирланди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи".

Икки кун давом этадиган байрамда меҳмонлар учун кўргазмаларда бевосита иштирок этиш, китоб маҳсулотларини харид қилиш имконияти яратилади. Таниқли шоир ва ёзувчилар, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари иштирокида мушоиралар, адабий учрашувлар уюштирилади. Таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдод соҳиблари, шунингдек, Республика ёш томошабинлар театри ва Республика қўғирчоқ театрининг ҳамда турли болалар санъат гуруҳларининг “Китобсеварларни қутлаймиз!” номли чиқишлари ташкил қилинади. 

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи".

Шунингдек, “Энг яхши китобхон оила”, “Энг яхши китобхон” каби совринли викториналар, “Китоб ўқишни ёқтирасизми?” мавзуида ижтимоий сўровлар ўтказиш режалаштирилган.  “Машҳурлар китоб ўқийди” шиори остида ўзбек эстрада намояндалари, театр ва кино актёрлари, спорт усталарининг иштирокчилар билан мулоқотлари тадбирнинг яна бир ўзига хос қисмидир. Нашриётлар, ижодий уйлар ва матбаа корхоналари “Энг фаол иштирокчи”, “Энг яхши стенд” номинацияларида тақдирланиши байрамга янада кўтаринкилик бағишлайди.

“Китоб байрами” тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят марказларида ҳам ўтказилмоқда.

Дилшод КАРИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар