Киши вирус билан зарарланган ниқобни тақиб юрса, кўп миқдорда вирус юқадими? — долзарб саволларга аниқ жавоблар

16:44 30 Октябр 2020 Жамият
296 0

АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Одилова аҳолидан тушган муҳим саволларга жавоб қайтарди.

Савол: Киши вирус билан зарарланган ниқобни тақиб юрса, кўп миқдорда вирус юқадими?

Жавоб: Тиббий ниқобни тақишдан мақсад— ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган касалликлар тарқалишининг олдини олиш. Бемор киши ниқобни касаллик манбаси бўлмаслик учун ҳам тақиш керак. Соғлом инсонлар эса касалликдан ўзларини муҳофаза қилиш учун ҳам ундан фойдаланишлари зарур.

Ниқоб фақат фойдаланиш қоидаларига тўғри риоя қилингандагина самарали бўлади. Бунинг учун ниқобни тўғри танлаш (махсус матодан тайёрланганлиги, уй шароитида камида 6-8 қаватли докадан), уни тўғри тақиш (бурун ва оғизни тўлиқ ёпиши), тез-тез алмаштириб туриш (ҳар 2-3 соатда) зарур. Бемор ниқобни хонада бир ўзи бўлганда тақмаслиги мумкин, бироқ ушбу хонага беморни парваришловчи оила аъзолари кирганида албатта ниқобда бўлиши, хонада ҳар 2 соатда намли тозалаш ишлари ўтказилиши ва кунига 3-4 маҳал шамоллатиб, тоза ҳаво келишини таъминлаш зарур. Мана шунда хонада вируснинг турли сатҳ ва юзаларда ўтириб қолишини олдини олган ва хонада вирус тўпланишидан ҳимояланган бўламиз.

Беморда касалликнинг оғир ёки енгил кечиши унинг ниқоб тақишига эмас, балки ундаги мавжуд сурункали касалликлар ва уларни келтириб чиқарувчи хавф омилларининг (нотўғри овқатланиш, жисмоний нофаоллик, зарарли одатларга берилганлик) мавжудлиги сабаб бўлиши мумкин.

Шунинг учун бемор албатта оиланинг бошқа аъзоларидан алоҳидаланиши, кунига камида 3-4 литр илиқ ҳолдаги суюқлик ичиши, кунига 5-6 маҳал овқатланиши (бунда асосий эътибор суюқ овқатлар ва хом мева ва сабзавотларга қаратилиши лозим), ҳолатига кўра жисмоний фаол бўлиши, айниқса нафас машқларини бажариши ва тўғри парваришланиши жуда зарур. Энг асосийси — барча даво муолажали фақат шифокор тавсиясига мувофиқ бажарилиши керак.

Савол: Астма касаллиги бўлган инсонлар коронавирусга қарши қандай профилактика ишларини амалга ошириши керак? Агар коронавирусни юқтириб олишса, қандай муолажа олиши лозим?

Жавоб: Бронхиал астма касаллиги нафас олиш аъзоларининг сурункали касаллиги ҳисобланиб, унинг хуруж даври асосан беморда ҳаво етишмаслик, бўғилиш каби белгилар билан кечади. Барча сурункали касаллиги бўлган беморлар каби, бронхиал астмага чалинган беморлар коронавирус касаллигидан ўзларини ҳимоя қилиш чораларини кўришлари лозим, чунки ушбу касалликлар бирга кечганида асоратланиши, ноодатий кечуви кузатилиши мумкин.

Астмаси бор бўлган беморлар зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслиги, кўчага чиқса, барча ҳимоя воситаларидан тўлиқ фойдаланиши ва тез-тез қўлини ювиши, одамлар кўп тўпланадиган жойларга боришдан чекланиши, тўғри овқатланиши, жисмоний фаол бўлиши, энг асосийси касалликдан қўрқиш эмас, ундан ҳимояланиши зарур. Коронавирусга чалиниб, унинг белгилари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш ва унинг тавсиясига кўра даволаниш талаб этилади.

Савол: Менда «Сovid-19» аниқланди. МСКТ таҳлили ўпкада икки томонлама пневмония, яъни 65 фоиз зарарланган деб ташхис қўйди. 8 кун шифохонада даволаниб чиқдим. Уч кундирки, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман, аммо бугундан яна тана ҳароратим 38,4° гача кўтарилди, бошимда оғриқ бор. Бу ўтиб кетармикан?

Жавоб: Касаллик юзага келганида асло ваҳимага берилиш эмас, балки уни даволаш чораларини кўриш лозим.

Сизда қандай касалликнинг белгилари пайдо бўлмасин, дарҳол шифокорга мурожаат қилишингиз зарур. Бунинг учун шошилинч ҳолат бўлса, тез тиббий ёрдам хизматига, қолган ҳолатларда яшаш жойингиздаги поликлиника ёки ҚВПга мурожаат қилинг.

Савол: 8 ойлик туғилганман, ҳозир 11-синфда ўқийман. Онлайн дарсни танладим, лекин устозларим мактаб мажбурий деб қўйишмаяпти. Бормасликка ҳаққим борми? Ошқозоним ҳам оғрийди, уйда нормал ҳолатда овқат еёлмайман. Яна мажбурласа, қаерга мурожаат қилсам бўлади?

Жавоб: Республикада ўрнатилган тартибга мувофиқ, Сиз ўқишнинг онлайн ёки офлайн тарзда ўтказиш ҳуқуқига эгасиз. Шу билан бирга, халқ таълими тизимида сурункали касалликка чалинган, болаликдан ногирон ёки орттириб олинган ногиронлик ҳолатида бўлганлиги, узоқ даволанишга муҳтож бўлган болалар, Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларнинг уйда якка тартибда таълим олишларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2015 йил 30 июнда 2691-сон билан Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган қарорига асосан жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларнинг уйда якка тартибда таълим олишлари ташкил этилади.

Бунинг учун махсус комиссиянинг хулосаси зарур бўлади. Шу билан бирга, битирувчи синф сифатида офлайн тизимда таълим олиш сиз учун фойдадан холи бўлмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?