Кинога аввало томошабин баҳо беради — Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев

00:24 30 Август 2020 Маданият
301 0

Кеча «Ўзбеккино» Миллий агентлигида «Ёш кинематографлар фестивали» бўлиб ўтди. Унда Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев нутқ сўзлади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

"Кино томошабин учун яратилиши керак, — деди Б.Мусаев. — Унга аввало томошабинлар баҳо беради. Кинотеатр, телевидение ёки стриминг платформали орқали бўладими, фарқи йўқ, у аудиториянинг меҳрини қозониши зарур. Унинг асосий мақсади шунга қурилиши лозим. 

Бугунги ғолибларни табриклайман. «Ўзбеккино»нинг ёшларга шундай эътибор кўрсатаётгани, соҳага жалб қилаётганлиги, шароит яратаётгани қувонарли ҳол. Ёшларнинг истак ва иродаларини ёшларнинг ўзидан яхшироқ англаш қийин. Умид қиламанки, ушбу ёшлар ўзбек киносининг буюк намоёндаларига муносиб издош бўлиб, ўзбек халқининг меҳрига сазовор бўлади".

Фестивалда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқовлар ҳам сўзга чиқиб, барча ёш киноижодкорларни табриклашди. Тадбирда журналистлар ҳамда жамоатчилик фаоллари ҳам иштирок этди. 

Тадбир доирасида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бу йил биринчи бора ташкил этилаётган «Дебют» ёш киноижодкорларнинг сценарийлар танлови ғолибларини тақдирлади ҳамда бу танлов мунтазам равишда ҳар йили ўтказилиши маълум қилинди.

Шунингдек, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан Япониянинг “DigiCon6 ASIA” кинофестивалида иштирок этишга муваффақ бўлган ёшларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Шуни айтиб ўтиш лозимки, Япониянинг “DigiCon6 ASIA” кино тадбирига фильмларни юбориш ва бошқа харажатлар «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Яна ушбу кун «Ўзбеккино» Миллий агентлигида Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)га қабул қилинган 7 нафар ўзбекистонлик талабаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Эътиборли жиҳати, бундай тадбир мустақил Ўзбекистон кинематографияси тарихида илк бора амалга оширилмоқда.

Ёшлар фестивали давомида ёш киноижодкорлар билан семинар-тренинглар ўтказилди. Эстрада юлдузларининг чиқишлари, шоулар ва қисқа метражли фильмлар намойишлари ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?