Ким олади-ё, «Спарк» машинасини?

17:14 19 Июль 2018 Жамият
1026 0
Фото: MotorPage

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратураси “Темир йўл атрофини обод қилайлик!” ва “Самарқандни гўзал масканга айлантирайлик!” шиори остида Самарқанд шаҳрига ташриф буюраётган сайёҳларга қулайликлар яратиш, уларда қадимий Самарқанднинг миллий урф-одатлари ва маданияти ҳақида унутилмас таассурот қолдириш, шунингдек, темир йўл атрофини обод қилиш мақсадида танлов ўтказади.

Бунда Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий “Афросиёб” тезюрар поездининг Булунғур, Жомбой туманлари ва Самарқанд шаҳри ҳудудидан кесиб ўтувчи темир йўл атрофидаги очиқ майдонлар, аҳоли пунктларидаги мавжуд уй-жойлар, ёрдамчи хўжалик бинолари ва бошқа объектларни, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги бино ва иншоотлар, бўш турган майдонлар, кўчалар, истироҳат боғларини янада кўркамлаштириб, бадиий-эстетик меъморий мажмуалар яратиш бош мақсад қилинган.

Шунга кўра, “Ландшафт архитектураси ва дизайни”, “Кичик меъморий шакллар”, “Бадиий монументал санъат” номинациялари бўйича танлов ўтказилади.

Кўрик-танловда битта биринчи ўрин учун 1 та “Спарк“ автомашинаси, иккита иккинчи ўринлар учун 2 та “Скутер”, учта учинчи ўринлар учун 3 та телевизор тақдим этилади.

Танловда қатнашишга жисмоний ва юридик шахслардан ариза ва лойиҳа-таклифлар 2018 йил 20 августга қадар қабул қилинади. Лойиҳа-таклифлар тақдимоти 2018 йил 23-25 август кунлари ўтказилади.

Кўрик-танловнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими шу йил мустақиллик байрами арафасида бўлиб ўтади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар