Худойберди Тўхтабоевнинг 5 жилдлик асарлари чоп этилмоқда

15:58 12 Январь 2019 Жамият
1273 0

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тасарруфидаги “Чўлпон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари Янги йилнинг дастлабки ойидаёқ болажонлар учун ажойиб совға ҳозирлашмоқда. Гап шундаки, нашриётда уларнинг севимли адиби Худойберди Тўхтабоевнинг “Тагоб қишлоқ эртаклари”, “Ширин қовунлар мамлакати”, “Уч сайёҳнинг сафари”, “Донишманд бобо эртаклари” ҳамда “Сир очилди” номли танланган асарлари нашр этилмоқда. Бу ҳақда Агентликнинг Телеграмм ижтимоий тармоғидаги https://t.me/uzapiofficial расмий каналида маълум қилинган.

“Тагоб қишлоқ эртаклари” романи адибнинг янги асари бўлиб, уни “Жаннати одамлар” романининг узвий давоми, дейиш мумкин. Чунки иккала асарда ҳам ёзувчи ўз болалик хотираларини баён қилган.

“Ширин қовунлар мамлакати” асари эса бугунги кунга қадар ўзбек болалар адабиётининг энг сара намуналаридан бири ҳисобланади. Ундаги қизиқ саргузаштлар, фантастик воқеалар, рамзий ифодалар ва образлилик ўқувчининг дунёқарашини кенгайтиради, яхшиликка ундайди.

“Уч сайёҳнинг сафари” китоби болаларга бағишланган кичик-кичик ибратли ривоятлардан иборат тўплам бўлиб, қизиқарли ва содда услубда баён этилган.

“Донишманд бобо эртаклари” асарида тарихий ривоятлар, қисса ва ҳикоялар бугунги замон тилига мослаб, эртак шаклида талқин этилган. Асарда муаллиф ўзи тўқиган янги эртакларни ҳам ўқиш мумкин.

“Сир очилди” асарига болаликнинг беғубор туйғулари, орзу-умидлари, хаёлпарастлиги, шўхликлари акс этган бир нечта ҳикоялар киритилган.

Агентликнинг расмий каналида ёзилишича, мазкур китоблар январь ойининг охирига қадар ёш китобхонларга тақдим этилади.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?