"ХТБ мутасаддилари давлат маблағларини ўзлаштиришда гўёки ўзаро мусобақа уюштирганга ўхшайдилар"

10:51 25 Май 2020 Жамият
547 0

Парламент қуйи палатасининг фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси йиғилишида Халқ таълими вазирлиги тизимида 192,2 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани маълум қилинди. Гарчи Ҳисоб палатаси мутахассислари томонидан ўрганишлар жараёнида 27,1 миллиард сўм миқдоридаги маблағ бюджетга қайтарилгани таъкидланган бўлса-да, айрим депутатларнинг фикрича, тизимдаги аксарият ташкилотлар деярли назоратсиз аҳволга тушиб қолган…

Парламентни том маънода “халқ уйи”га айлантириш ғояси қачон амалга ошади, деган саволга аниқ жавоб қайтариш қийин, албатта. Аммо сайловчиларнинг кўпчилик овози билан мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи органидан жой эгаллаган айрим депутатлар фаолияти қуйи палатада ушбу мақсад сари дадил қадам ташланаётганидан далолат бермоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, шу кунгача янги таркибдаги депутатлар томонидан 25 та қонун ва битта муҳим қарор қабул қилинган.

Олий Мажлисда, шунингдек, парламент сўрови, парламент эшитуви институтларидан ҳам самарали фойдаланилаётганини айтиш мумкин. Хусусан, янги парламентда шу кунгача 10 та парламент эшитуви, 2 та ҳукумат соати тадбирлари ўтказилган. Парламентда кузатилаётган фракциялараро баҳс-мунозаралар эса чиндан ҳам депутатларнинг муросасизлик иллатидан тезроқ қутулишга ҳаракат қилаётганларини англатади.

Кейинги пайтларда депутатлар Президент фармони ва қарорлари ёхуд давлат дастурларининг соҳа ва тизимлардаги ижросига ҳам алоҳида эътибор қарата бошладилар. Бу эса энг аввало, фуқароларимиз кўриб, билиб турган муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига хизмат қиляпти.

Ҳисоб палатаси томонидан Халқ таълими вазирлиги тизимида 2018-2019 йилларда бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда 2020 йилги харажатларни мақбуллаштириш имкониятларини аниқлаш бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокамаси ҳам бунга мисол бўлиши мумкин. Депутатларнинг ушбу масалага муносабатлари ва якуний хулосалар билан танишган киши эса беихтиёр Ҳисоб палатасининг ўз нонини ҳалоллаб еяётганига ишонч ҳосил қилади.

Маълумотларга қараганда, ўтган икки йил давомида айрим халқ таълими бўлими мутасаддилари давлат маблағларини ўзлаштиришда гўёки ўзаро мусобақа уюштирганга ўхшайдилар. Хусусан, умумтаълим мактаблари ходимларига иш ҳақи тўлашда 52,5 млрд. сўм миқдорида хато ва камчиликларга йўл қўйилиб, иш ҳақи маблағларидан 40,2 млрд. сўм ўзлаштириб юборилган. 12,3 млрд. сўм эса кимларгадир нотўғри ва ортиқча тўланган.

19,5 млрд. сўм нақд пул банкдан ортиқча олинган бўлса, 12 млрд. сўм ишламайдиган ходимларга иш ҳақи сифатида берилган. 8,7 млрд. сўм ҳам иш ҳақи қўшиб ёзиш орқали ўзлаштирилган.

Мисол учун, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 4,1 млрд. сўм нақд пул сохта тўлов ведомостларини расмийлаштириш орқали ўзлаштирилган. Андижон шаҳрида 35 ҳолатда 4 444 млн. сўм, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 87 ҳолатда 1 814,2 млн. сўм, Қамаши туманида 81 ҳолатда 1326,7 млн. сўм, Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида 51 ҳолатда 884 млн. сўм ҳамда Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида 131 ҳолатда 342,2 млн. сўм миқдоридаги маблағлар номи бору, ўзи йўқ ўқитувчиларга иш ҳақи сифатида ёзилган.

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида 175 ҳолатда 1 191,2 млн. сўм, Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида 17 ҳолатда 1314,7 млн. сўм, Марҳамат туманида 41 ҳолатда 956,4 млн. сўм миқдоридаги маблағ ходимлар номига ёзилиб, кейин ўзлаштирилган.

Парламент аъзолари “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларига зид равишда 8 449 ҳолатда 56,1 млрд. сўмлик шартномалар тузилганига ҳам эътибор қаратдилар.

Шу ўринда Давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланган усулларини четлаб ўтиш мақсадида шартнома қийматини сунъий равишда бир неча қисмларга бўлган ҳолда 27,3 млрд. сўмлик шартномалар тузилиб, 14,9 млрд. сўмлик, харидлар тўғрисидаги маълумотларни махсус-ахборот порталига киритмасдан 5,4 млрд. сўмлик, танловни шаффоф ўтказмасдан 4 млрд. сўмлик, эълонларда маҳсулот номи (бренд)ни кўрсатиш билан бошқа ишлаб чиқарувчилар иштирокини чеклаш орқали эса 4,5 млрд. сўмлик маҳсулотларни харид қилганлар.

Мисол учун, Қумқўрғон туман Халқ таълими бўлими мутасаддилари 2018 йилнинг 14 ноябрида 210 млн. сўмлик иситиш воситаларини харид қилиш учун уларни 53 та қисмга ажратиб, ҳар бирини 4 млн. сўмдан аукцион ўрнига магазиндан сотиб олишган.

“Ўқув таълим-таъминот” ДУК томонидан Тошкент шаҳар мактабларига жиҳозлар сотиб олиш учун 4 млрд. сўмлик танлов таъсисчилари ўзаро яқин қариндошлар, битта юридик манзилда бўлган ва ишлаб чиқариш қувватига эга бўлмаган ташкилотлар ўртасида ўтказилган. Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш таҳлили ҳам 21 млрд. сўмлик нотўғри харажатларга йўл қўйилганини кўрсатди.

Жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг экспертиза хулосаси олинмасдан туриб, 16,1 млрд. сўмлик лойиҳалар амалга оширилган. Тизимда мавжуд бўлган мажмуалардан фойдаланилмасдан, янги электрон дастур яратиш учун 3,2 млрд. сўм маблағ сарфланган.

Ойлик олиб ишлаётган ходимлар бажариши лозим бўлган ишларга эса бошқалар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари тузилиб, 1,4 млрд. сўм миқдоридаги маблағ тўлаб берилган. Фаолият кўрсатмаган Халқ таълимини ривожлантириш жамғармасини сақлашга эса 350 млн. сўм йўналтирилган.

Қуйидаги мисолларга эътибор беринг: халқ таълими тизимида 527,7 млн. сўмга яратилган “Kitob.uz” электрон дастурий мажмуаси мавжуд бўла туриб, “Халқ таълими тизими корпоратив электрон кутубхоналар тармоғи” лойиҳаси учун 1,2 млрд. сўм маблағ сарфланган.

Янги мактаблар қуриш, капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни жиҳозлашга ажратилган бюджет маблағларининг 27,7 млрд. сўми ҳам нотўғри ишлатилган. Жумладан, бажарилмаган ишларни расмийлаштириш, самарасиз, зарур бўлмаган ишларни бажариш, лойиҳа-смета ҳужжатларига бажарилиши лозим бўлмаган ишларни киритиш натижасида 5,7 млрд. сўм маблағ нотўғри сарфланган.

Масалан, Беруний тумани ҳокими қарори билан қўшимча манбалар ҳисобидан 58-мактаб филиалини қуриш учун 420 млн. сўм тўланиб, далолатномалар орқали қурилиш ишлари қабул қилиб олинган. Ушбу мактаб жойига чиқиб кўрилганда, умуман бино қурилмай, майдоннинг бўш тургани аниқланди.

Паркент туманидаги 39-сонли мактабни капитал реконструкция қилиш учун қиймати 50,4 млн. сўмлик 4 та кондиционер ва 1 комплект “душ кабинаси” ўрнатилмаган бўлса-да, далолатнома билан ушбу жиҳозлар ўрнатилган деб қабул қилинган.

Ангрен шаҳридаги 17-сонли мактабни мукаммал таъмирлаш учун бинонинг қаватлар ораси темир бетон плиталар билан ёпилиб, 4 367,0 метр квадрат ҳажмда коридор ва ўқув хоналарининг шифти (потологи) “Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари”га асосан қуруқ аралашма (шпатлёвка) билан текисланиб, бўёқ сепилиши лозим эди. Аммо амалда гипсокартон билан қопланган, холос. Шунга қарамай, бундай “бунёдкор”лик учун 727,9 млн. сўм маблағ сарфланган.

Шунингдек, далолатномаларда расмийлаштирилган ишлар ўрганилганда 197,8 млн. сўм қийматдаги 1 200,0 метр квадрат том ёпиш ишлари умуман бажарилмагани маълум бўлди.

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги 2-сонли умумтаълим мактабида 125,7 млн. сўмлик, Хоразм вилоятининг Хазорасп туманидаги 9-сонли умумтаълим мактабида 90,6 млн. сўмлик ишлар қоғозларда “бажарилган” холос. 2019 йили мактабларга етказиб берилган 13,9 млрд. сўмлик жиҳозларнинг белгиланган стандарт ва тасдиқланган техник талабларга жавоб бермаслиги ҳам таълим тизимида эгасизлик авж олганини кўрсатади.

Мактаблар омборида 3,8 млрд. сўмлик жиҳозлар фойдаланилмасдан сақланаётганидан ҳам вазирлик мутасаддилари бехабар бўлишлари мумкинмиди? 3 млрд. сўмлик жиҳозлар эса шу кунгача мактабларга етказиб берилмаган. Уларнинг қиммат нархларда сотиб олингани натижасида 901 млн. сўм ортиқча маблағ сарфланган.

Мисол учун, Бекобод шаҳридаги 38-сонли, Қуйи Чирчиқ туманидаги 48-сонли мактаб филиалларида шундай ҳолатларга йўл қўйилган. Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан оз эмас, кўп эмас 12 млрд. сўмлик нотўғри ва ортиқча харажатларга йўл қўйилган. Жамғарма ҳисобидан амалга оширилиши лозим бўлса-да, 10 млрд. сўмлик бюджет маблағлари чет тили дарсликларини асоссиз харид қилишга йўналтирилган.

Шу ўринда ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга ортиқча 1,8 млрд. сўм, стилистик ва орфографик хатолар билан нашр этилган 49 минг 600 нусхадаги 10-синф ўқувчиларининг “История Узбекистана” дарслиги учун 198 млн. сўм самарасиз сарфланганини қандай изоҳлаш мумкин?

Ушбу жамғарма вазирлик сўровномаларига асосан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни харид қилиш ва етказиб бериш харажатларини молиялаштириш билангина чекланиб қолган.

Айрим мактаблардаги спорт заллари ва спорт майдончалари хусусида ҳам ана шундай фикр билдириш мумкин. Гарчи белгиланган талабларга жавоб бермай, уларда спорт иншооти бўлмасада, барчасига белгиланган қоидаларга мос келиши тўғрисида паспорт берилган. Энг ёмони ушбу мақсадларга 1,1 млрд. сўм маблағ сарфланган.

Мисол учун, Спорт иншооти паспорти берилган мактабларнинг 1811 тасида томошабинлар учун умуман ўриндиқлар мавжуд эмас, 1435 таси хавфсизлик ва сигнализация тизими билан таъминланмаган, 390 тасига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонлар етказиб берилмаган.

Чортоқ туманидаги 49-мактабда умуман спорт зали мавжуд эмас. Лекин шунга қарамай, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг “Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш” Маркази томонидан 669 минг сўм йиғим ундирилиб, ушбу мактабга паспорт берилган. Албатта, бундай хулосаларга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай қоласан. Аммо ҳақиқат аччиқ бўлади. Давлатимиз раҳбари барча соҳа ва тизимларда туб ўзгаришларни амалга ошириш, айниқса, таълим тизимини тубдан ўзгартириш мақсадида ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилаётган бир пайтда айрим амалдорларнинг бундай ишларга томошабин бўлиб туришини қандай изоҳлаш мумкин?

Ҳа, чиндан ҳам бугунга келиб, парламентда ана шундай муаммоларга муросасиз муносабат билдирилмоқда. Агар хатолардан тегишли хулоса чиқарилавермаса, эртага бирон-бир депутатнинг “Жаноб вазир, истеъфога чиқмайдиларми?” деб юбориши ҳам ҳеч гап эмас.

Умид АРСЛОНБЕКОВ,

сиёсий шарҳловчи

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?