Ховоснинг янги тарихи ёзилмоқда: 17 кунда янги тикувчилик корхонаси ишга туширилди

10:55 11 Март 2019 Жамият
559 0

Аёллар юзидаги табассум наинки оилалар, балки халқ ҳаётининг ҳам ўзига хос барометридир. Мамлакатимиз раҳбари ғояси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби дастурлардан кўзланган мурод-мақсад ҳам, аввало, чекка-олис ҳудудлардаги хотин-қизларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун етарлича шарт-шароит яратишдан иборат.

Айниқса, хотин-қизларни ҳам доимий иш ўрни, ҳам уй-жой билан таъминлашда ўтган йили ўзига хос “Мирзачўл тажрибаси” яратилди: Мирзачўл тумани маркази — Гагарин шаҳри қисқа муддатда таниб бўлмас даражада ўзгартирилди. Хусусан, эски барак кулбалар ўрнида янги замонавий уй-жойлар қурилиб, уларнинг катта қисми имтиёзли ипотека кредити эвазига ижтимоий ҳимояга муҳтож, меҳнатга лаёқати чекланган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга ажратилди. Бу аёлларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг барқарор даромад топиб, кредит тўлаши учун эса “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси” барпо қилинди. Бу билан 300 нафар хотин-қиз ҳам доимий иш жойига, ҳам ўз уйига эга бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур “Мирзачўл тажрибаси” мамлакатимиз миқёсида кенг масштабда татбиқ этилмоқда. Президентимиз шу йилнинг 19 февраль куни Ховос туманига ташриф буюриб, Ховос шаҳарчасининг бош режаси билан танишиш асносида “Мирзачўл тажрибаси” асосида Ховос шаҳарчасининг янги марказини бунёд этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор хотин-қизларни ҳам доимий иш, ҳам уй-жой билан таъминлаш мақсадида вилоятда 32 та тикувчилик мажмуасини ташкил қилиш ва шу асосда 4 минг 200 нафардан зиёд хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича топшириқ берган эди.

Мамлакатимиз раҳбарининг бу эзгу ташаббуси қарийб 40 йилдан бери эътибордан четда қолган, оғир-мураккаб турмуш тегирмонида қийналиб кун кечирган ховосликларни руҳлантириб, уларнинг кучларига куч, ғайратларига ғайрат қўшди. Ховос эли уйғонди. Шунга яраша марра ҳам катта олинди.

“Гулистон сити”дан кейин “Ховос сити” учун ҳам тамал тоши қўйилди, рамзий қозиқ қоқилди. Бу — вилоятда иккинчи марказий шаҳар қурилишига асос солинди, дегани. Ховосда охирги эллик йил давомида биронта ҳам кўп қаватли уй қурилмаган. Одамлар эски, тор, зах уйларда яшаб келган. Янги марказ ҳудудида эса 5 қаватли 30 та тураржой биноси, уйларнинг биринчи қаватида савдо дўконлари барпо қилинади. Икки сотихли 100 та арзон уй-жойлар, мактабгача таълим муассасалари, мактаб, тиббиёт муассасаси, маданият саройи ва бошқа кўплаб маъмурий бинолар қад ростлайди.

Мана, бу лойиҳанинг илк натижаси ҳам бўй кўрсатди: Ховос туманининг Бунёдкор маҳалласидаги қаровсиз, ташландиқ, шўр босган жойда қисқа муддат — 17 кун ичида энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган тикув мажмуаси янгидан барпо этилди. Бунинг натижасида маҳалладаги 140 нафар хотин-қиз доимий иш ўрни билан таъминланди.

“Sirdaryo baraka chevarlari” корхонасининг очилиш маросимида таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ғояси билан Ховоснинг янги тарихи яратилмоқда, мазкур корхона эса ушбу бунёдкорлик солномасининг илк муждасидир.

Мажмуанинг барпо этилиши билан тумандаги иш билан банд бўлмаган хотин-қизларнинг моддий фаровонлиги ошади. Шу тариқа улар имтиёзли ипотека кредити эвазига “Ховос сити” ҳудудидан қурилаётган тураржойлар билан таъминланади. Яъни аёллар ҳам ишли, ҳам уйли бўлади. Давлатимиз раҳбари Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганидек, ўзининг уй-жойига, иш ўрнига эга бўлган ҳар бир аёлнинг ортида оиласи, фарзандлари, ота-онаси, яқинлари борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, қанча хонадонга қувонч кираётгани, қанча одамнинг руҳи кўтарилиб, уларда ҳаётга, келажакка ишонч пайдо бўлаётгани биз учун энг муҳим натижадир.

Корхона тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, йилига 8 миллион дона турфа тайёр маҳсулотлар — сочиқлар, болалар ва катталар кийимлари, чойшаблар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг 60 фоизи экспортга, қолгани ички бозорга йўналтирилади. Хом ашё эса маҳаллий корхоналардан олинмоқда.

Аёлларнинг ишли бўлиши — соғлом оила, кучли жамият барпо қилишнинг мустаҳкам асосидир. Айниқса, турмушнинг оғир зарбаларига учраган, меҳнатга лаёқати чекланган, мураккаб ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг доимий иш билан таъминланиши уларнинг ҳаётига янги мазмун, катта мақсадлар олиб кирмоқда.

Ховосда янги тикувчилик мажмуасининг барпо қилиниши катта байрамга айланиб кетди. Ховос ҳаётида том маънода Наврўз — янги кун бошланди. Табиатга ҳамоҳанг бугун Сирдарёнинг энг олис-чекка ҳудудларидан бири Ховосда ҳам уйғониш фасли бошланди. Бунёдкорлик руҳи, эртанги нурли ҳаётга интилиш одамларни янги-янги марраларга ундамоқда. Аслида ҳам бунёдкорлик маданияти, ободлик завқи, тўкис-фаровон шароит инсонни ҳам, халқни ҳам улғайтиради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019