Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш устувор вазифалардандир

00:38 02 Февраль 2019 Жамият
794 0

Ўзбекистон Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганига бир йил тўлди.

Шу муносабат билан 1 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг анжуманлар залида Фармон ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ва келажакдаги вазифалар белгилаб олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Лайло Рустамова хабар берди.

Айтиш жоизки, Фармонга асосан, ижтимоий оғир аҳволдаги аёлларни ҳимоя қилиш хотин-қизлар тизимининг устувор йўналишига айланди. Хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошди, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласи янги босқичга кўтарилди, ҳуқуқий онги ва маданияти юксалди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти тубдан ўзгартирилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, Фармон доирасида Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 та қарори, Ҳукуматимизнинг 6 та қарори, 4 та фармойиши ва 12 та чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.

Юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг барча соҳада тенг ҳуқуқли меҳнат қилишининг ҳуқуқий асослари яратилган.

2018 йилда республика бўйича 47 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган, шундан 14 минг 600 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, улар билан манзилли ишлар олиб борилди.

Уларнинг 14 минг нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 13 минг 500 нафарининг бандлиги таъминланди, 22 минг нафарига 21 млрд. сўмлик миқдордаги моддий ёрдамлар берилди.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 1 минг 464 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизларга арзон уй-жойлар учун 54,6 млрд. сўм бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида Қўмитага хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 13 минг нафар хотин-қизни иш билан, 1600 нафар хотин-қизни уй билан таъминлаш вазифасини топширди. Қўмита томонидан бу борада аниқ режалар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда.

Фонд маблағларидан ҳар йили 1600 нафар аёлга уй-жой суммасининг бошланғич бадалларини шакллантиришга амалий ёрдам берилади.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди учун ажратилаётган маблағлардан ногиронлиги бўлган хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш, уларни реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилади.

Таъкидлаш керак, 2018 йилда бандлик дастурлари асосида яратилган иш ўринларига хотин-қизлар қўмиталари ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан уйма-уй юриш орқали аниқланган 245 минг нафар ишсиз хотин-қизлар ишга жойлаштирилди. Маҳаллалар кесимида манзилли рўйхатлар шакллантирилиб, алоҳида дастур асосида 10 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар бандлиги таъминланди ва бунга 38 млрд. 261 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Бугун ҳудудларда 159 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ишлаб турибди.

Хотин-қизлар қўмитасининг республика бўйича ягона қисқа рақамли (1146) “Ишонч телефони” ташкил этилиб, хотин-қизларнинг мурожаатларини ҳар куни 24 соат давомида қабул қилиш тизими йўлга қўйилди. Ҳозирги кунгача бу орқали 12 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди.

Ўтган йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси марказий аппаратига жисмоний ва юридик хотин-қизлардан жами 7296 та мурожаат келиб тушган. Шунингдек, йил давомида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни қўмита раиси томонидан 803 нафар фуқаро қабул қилинган, “сайёр қабул”лар доирасида 1870 нафар фуқаронинг муаммоларига ечим топилган.

Республикамизда хотин-қизлар жиноятчилигини камайтириш бўйича олиб борилган профилактик ишлар натижасида хотин-қизлар жиноятчилиги 2017 йилда 11 фоиз камайган бўлса, 2018 йилда 35,7 фоиз камайишига эришилди.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд жараёнларида қўмита вакилларининг иштирокини таъминлаш тизими жорий этилиши туфайли 2018 йилда 113 нафар жиноят ва 780 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган хотин-қиз кафиллик асосида жазодан озод этилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019