Хотин-қизларга зўравонликнинг кўпайиши матбуотнинг эркинлашиши билан боғлиқми?

11:33 23 Август 2019 Сиёсат
372 0

Зиёда Ашурова, Мунисхон Каримова/ “Халқ сўзи”- Online. Кун тартибидаги яна бир масала сенаторлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

“Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг долзарблигини изоҳлаш учун ҳозирги кунда кўпчилик эътиборини тортувчи интернет нашр ва сайтларини кўздан кечиришнинг ўзи кифоя, дея эътироф этди сенатор Зайниддин Низомхўжаев.

Чунки аксарият хабарлар аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида эканлигига гувоҳ бўламиз. Деярли ҳар куни ушбу муаммога оид инсон қалбини ларзага келтирадиган хабарлар интернет саҳифаларини эгаллайди.

Бундай фактлар дунё ахборот тармоқларида кенг тарқалиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари борасида олиб борилаётган ҳаракатларни қадрсизлантираяпти.

Ўз ўзидан савол туғилади: хотин қизларга тазйиқ ва зўравонлик яқиндан бери авж олдими ёки бу аввалдан мавжуд эдими?

Албатта, бу каби фактларнинг кўпайиши матбуотнинг эркинлаша бошлагани билан боғлиқ. Зўравонлик иллати ҳақида узоқ вақт мамлакатимизда ҳеч нима дейилмади ва бугун бу тўғрисида очиқ гапирилмоқда.

Ушбу ижтимоий муаммонинг оғир оқибатлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижобий жараёнларга салбий таъсири сезиларли даражада эканлиги билан ҳаммамизни хавотирга солмоқда.

Одатда бизда аёллар бундай ҳолатга дуч келган тақдирда, ҳатто яқинларига ҳам айтишмайди, қўрқишади ёки истиҳола қилишади. Аммо бу вазиятни ўзгартириш вақти келди.

Қонунда Хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонликнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар ва уларни қўллаш учун асослар аниқ кўрсатиб берилган.

Қонуннинг маъқулланиши айнан мана шу ҳолатнинг олдини олишга ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи ошишига хизмат қилади. Қонун аёлларга нисбатан зўравонликни олдини олишга ва унга чек қўйилишига ҳуқуқий асос яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?