Хорижликларга она тилимизни ўргатувчи янги дарслик — «Ўзбекона»

19:00 14 Июль 2020 Жамият
418 0

Бугун давлат тилини ривожлантиришга, унинг нуфузини оширишга қаратилаётган эътибор, ўзбек тилининг дунё минбарларида янграши учун қилинаётган ҳаракатлар ўзбек тилини нафақат она тили, балки хорижий тил сифатида ҳам ўқитиш учун амалий ишларни бажаришни тақозо этмоқда. Янги «Ўзбекона» дарслиги ҳам анчадан бери долзарб ва ечимини кутаётган масала, яъни ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитишни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

«Ўзбекона» дарслиги хорижий тилни эгаллашнинг умумевропа компетенциялари тизимига асосан А1 даражани эгаллаш имконини берувчи дарслик бўлиб, у 9 та бўлим, 3 та назорат блоки, аудиолар ва қўшимча материаллар каби қисмлардан иборат.

Ушбу дарслик Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети докторанти Гулрухсор Эргашева ҳамда Ўзбек тили факультети талабаларининг МЎЪТУЛ жамоаси томонидан, педагогика фанлари номзоди, доцент Саодат Адилова илмий раҳбарлигида яратилди.

Китобда мавжуд қўлланма ва электрон ресурслардан фарқли равишда мавзулар тизимли ва изчил ёритилган, интегратив ва коммуникатив методлар уйғунлаштирилган, воситачи тилдан фойдаланилмаган. Буларнинг барчаси ўрганувчининг тил муҳитига тезроқ кириб боришини таъминлайди. Шу билан бирга, машқларнинг вариативлиги таъминланган, «оддийдан мураккабга» методик принципига амал қилинган. Ҳар бир саҳифа, ҳар бир машқда миллийликни акс эттиришга ҳаракат қилинган ва умуминсоний қадриятлар сингдирилган.

Дарсликда таклиф этилаётган аудио материаллар соф аутентик эмас, балки ўқув-аутентик материал ҳисобланади. Зеро, А1 даража учун айнан шу турдаги аутентик материалдан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Ушбу дарсликда тилни ўқитувчи билан ҳам, мустақил ўрганиш учун ҳам кенг имкониятлар яратилган. Масалан, ҳар бир бўлим мантиқий кетма-кетликда берилган 5 қисмдан иборат. Ўрганувчи расмлар орқали ҳам янги мавзуни, машқ-топшириқни бажариш йўлини тушуна олади. Дарслик сўнгида синов материаллари, аудиолар, сўзлашиш учун ҳар бир мавзуга тегишли саволлар ҳамда луғатнинг мавжудлиги тил ўрганувчига кўплаб қулайликлар яратади.

Қўлланманинг дизайни ҳам алоҳида аҳамиятга эга – ҳар бир саҳифа тил ўрганувчида ўзбек тили ва маданияти ҳақида муайян таассурот қолдиради. Китоб хорижий тил ўқитишнинг ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш, гапириш, ёзиш кўникмаларини тўлақонли қамраб олган.

Ишонамизки, ушбу дарслик ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитишда катта ва дадил қадам бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?