Хорижий валютани эркин сотиб олиш ва сотиш масаласи муҳокама қилинди

14:59 23 Июль 2019 Иқтисодиёт
276 0

Иллюстратив фото

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Бу ҳақида қуйи палата матбуот хизмати “Халқ сўзи“га маълум қилди.

Хусусан, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, мазкур лойиҳада валютани тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлигини, валюта операцияларига давлат органларининг ноқонуний аралашувига йўл қўйилмаслиги, валюта курсини аниқлашда фақатгина бозор механизмлари қўлланишини назарда тутувчи қоидалар белгиланмоқда. Шунингдек, амалдаги қонундаги баъзи нормалар ўзининг долзарблигини йўқотгани сабабли тубдан қайта кўриб чиқилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, хорижий валютани эркин сотиб олиш ва сотиш имконияти ҳамда миллий валюта айирбошлаш курсини бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда белгиланиши мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозордаги рақобатдошлиги, рентабеллигини ошириш билан бир қаторда, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан янги технологиялар ва билимларни жалб этиш, экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Маълумот учун, ўтган йил кузда Марказий банк раҳбари М.Нурмуратов валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири тайёр эканлигини билдирганди. Ўшанда у ҳужжат таклиф ва тавсиялар олиш учун халқаро молия институтларига экспертизага берилганини маълум қилганди.

Ўтган йилги Давлат дастурида ҳам “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш белгилаб берилган, бу валюта бозорини либераллаштиришга хизмат қилиши кўрсатиб ўтилганди.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Суд фақат жазо тайинловчи орган деган эски тушунчалар, қонун нормалари эса, шундай жазоларни қўллаш учун ҳуқуқий асос деган нотўғри талқинлар депутатларнинг сўнгги йиллардаги қатор саъй-ҳаракатлари туфайли, ўзгараётгани, жамоатчилик томонидан депутатларнинг қатор таклифлари, ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани сир эмас. Ушбу қонун лойиҳаси устида олиб борилган ишларда ҳам депутатларимиз суд ҳам, қонунлар ҳам адолат ўрнатишга хизмат қилиши зарур, деган ғояга суяниб, уни такомилига етказдилар. Лойиҳа муҳокамаси давомида ҳам унинг асл моҳиятини сақлаб қолишга ҳаракат қилдилар. Шунинг учун ҳам мажлисда кўриб чиқилган қонун лойиҳалари ичида энг кўп овоз тўплаб қабул қилинган ҳужжатлардан бири мазкур лойиҳа бўлди.

Лойиҳа суд томонидан жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган санадан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизи ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда тўланган тақдирда у қолган суммани тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи маъмурий жарима солиш тўғрисидаги қарорларни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этишни назарда тутади. Маъмурий жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест келтирилганда, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганида қўлланилмаслиги қайд этиб ўтилган.

Депутатларнинг қайд этишича, таклиф қилинаётган ўзгартиришларнинг амалиётда қўлланиши фуқароларни тайинланган жарималарни ўз вақтида тўлашга рағбатлантиради, улар учун қўшимча қулайликлар яратади, шунингдек, маблағлар ўз вақтида Давлат бюджетига келиб тушишини таъминлайди.

Мажлисда, шунингдек, Мажлисда “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳамда қуйи палата ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019