Хориж ОАВ: Ўзбекистоннинг ядро энергетикасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлари мутлақо тўғри ва ниҳоятда оқилона қарордир

10:00 26 Июль 2018 Жамият
252 0
Иллюстратив фото

Олимларнинг фикрича, атом энергияси ҳажми, узоқ муддатга етиши ва самарадорлигига кўра бугун дунёда мавжуд барча энергия манбаларидан устун туради.

Ўзбекистоннинг яқин келажакда ушбу энергиядан фойдаланадиган давлатлар сафига кириши тўғрисидаги хабар қисқа муддатда халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди.

Хусусан, Ҳиндистоннинг “The Economic Times” газетасида чоп этилган мақолада 32 миллиондан ортиқ аҳолига эга республикамизнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи, асосан, газ ва кўмир ҳисобига ҳамда гидроэлектростанциялар орқали қондирилаётгани айтилади. “Аҳоли сонининг тез суръатлар билан ўсиб бораётгани, газ ва кўмир ресурсларининг чекланганини назарда тутган ҳолда Ўзбекистоннинг ядро энергетикасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлари мутлақо тўғри ва ниҳоятда оқилона қарордир”, деб ёзилади нашрда.

Ушбу мавзу юзасидан фикр юритилар экан, Сингапурнинг “The Strait Times” газетасида сўнгги вақтларда Ўзбекистон юритаётган очиқлик сиёсати туфайли мамлакатга кўплаб хорижий сармоядорлар кириб келаётгани ва янгидан-янги ишлаб чиқариш корхоналари қурилаётгани натижасида энергияга эҳтиёж кескин ортгани қайд этилади.

Республиканинг салмоқли уран захираларига эгалиги атом соҳасини тараққий топтириш учун катта имконият яратади: “Дунёнинг қатор давлатлари атом электр станциялари учун хом ашёни четдан импорт қилишга мажбур бўлиб, бу маҳсулот таннархига салбий таъсир кўрсатади. Ўзбекистон эса табиий ресурслари, жуғрофияси ва иқлими жиҳатидан қулай шарт-шароитларга эга. Натижада ишлаб чиқарилган энергияни нафақат аҳолига арзон нархда етказиб бериш, балки истиқболда экспорт қилиш ҳам мумкин”.

Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлиги тарқатган мақолада кейинги вақтда чет эл компаниялари Ўзбекистоннинг ядро энергияси соҳасидаги имкониятларига катта қизиқиш билдираётгани таъкидланади.

Жумладан, ўтган йили Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси делегацияси республикага ташриф буюргани эслатиб ўтилади. Томонлар тинчлик мақсадларида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик юзасидан битим имзолаган эди. Ҳужжат мазкур соҳада аниқ йўналтирилган лойиҳалар ва илмий тадқиқотларни амалга оширишга қаратилган. “Anadolu” журналистлари Ўзбекистон радиоизотопларни ишлаб чиқариш ва уларни саноат, тиббиёт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўллаш борасида салмоқли салоҳиятга эгалигини алоҳида таъкидлайди.

“ЎзбекистондаАтом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилади”. Россиянинг “Eurasia Daily” ахборот-таҳлилий порталида жойлаштирилган шарҳ шундай номланган. Мақолада айтилишича, янги тузилма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фаолият юритади. Агентлик атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи саналади.

“Интерфакс” ахборот агентлиги (Россия) мухбири эса атом энергетикаси соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳукуматимизнинг режалари ҳақида фикр юритган. Хусусан, жорий йилнинг охиригача Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетига янги квоталар ажратилиши билдирилган. Мазкур йўналишда таълим оладиган талабалар учун атом энергетикасининг аниқ мутахассисликлари юзасидан хорижий таълим муассасаларида ўқиши ва амалиёт ўташи учун шароитлар яратилиши хусусида сўз юритилган.

Беларуснинг марказий “Беларусь телеграф агентлиги” (“БЕЛТА”) Ўзбекистон Халқаро атом энергияси агентлиги, Атом энергияси бўйича Европа ҳамжамияти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни кенгайтиришни режалаштираётгани ҳақида хабар қилади. Ушбу ҳамкорлик атом энергетикаси соҳасига хорижий инвестицияларни ва илғор технологияларни жалб этишга кўмаклашади, деб ёзади беларуслик журналистлар.

Озарбайжоннинг “Тренд” ахборот агентлиги шарҳловчиларининг фикрича, Ўзбекистоннинг ядро энергетикаси бозорига кириб бориши бу ердаги “кучлар мувозанати”ни ўзгартириб юбориши мумкин. “Кўп сонли аҳоли, катта миқдордаги табиий ресурслар ва салмоқли инфратузилмавий имкониятларга эга республика жаҳон атом энергетикаси бозорида муҳим субъектга айланиши кутилмоқда”.

Анвар МИРЗАЕВ
(«Халқ сўзи») тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар