Хориж ижодий гуруҳларига дронларни Ўзбекистонга вақтинча олиб кириш учун рухсат берилди

10:41 31 Май 2018 Жамият
1431 0
Фото: geeksus.ru

Мамлакатимиз маданий-тарихий мероси ва табиат бойликларини кенг тарғиб қилиш, илгари суриш мақсадида хорижий ижодий гуруҳларга республика туризм салоҳияти ҳақида фото ва видеоматериллар тайёрлашлари учун учувчисиз учиш қурилмалари, жумладан, дронларни вақтинчалик олиб киришга рухсат берилмоқда. Бу ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Шу мақсадда, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 майдаги қарори билан 2014 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан санкциясиз фойдаланишда огоҳлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Янги тартибга кўра, учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланишни истовчи чет эллик ижодий гуруҳлар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбеккино” Миллий агентлигига шу каби қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб киришга рухсат берилишини сўраб мурожаат қилиши керак. Бунда ижодий гуруҳ ва суратга олинадиган жой ҳақида маълумотларни кўрсатиб ўтиш зарур бўлади.

Юқоридаги ташкилотлардан бири бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш Давлат инспекциясини хабардор қилади. Сўнгра ижодий гуруҳга олинган рухсатномани беради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар