Хориж брендлари томонидан тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан бойкот қўйиш асоссиз ва ноўриндир

09:08 24 Февраль 2020 Иқтисодиёт
326 0

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирокида Тошкент халқаро инвестицион форумига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу тадбирда вазир Ўзбекистоннинг сармоявий иқлимини ҳар томонлама яхшилаш доирасида Cotton Campaign халқаро коалицияси вакиллари билан ҳамкорлик қандай ривожланаётгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур коалиция фаоллари охирги марта юртимизга шу йил февраль ойида ташриф буюришган эди. Улар сафар доирасида инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан ҳам учрашишди. Унда мамлакат раҳбари томонидан мажбурий меҳнатни йўқ қилиш бўйича эришилган муваффақиятлар, шунингдек, ушбу соҳада халқаро ноҳукумат ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш йўллари муҳокама этилди.
 

Матбуот анжуманида С.Умурзоқов мазкур мулоқотлар якунига изоҳ берар экан, Cotton Campaign коалицияси билан ишончли муносабатларни қуришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

— Февраль учрашувида мен бугунги кунда хориж брендлари томонидан тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан бойкот қўйиш асоссиз, ноўрин эканлиги, энг асосийси, бу республикада хусусий бизнесни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётганини тушунтиришга ҳаракат қилдим, — деди вазир. — Ҳозирга пайтда давлат тўқимачилик тармоғида иштирок этмаяпти. Яъни бутун тармоқ мулкдорларга тегишлидир.

У Ўзбекистонда тизимли ёки доимий мажбурий меҳнат қайд этилмаганини тасдиқлади.

— Республика мажбурий меҳнатга қарши курашишда инқилобий қадамлар ташламоқда, — деди у. — Хусусан, меҳнаткашларнинг иш ҳақлари ва мажбурий меҳнатни қўллаганлик учун жарималар ҳажмлари ошириляпти, кластер тизими жорий этилмоқда, мажбурий меҳнатга нисбатан жазо чоралари кучайтирилмоқда.

Якунда у коалиция вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик шарофати билан ушбу ташкилотни мамлакатимиз ҳамкори сифатида эътироф этиш мумкинлигини қўшимча қилди.

Cotton Campaign 2019 йилга пахта йиғим-терими бўйича тегишли қарорини шу йил баҳор ойида чоп этиши кутиляпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?