Хоразмлик 80 ёшли Раҳмон бобо уйида кутубхона ва музей ташкил қилди

17:49 20 Июль 2018 Маданият
393 0
Название

Тарих фанлари доктори, профессор, халқаро “Антик дунё” академияси аъзоси Раҳмон Машарипов умр бўйи халқимиз қалбига зиё тарқатиш, ёшларга илм бериш билан машғул бўлиб келмоқда.

Гап шундаки, хоразмлик Раҳмон бобо қарийб олтмиш йил давомида уйида ажойиб кутубхона ва “Тожмаҳал” деб номланган тарих ҳамда ўлкашунослик музейини ташкил қилди.

Раҳмон бобо бу ҳақда “Халқ сўзи” мухбири Одилбек Одамбоевга батафсил сўзлаб берди. “Йиллар давомида тўплаган бойлигим мана шу мўъжазгина ҳовли-жойимнинг тенг ярмини эгаллаган. Улар 12 тилда чоп этилган 10 мингдан ортиқ илмий, бадиий, тарихий китоблар, тарих ва этнографияга оид мингдан зиёд музей экспонатлари, ноёб фотосуратлардан иборатдир. Уйимнинг қолган қисмида фарзандларим, невара-чевараларим билан истиқомат қиламан. Муҳими, шахсий кутубхонамдан оилам, дўсту биродарларим, таниш-билишлар, маҳалладошлар фойдаланиб келишяпти.

Ҳар ой нафақа пули қўлимга тегиши билан янги китоблар харид қилиш учун вилоят марказидаги китоб дўконларига бораман. Бу менга одат бўлиб қолган. Аммо шу ўринда бир кичик муаммони айтиб ўтмасам бўлмас. Гап шундаки, тўпланган қадимий осори атиқаларнинг бир қисмига жой етишмаяпти. Шу боис маҳаллий ҳокимлик бино масаласида имконият даражасида кўмаклашса, музей ҳамда кутубхона фаолиятини янада кенгайтирар эдим”, - дейди завқ билан Раҳмон бобо.

Дарвоқе, Раҳмон бобо очган кутубхонанинг бошқаларидан фарқли яна бир жиҳати бор: мазкур масканда дам олиш куни ва соати белгиланмаган. Зиё масканининг эшиклари илм аҳли ҳамда қизиқувчилар учун ҳамиша очиқ.

Название

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар