Хоразмда СЧР хизматчилари учун янги ётоқхона ва санитар тизим фойдаланишга топширилди

15:11 28 Август 2020 Жамият
196 0

2003 йилда Ўзбекистон армиясида янги ҳарбий хизмат тури сифатида жорий этилган Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат иш-жойидан, ўқишидан узилмасдан ҳарбий хизматни ўташ имкони борлиги билан юртдошларимизга манзур бўлмоқда.

Энг улуғ ва энг азиз айёмимиз, Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги сафарбарлик чақируви резерви батальонида янгитдан барпо этилган 250 ўринли аскарлар ётоқхонаси ҳамда бир вақтнинг ўзида 490 кишига хизмат кўрсатиш қудратига эга бўлган санитар тизим бинолари ҳамда иситиш тизими фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, Шовот туман ҳокими Ҳакимжон Отахонов, туман «Нуроний» жамғармаси раиси Қадамбой Матсапаев, қурувчилар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар охирги йилларда ҳарбий соҳага эътибор кўпайиб бораётгани, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар-хизмат фаолияти билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани, ҳарбий объектларнинг қурилиши кенг кўламда олиб борилаётганини эътироф этди.

Тадбир давомида ушбу қурилиш ишларининг сифатли бажарилишига бош-қош бўлган «Шиддат монолит» ҳиссадорлик компанияси раҳбари Темур Норбоев ҳамда «Шовот тараққиёт» МЧЖ раҳбари Нодир Норбоевга ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан миннатдорчилик билдирилди.

Шунингдек, ҳарбий қисмдаги қурилишлар ва янгиланишлар қаторида ҳудуддаги йўлаклар ва саф майдонига бетон ётқизилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди.

Таъкидлаш жоизки, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли, ҳарбий хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига муддатли ҳарбий хизматга чақирилмаган шахслар СЧР сафига олинадилар.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган чақирилувчилар олинади ва улар махсус ҳисоб рақамга пул бадалини тўлаганларидан сўнг ойлик ҳарбий йиғинларга жалб этилади. Ойлик йиғинни ўтаб, Ватанга қасамёд қабул қилганларга ҳарбий гувоҳнома берилади.

Мамлакатимиз бўйлаб Коронавирус пандемияси билан кескин кураш туфайли жорий этилган карантин сабаб, СЧР хизматига чақирув вақтинча тўхтатилган эди. Юртимиз бўйлаб эпидемиологик вазиятнинг барқарорлиги инобатга олиниб, шу йилнинг сентябрь ойида навбатдаги чақирувга рухсат берилиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?