Хоразмда “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ўтказилмоқда(фото)

11:03 16 Сентябр 2019 Жамият
155 0

Қадимий ва навқирон Хива яна бир нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ўтказиляпти.

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 4 майдаги “2017-2021 йилларда Хива шаҳри ва Хоразм вилояти сайёҳлик салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, воҳага ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар орасида бой маданий меросимизни кенг тарғиб этиш ва шу орқали “Арт” туризмини ривожлантиришга қаратилган мазкур санъат байрамида дунёнинг 20 га яқин давлатидан рақс санъати усталари, республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган фольклор жамоалари иштирок этяпти.Фестивал тадбирларини бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар кенг ёритиб бормоқда.

Қўҳна Арк, Жума масжиди ва Ота дарвоза олдидаги майдон ҳар қачонгидан гўзал ва мафтункор қиёфа касб этган.Фестиваль доирасида бу ерда “Ўзбекистон миллий рақс санъати” фотокўргазмаси, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилинди.Вилоят мусиқали драма театри ва Хива қўғирчоқ театрининг саҳна кўринишлари, масхарабозлар, дорбозлар томошалари, Хоразм нонларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ва маҳаллий стилистлар томонидан тайёрланган шоу дастурлар иштирокчиларга бир олам завқу шавқ улашди.Рақс санъати усталари билан ижодий учрашувлар,маҳорат дарслари,сайёр концерт дастурлари уюштирилди. “Улли ҳовли” сайёҳлик марказида ўтказилган конференция жаҳон халқлари рақс санъати тарихи ва ривожланиш босқичлари,келгуси истиқболлари ҳақида қизғин фикр алмашув, мунозаларга бой бўлди.Турли миллат вакиллари ижросидаги жозибадор рақслар санъатнинг бу тури таржимон ва изоҳга муҳтож эмаслигини, у элларни элларга,дилларни дилларга боғловчи мустаҳкам восита эканлигини яна бир бор исботлади.

Гайатхри Шарма – фестивал иштирокчиси (Ҳиндистон):

– “Рақс сеҳри” халқаро фестивали – бу маҳорат, истеъдод, гўзаллик байрамидир. Эртакмонанд шаҳарнинг бетакрор жозибаси фестивал шукуҳи ва тароватини янада оширди.Эътиборли жиҳати,фестивалда ижро этилган рақсларнинг ҳар бирида ўша халқнинг миллий тарихи, қадриятлари ўз аксини топган.Биз ҳам миллий рақс санъатимиз намуналарини ижро этиб бердик.Юртингизда ҳинд рақсларини жуда катта қизиқиш билан томоша қилишлари кўриб ниҳоятда тўлқинланиб кетдим. Келгуси йил Хивага, рақс байрамига яна келишни ният қилиб қоламан.

Ассиа Нишел – сайёҳ (Франция):

–Эрталабдан Ичанқалъа узра янграётган ўйноқи наволарни эшитиб кайфиятимиз кўтарилди. Миллий либослардаги йигит ва қизларнинг рақсларни юксак маҳорат билан ижро этаётганлигини кўриб қойил қолдик. Жўшқин куй ва қўшиқлар беихтиёр бизни рақсга чорлади. Соз сеҳридан тўлқинланиб мен билан келган ҳамюртларим ҳамда бошқа чет эллик сайёҳлар қадимий бош кийим-чўгирмани кийиб, раққос ва раққосаларга қўшилиб ўйинга тушдик. Бу замин нафақат тарихий обидалари ва ширин-шакар мевалари,ажойиб миллий урф-одат ҳамда анъаналари,балки бетакрор санъати билан ҳам мени мафтун этди.Фестиваль доирасида ташкил этилган қатор кўргазмалар ва унда акс эттирилган ўзбек ҳунармандларининг, тасвирий санъат усталарининг асарлари менда катта таассурот қолдирди.

Гавҳар Матёқубова – Ўзбекистон давлат филармонияси Хоразм вилояти бўлинмаси саҳналаштирувчибалетмейстери, Ўзбекистон Халқ артисти:

–Миллий маданиятимизни дунёга танитадиган ушбу санъат фести- валининг айнан Хоразмда ўтказилаётгани бежиз эмас.Негаки, бу замин ўзининг бетакрор рақс санъати, ”Норим-норим”,”Оразибон”,”Бир юз бир”,”Алиқамбар” каби дурдоналари билан бутун жаҳонда довруқ қозонган.Айниқса илоҳий мўъжиза сифатида эътироф этиладиган,жонбахш “Лазги” куйи чалинганда нафақат кекса-ю ёш юртдошлармиз,балки хорижликлар ҳам беихтиёр рақсга тушиб кетишди. Ушбу фестиваль янги истеъдодларни излаб топиш ва кашф этиш,миллий маданиятимизни дунёга намойиш қилиш ҳамда бошқа халқлар рақс санъати билан яқиндан танишиш имконини беради.Олтмиш йилга яқин ижодий фаолиятим давомида 90 дан зиёд миллий рақсларни яратдим.Бугун ушбу нуфузли анжуман саҳнасида бу рақсларни шогирдларим зўр маҳорат билан ижро этаётганидан бахтиёрман.

Уч кун давом этадиган санъат ва нафосат байрами халқимиз маданиятининг илдизлари нақадар теранлигини яна бир бор жаҳонга намоён этади.Шу билан бирга ёш авлод қалбида ўзликни англаш,аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросига чин ворислик, азалий қадриятларимизга эҳтиром туйғуларини уйғотади.

Одилбек Одамбоев

(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019