Хоразмда Паҳлавон Маҳмуд ҳақида фильм суратга олинади

11:50 09 Сентябр 2020 Маданият
209 0

«Ўзбеккино» миллий агентлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда буюк мутафаккир, шоир ва курашчи Паҳлавон Маҳмуд ҳақида «Афсонадаги ҳақиқат» номли бадиий фильмни суратга олиш режалаштирилмоқда. Полвонлар пири деб нисбат бериладиган, умр бўйи кураш тушиб кураги ерга тегмаган Паҳлавон Маҳмуд тўғрисида халқ орасида турли афсоналар юради. Суратга олиниши режалаштирилаётган фильм сценарийсида ҳам Пирёйвалий дея ном қозонган улуғ бобокалонимизнинг мислсиз жасоратлари, бой маънавий мероси ана шундай ривоятларга йўғрилган таъсирчан саҳна кўринишлари орқали очиб берилади.

Фильмнинг постановкачи режиссёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамидулла Ҳасанов. Ҳозир суратга олиш ишларига тайёргарлик жараёнлари давом этмоқда. Фильм премьераси 2021 йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги буюртмаси асосида Хоразм заминидан етишиб чиққан яна бир буюк аждодимиз, сўнгги Хоразмшоҳ — Жалолиддин Мангуберди ҳақида кўп қисмли бадиий фильмни суратга олиш жараёнлари Туркияда давом этмоқда.

Одилбек Одамбоев,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?