Хоразмда Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес форуми бўлиб ўтди

10:34 27 Сентябр 2018 Иқтисодиёт
842 0
Фото: Одилбек Одамбоев / "Халқ сўзи"

Қозоғистон Республикасининг Мангистау вилояти ишбилармон доиралари вакиллари, илм-фан, маданият ва санъат намояндаларидан иборат делегация амалий ташриф билан Хоразм вилояти бўлди. Делегацияга Мангистау вилояти ҳокими Ерали Тугжанов раҳбарлик қилди.

Ташриф доирасида Урганч шаҳрида ўтказилган бизнес-форумда ҳар иккала вилоятнинг қишлоқ хўжалиги, савдо-сотиқ, автомобилсозлик, кимё, қурилиш, озиқ-овқат, енгил саноат ва бошқа ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш тармоқларида фаолият кўрсатаётган етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди. Форумда қозоғистонлик ишбилармонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сармоя киритиш истиқболлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш омиллари тўғрисида маълумот берилди.Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

– Бугун Ўзбекистон заминида етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг довруғи дунёга тобора кенгроқ таралмоқда, – дейди “Ата мекен” тадбиркорлар ҳудудий палатаси директори ўринбосари Нуржигит Хайруллаев. – Бизнинг Мангистау вилоятида ҳам Хоразмда етиштирилган ширин-шакар қовунлар, сархил мева ва сабзавот маҳсулотларига талаб катта. Бугун хоразмлик ҳамкорларимиз билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бир неча турларини экспорт қилиш бўйича келишувларга эришдик.

Бизнес-форум доирасида ҳар иккала вилоятнинг йирик корхона ва ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва бошқа келишувлар имзоланди.

Мангистау вилояти вакиллари Хонқа туманидаги “FEEDGRAN”, Хива туманидаги “Хоразм балиқ агро”, Шовот туманидаги “Катқалъатекс”, “UzTEX SHOVOT” масъулияти чекланган жамияти, ”GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятнинг Хоразм филиалида бўлиб ишлаб чиқариш жараёнлари, янги инновацион лойиҳалар билан танишдилар.

– Вилоят тўқимачилик саноатида жорий қилинган замонавий технологиялар, экспорт салоҳияти эътиборга молик, – дейди Қозоғистонлик тадбиркор Баян Абдуллаева. –Бизнинг корхонамиз ҳам тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Кўргазма давомида Хоразм вилоятидаги турдош корхоналар билан ўзаро товар айирбошлаш, савдо-сотиқ борасида қатор шартномалар туздик.

Фото: Одилбек Одамбоев / "Халқ сўзи"

Делегация аъзолари Хивадаги “Нуруллабой” ва “Ичанқалъа” мажмуаларидаги тарихий ёдгорликларни,жумладан Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Жума масжиди ҳамда бошқа диққатга сазовор жойларни томоша қилдилар.

– Ўзбекистонда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларни кўриб ниҳоятда тўлқинланиб кетдик, – дейди “Мангистау” телевидениеси бош муҳаррири Гульнур Калдыбаева. – Эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай ижодида тараннум этилган умуминсоний ғоялар халқларимиз ўртасидаги қон-қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ташриф давомида қадимий Хиванинг неча асрлардан буён улуғворлиги билан дунё аҳлини ҳайратга солиб келаётган меъморий ёдгорликлари билан танишиш имконига эга бўлдик. Бу ердаги ҳар бир обида тарихингиз буюклиги, санъатингиз бетакрорлигидан дарак беради. Умуман Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар таҳсинга лойиқ.Пухта режа асосида амалга оширилаётган улкан лойиҳалар Хоразмни дунё сайёҳлик марказларидан бирига айлантиришига шак-шубҳа йўқ.Бу гўзал воҳанинг бетакрор манзаралари, тарихий ёдгорликлари ва қалби пок инсонлари ҳақида тайёрлаётган махсус кўрсатувимиз ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Вилоят мусиқали драма театрида Мангистау ва Хоразм вилояти санъат усталари ижросида катта концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов иштирок этди.

Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019