Хоразмда нефтсиз битум ишлаб чиқарилмоқда

11:02 06 Февраль 2019 Жамият
586 0

Иллюстратив фото

Урганч Давлат университети олимлари томонидан ёғ-мой саноати чиқиндиси бўлган госсипол смоласи асосида жаҳон стандартларига тўла мос келадиган, нефтсиз қурилиш битуми олишнинг     мукаммал технологияси яратилган эди. Ушбу инновацион янгиликнинг амалиётга кенг  татбиқ қилиниши  мазкур қурилиш хом ашёсини нафақат ички бозорга чиқариш, балки хорижга экспорт қилиш имконини бермоқда.

Жаҳон  тажрибасида   қурилиш конструкцияларини, фундаментлар ва магистрал қувурларни гидроизоляция қилиш, коррозия ва эррозиядан ҳимоя қилишда битумдан кенг фойдаланилади. Ушбу изоляцион материал асфальт  ишлаб чиқаришнинг асосий хом  ашёси ҳисобланади. Анъанавий усулда битум  нефтни қайта ишлаш орқали олинади. Урганч давлат университети олимлари  томонидан яратилган янги технология эса республикамиздаги ёғ-мой корхоналаридан  чиқаётган чиқиндини қайта ишлаш орқали юқори сифатли битум олиш имконини беради.

– Госсипол смоласи асосида ишлаб чиқарилаётган битум маҳсулоти мамлакатимизнинг 100 дан ортиқ корхоналарига  етказиб берилмоқда, шунингдек Сингапур,Чехия давлатларига экспорт қилинмоқда, – дейди техника фанлари доктори, профессор Мақсуд Жуманиёзов. – Ҳозирги кунда янги маҳсулотни харид қилиш бўйича  Афғонистон, Қирғизистон,  Тожикистон ва Хитой каби хорижий давлатлардан буюртмалар тушмоқда.

Мамлакатимиздаги ёғ-мой корхоналаридан йилига 15 минг  тонна госссипол смоласи чиқинди сифатида ажратилаётгани  ҳисобга олинса, шунча миқдорда битум ишлаб чиқариш  имконияти мавжуд.Бу эса ўз навбатида, ушбу маҳсулотга бўлган тақчилликни бартараф этади, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятининг кенгайишига, валюта заҳираларининг ошишига олиб келади.

Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019