Хоразмда халқаро рақс фестивали ўтказилди

10:17 17 Сентябр 2018 Маданият
1170 0
Фото: “Халқ сўзи”

Жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари Хива шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги,Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Рақс сеҳри” халқаро фестивали ўтказилди.

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 4 майдаги “2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, воҳага ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар орасида бой маданий меросимизни кенг тарғиб этиш ва шу орқали “Арт” туризмини ривожлантиришга қаратилган мазкур санъат байрамида республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган фольклор жамоалари, хорижлик рақс санъати усталари, чет эллик меҳмонлар иштирок этдилар.

Фото: “Халқ сўзи”

Тадбир муносабати билан байрамона безатилган Ичанқалъанинг қадимий обидалари, майдонлари ҳар қачонгидан гўзал ва мафтункор қиёфа касб этди. Фестиваль доирасида бу ерда Ўзбекистон рақс санъати фотокўргазмаси, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилинди. Хива қўғирчоқ театри, масхарабозлар, дорбозлар томошалари, турли анимацион шоулар,миллий таомлар кўргазмаси ва рақс либослари намойиши иштирокчиларга бир олам завқу шавқ улашди. Рақс санъати усталари билан ижодий учрашувлар,маҳорат дарслари,сайёр концерт дастурлари уюштирилди.

Фото: “Халқ сўзи”

Миллий маданиятимизни дунёга танитадиган ушбу санъат фестивалининг айнан Хоразмда ўтказилаётгани бежиз эмас. Негаки, бу замин ўзининг бетакрор рақс санъати, ”Норим-норим”, ”Оразибон”, ”Бир юз бир”, ”Алиқамбар” каби дурдоналари билан бутун жаҳонда довруғ қозонган. Айниқса илоҳий мўъжиза сифатида эътироф этиладиган, жонбахш “Лазги” куйи чалинганда нафақат кекса-ю ёш юртдошлармиз, балки хорижликлар ҳам беихтиёр рақсга тушиб кетишди.

Фото: “Халқ сўзи”

- Ўзбекистонга ташрифимнинг илк кунида шундай ажойиб маданий тадбирда қатнашаётганимдан жуда хурсандман, - дейди туркиялик сайёҳ Туба Довудўғли . - Бу замин нафақат тарихий обидалари ва ширин-шакар мевалари, ажойиб миллий урф-одат ҳамда анъаналари, балки бетакрор санъати билан ҳам мени мафтун этди. Соз сеҳридан тўлқинланиб мен билан келган ҳамюртларим ҳамда бошқа чет эллик сайёҳлар қадимий бош кийим-чўгирмани кийиб чиройли миллий либослардаги раққос ва раққосаларга қўшилиб ўйинга тушдик. Хоразмча ошни биринчи марта шу ерда татиб кўрдим. Ушбу ёрқин лаҳзалар акс этган суратларни эса фахр билан ижтимоий тармоқлар орқали дўстларимга юбордим.

“Ўзбек-Туркман дўстлик уйи”да ўтказилган илмий-амалий анжуман жаҳон халқлари рақс санъати тарихи ва ривожланиш босқичлари,келгуси истиқболлари ҳақида қизғин фикр алмашув, мунозараларга бой бўлди.

- Рақс санъати нафақат тана аъзолари ҳаракати, балки инсон руҳияти,маънавияти ва маданияти кўзгуси ҳамдир, - дейди фестиваль иштирокчиси, япониялик Сайе Нагайа. - Рақсдаги ҳар бир ҳаракат томошабин қалбига маънавий озуқа бера олсагина у чинакам санъат даражасига кўтарила олади. Бугунги фестивалда турли миллат вакиллари ижросидаги жозибадор рақслар санъатнинг бу тури таржимон ва изоҳга муҳтож эмаслигини, у элларни элларга,дилларни дилларга боғловчи мустаҳкам восита эканлигини яна бир бор исботлади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими, Хоразм Маъмун академияси томонидан “Хоразм лазгиси” рақсини жаҳон номоддий маданий мероси репрезентив рўйхатига киритиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу эса дилларга жўшқинлик бахш этувчи, Хоразм рақс санъатининг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланган маданий меросимизнинг ноёб намунасини жаҳон саҳналаридан муносиб жой олишига хизмат қилади.

- Ушбу фестиваль янги истеъдодларни излаб топиш ва кашф этиш,миллий маданиятимизни дунёга намойиш қилиш ҳамда бошқа халқлар рақс санъати билан яқиндан танишиш имконини беради, - дейди Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова. - Олтмиш йилга яқин ижодий фаолиятим давомида 90 дан зиёд миллий рақсларни яратдим. Бугун ушбу нуфузли анжуман саҳнасида бу рақсларни шогирдларим зўр маҳорат билан ижро этаётганидан бахтиёрман.

Қадим Хивада учинчи бор ўтказилаётган мазкур фестиваль нафақат юртимизнинг,қолаверса, чет эллик санъат ихлосмандларида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Уч кун давом этган санъат ва нафосат байрами халқимиз маданиятининг илдизлари нақадар теранлигини яна бир бор жаҳонга намоён этди. Шу билан бирга ёш авлод қалбида ўзликни англаш, аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросига чин ворислик, азалий қадриятларимизга эҳтиром туйғуларини уйғотди.

Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019