Хоразмда Баҳодирлар ўйини ғолиблари аниқланди

10:48 10 Июнь 2019 Спорт
1855 0

Жорий йилнинг 7-9 июнь кунлари Хива шаҳрида халқимизнинг буюк фарзанди, полвонлар пири, дея ном қозонган енгилмас баҳодир, шоир ва файласуф Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган “Баҳодирлар ўйинлари” I халқаро турнири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси ҳамда Бутунжаҳон World Strongmen федерацияси ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур халқаро тадбирда дунёнинг 14 та мамлакатидан 20 нафар энг кучли паҳлавонлар қатнашди.

Улар миллий нақшли устунларни кўтариш ва ушлаб туриш, оғир тошларни устунларга ўрнатиш, мевалар билан тўлдирилган аравани кўтариш, 160 тонналик поезд локомотивини 20 метрга тортиш, кема лангарини кўтариб юриш ва бошқа мусобақаларда асосий соврин учун куч синашдилар. Хорижлик сайёҳлар ва воҳа аҳли икки кун давомида Хиванинг Ичанқалъа мажмуасида ўтказилган мусобақани катта қизиқиш билан кузатиб бордилар.

Турнир якунига кўра украиналик паҳлавон Павло Кордияко мусобақанинг мутлақ ғолиби деб топилди ва бош соврин беш минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.Эронлик Резо Гжайетаси иккинчи ўрин соҳиби бўлди.Учинчи ўринга Ватанимиз спорт шарафини ҳимоя қилган Сергей Трубицин ва россиялик Александр Кузьмин муносиб деб топилди.

Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?