Хоразмда АКТ тараққиёти учун вилоят ҳокимлиги 21 миллиард сўм йўналтирадиган бўлди

20:27 01 Апрель 2019 Жамият
436 0

Фото: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги.

Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан “Ҳудудларда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантиришда маҳаллий давлат ҳокимлик органлари билан ҳамкорлик муносабатлари” мавзуида республика семинари уюштирилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи ONLINE”га вазирлик матбуот хизматидан хабар беришди.

Тадбирда АКТ соҳасида ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишиш ва тажриба алмашиш, эришилган натижаларни тизимдаги корхоналар ўртасида кенг тарғиб қилиш, соҳа ходимларининг касбий малакаси ва билим даражасини ошириш масалалари кўрилмоқда.

Семинарнинг очилишида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов сўзга чиқди.

— Кенг мақсадларни кўзлаган мазкур семинар вилоят ҳокимлиги билан биринчи маротаба ўтказилмоқда, — деди Шуҳрат Содиқов. — Анжуман ўзаро тажриба алмашишга, янги ғоялар туғилишига катта туртки, бериши шубҳасиз. Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига асосан, ҳудудларда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш мақсадида Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил қилиняпти. Шундай марказлар Наманган, Сирдарё, куни кеча Бухоро вилоятида очилди. Хоразм вилоятида 2019-2020 йиллар давомида 12 та ана шундай марказ яратилади ва уларда 11 мингдан зиёд хоразмлик ёшлар ўқитилади, 1061 мактабгача таълим, халқ таълими ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари юқори тезликдаги интернетга уланади. Мазкур мақсадлар учун эса қарийб 111 миллиард сўмлик маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов вилоятда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун маҳаллий бюджетдан 21 миллиард сўм ажратилишини айтди ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ҳамкорлик янада кучайишига тилак билдирди.

Шундан сўнг, семинар иштирокчилари ТАТУ Урганч филиали фаолияти билан яқиндан танишишди. Хусусан, АКТ вазири ҳамда Хоразм вилояти ҳокими иштирокида филиалда спорт мажмуаси, Ахборот технологиялари ва инновациялар маркази, 200 ўринли талабалар ошхонаси очилди. Талаба-ёшлар туризм, тиббиёт, тижорат, хавфсиз ҳудуд, “Ақлли уй” сингари инновацион лойиҳалар тақдимотини ўтказишди. Мутахассислар АТ “Алоқабанк” билан ҳамкорликда йўлга қўйилган асаларичилик фаолияти ҳақида сўзлаб беришди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов вазирлик томонидан ТАТУ Урганч филиалининг Ахборот технологиялари ва инновациялар марказига “Damas” автомобилини совға қилди.

Вазирлик томонидан Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда Урганч шаҳридаги 30-мактабда компьютер технологиялари, робототехника, киберспорт бўйича махсус тўгарак ташкил этилган. АКТ вазири ҳамда вилоят ҳокими ушбу тўгаракда бўлиб, ўқувчилар билан суҳбатлашишди, уларга китоблар совға қилишди.

Шунингдек, шу куни Хива шаҳрида Рақамли технологиялар ўқув маркази очилди. Тадбирда АКТ вазири ҳамда Хива шаҳар ҳокими қатнашди. Тадбир иштирокчилари шаҳардаги Хива алоқа тарихи музейи фаолияти билан ҳам танишишди.

Семинар давом этмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019