Хизмат вақтида фуқаролар томонидан калтакланиб ўлдирилган ИИБ ходимига “Жасорат” медали берилди

14:58 15 Январь 2019 Жамият
904 0

Фото: «Халқ сўзи»

ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Шундай инсонлар бор, улар мана шу халқ, она Ватан учун керак бўлса жонини фидо қилишга тайёр. Уларнинг кечаю кундуз тиним билмай қилган хизматлари эвазига ҳар тонгимиз умидбахш, кунларимиз нурафшон ва тунларимиз осуда. Ана шундай замондошларимиздан бири Илҳомжон Ҳайдаров Избоскан тумани ички ишлар бўлимининг жиноят қидирув бўлинмасида тезкор вакил вазифасида хизмат қилган.Аслида унинг хизмат фаолияти давомида эришилажак ютуқлари ҳали кўп эди. Ҳаммаси ҳали олдинда эди. Бироқ...

Атига икки ой олдин, яъни 2018 йилнинг 22 ноябрь куни Илҳомжон тунги хизмат пайтида эди. Избоскан тумани “Юқори Чувама” маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида бемақсад юрган бир гуруҳ йигитлар унинг эътиборини жалб этди. Тунги соат 2:00лар эмасми, фуқароларнинг шахсини ва мақсадини аниқлашга киришган Илҳомжон ва унинг ҳамкасби кутилмаганда йигитларнинг қаршилигига учрадилар. Жамоат тартибини сақлаш, маҳалла-кўй тинчлигини таъминлашга камарбаста осойишталик посбонлари шу тунда бир гуруҳ жиноий тўда қўлида калтакландилар. Шифокорларнинг уринишлари эса зое кетди. Шу тунда Илҳомжон ҳаётдан кўз юмди.

Ватан ўз қаҳрамонларини унутмайди. Уларнинг ҳар бир хайрли ишлари эъзозимиздадир. Илҳомжон Ҳайдаров ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 январдаги Фармонига биноан вафотидан сўнг “Жасорат” медали билан тақдирланди.

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати Андижон вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Шуҳратбек Абдураҳмонов Илҳомжон Ҳайдаров хонадони бўлди. Унинг ота-онасига мана шундай мард, жасур ўғлонни тарбиялагани учун миннатдорчилик изҳор этган ҳолда, давлат мукофотини топширди.

Фото: «Халқ сўзи»

“Фарзандим орамизда йўқлиги ачинарли. Бироқ эл-юрт тинчлиги, осойишталиги йўлида жонфидолик қилгани замондошларимизга ибрат бўлади, деган умиддаман. Ўғлимнинг эл-юрт олдидаги хизматини муносиб тақдирлаган ҳукуматимиздан миннатдорман,”-дейди қаҳрамоннинг отаси Иномжон ака Ҳайдаров.

Ҳар тонг уйимиздан кўчага чиқар эканмиз, кимимиздир ишга, ўқишга ва бошқа манзиллар сари йўл оламиз. Ҳар биримиз олдимизга қўйган мақсадлар сари оғишмасликка интиламиз. Яхши манзилларда яхши мақсадлар ижобатидан кўнглимиз тўлган пайтда бизга мана шундай имкониятни яратиб берган қаҳрамонларимизни ёдга олиш бурчимиз эканлигини унутмасак бас.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019