Хизмат бурчини ўташ вақтида ҳалок бўлган қаҳрамонларнинг оила аъзолари маданий саёҳат учун Хитойга юборилди

15:43 28 Август 2018 Жамият
829 0

Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами арафасида хизмат вазифасини ўташ вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бир гуруҳ оила аъзолари маданий ҳордиқ чиқариш учун Хитой Халқ Республикасига йўл олишди. Саёҳатчиларни кузатиш маросими Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маросимда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Азизбек Икрамов ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан мустақиллик йилларида Ватан тинчлиги йўлида фидоийлик кўрсатиб, хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасини абадийлаштириш ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш доирасида Қуролли Кучларимизда хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари 10 кун давомида Хитой Халқ Республикасининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қиладилар.

“Ўғлим Шуҳратбек Собиров 2000 йили юртимизнинг жанубий ҳудудларига суқилиб кирган бир гуруҳ террорчилар билан бўлган тўқнашувда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Ўғлим 25 ёшида Ўзбекистон халқини ҳимоя қилиб, барчага ўрнак бўлди. Мен у билан умрбод фахрланаман. Ўзбекистон Президентининг эътиборлари сабаб, бугун биз Хитой давлатига саёҳатга кетяпмиз. Бундай рағбатдан бошимиз кўкка етди...”, – дейди Андижон вилоятидан келган Сотқинбой Собиров.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019