Хизмат бурчини бажариш чоғида ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатган ҳарбий ҳақида

10:25 30 Май 2018 Жамият
247 0
Kadr: Sevimli TV/O‘zbekiston 24

“Қаҳрамонлар — орамизда яшайди” деган гап бежиз айтилмаган. Бундай инсонлар, қайси соҳада бўлмасин, ном ёки шуҳрат қозониш учун эмас, балки ўз ишини чин юракдан, фидойиларча қиладиларки, уларнинг ана шу эзгу амали, жасорати кўпчилик учун чинакам ибратга айланади.

Бундан бир неча кун олдин Сурхондарё вилоятида рўй берган табиий офат — кучли тошқин пайтида хизмат бурчини адо этиш ва одамлар ҳаётини сақлаб қолишда Шохрухбек Ўразолиев ҳам ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатиб, афсуски, ҳалок бўлди. Бу хабар  юртдошларимизни, хусусан, жиззахликларни чуқур қайғуга солди. Аммо бир жиҳат кўнгилга таскин беради. Шохрухбек аҳдига содиқ қолиб, ўзгалар омонлиги йўлида жонини фидо қилди. Унинг мардлиги ҳеч қачон унутилмайди.

Бугун юртимизда вояга етаётган ҳар бир ўғлон миллий армиямиз сафида хизмат қилишни, ҳарбий либос кийиб, шу соҳада фаолият юритишни истайди. Бинобарин, армия йигитнинг дунёқарашини кенгайтиради, билимини ошириб, жисмонан чиниқтиради, мардлик фазилатларини мустаҳкамлайди. Ватанга содиқлик, меҳр-муҳаббат туйғуларини юксалтиради.

Эндигина 24 ёшни қаршилаётган Шохрухбек ҳам ана шундай жасур ўғлонлардан эди. У 1994 йилда Бахмал туманидаги Олмазор қишлоғида туғилди. Болалигиданоқ ҳарбий соҳага қизиқиши ортиб, мақсадига эришиш йўлида қатъий интилди. Спорт билан мунтазам шуғулланди. Қатъиятли, иродали, бақувват ва соғлом бўлиб улғайди.

Тумандаги 50-умумтаълим мактабини битиргач, унинг дилидаги юксак орзуси рўёбга чиқди. Шохрухбек 2014 йилда ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда хизмат фаолиятини бошлади. Берилган топшириқларни ҳар доим аъло даражада бажариб келарди. Ҳар қандай шароитда хизмат бурчини ҳақиқий ҳарбийларга хос темир интизом, қатъият, матонат билан адо этиб, бошқаларга ибрат бўлди.

Шохрухбек ҳарбий соҳага астойдил меҳр қўйгани учун муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, шартнома асосида хизматни давом эттираётганди. У хизматдаги эришган муваффақиятлари учун бир неча бор қисм раҳбариятининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

— Инсон ҳаётда неча йил умр кўргани билан эмас, элу юртга теккан нафи, жамиятга келтирган фойдаси, атрофдагиларга кўрсатган яхшиликлари билан баҳоланар экан, — дейди марҳум Шохрухбек Ўразолиевнинг онаси Шоира Ҳамроева. 

— Ҳар бир одам тинчлик-хотиржамликнинг қадрига етиши керак экан. Сел ҳам бир офат. Унинг олдида инсон ожиз. Шу ожизликни енгиб ўтиб, ёрдамга муҳтожларни қутқарган, бунинг учун жонини фидо қилган ўғлимдан мингдан-минг розиман. У билан фахрланаман.

Президентимиз жорий йилнинг январь ойида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида шундай деган эди: “Ҳеч шубҳасиз, Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида юртимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир”.

Марҳум Шохрухбек Ўразолиевнинг ҳам кўрсатган қаҳрамонлиги давлатимиз томонидан эътироф этилди. У Президентимиз  Фармонига асосан, “Жасорат” медали билан мукофотланди. 
Юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровон яшаши учун жонини фидо қилган инсонлар ёди ҳеч қачон унутилмайди.

Толибжон ЭРГАШЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар