Хитойдан Ўзбекистонга келтирилган кўчатлар нега йўқ қилинди?

18:49 04 Январь 2020 Жамият
456 0

Яқинда Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг “Ark Buloq​” ўсимликлар карантини чегара масканига Сирдарё вилоятидаги “Agro Eco Technology​” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонага Хитой давлатидан 26 та қутида юборилган 952 дона “Anthurium and Raeanum​” туридаги манзарали гул кўчати келтирилди.

Ўсимликлар карантини давлат инспектори Ш.Абдуқаҳҳоров мазкур гул кўчатини бирламчи карантин кўригидан ўтказганида, ўзида шубҳа уйғонгани боис ундан намуна олиб, Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг Марказий карантин лабораториясига юборади.

“Ўздавкарантин” инспекцияси ахборот хизмати маълумотида қайд этилишича, давлат инспекторида шубҳа уйғонгани бежиз эмас экан. Энтомолог, фитопатолог, герболог, бактериолог, гельминтолог ҳамда вирусолог мутахассислар томонидан олиб борилган жиддий таҳлиллар унда иссиқхона рангсиз канаси (Polyphagotarsonemus latus​), барг некрози (Myrothecium sp​) ва бактериал чириш (Xanthomonas axonopodis pv. Dieffenbachiae​) сингари зараркунанда ҳамда касалликлар мавжудлигини аниқлаб берди. Таҳлил якунида лаборатория ходимлари карантин рухсатномаси бўлмаган ва фитосанитар хавфга эга, деб баҳоланган мазкур кўчатларни ёқиб йўқ қилишни тавсия этишди. Пировардида “Anthurium and Raeanum​” туридаги манзарали гул кўчатининг барчаси белгиланган тартибда ёқиб юбориш билан йўқ қилинди.

"Мамлакатимиз қонунчилигига биноан, юртимизга олиб кирилаётган карантин остидаги маҳсулотлар, шу жумладан, мева-сабзавотлар ҳамда бошқа кўринишдаги ўсимликлар албатта зарарли организмлардан холи ва карантин рухсатномаси ҳамда фитосанитария сертификатларига эга бўлиши шарт. Буни Сирдарё вилоятидаги “Агро Эcо Течнологй” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона мутасаддилари энди яхши билиб олишди, десак, янглишмаймиз" дейилади хабарда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019