Хитойда 2 ёшида ўғирлаб кетилган бола орадан 32 йил ўтиб топилди

17:33 25 Май 2020 Дунё
486 0

Фото: Sauth China Morning Post

Она ҳар қандай кишининг энг яқин инсони саналади. Сабаби бола унинг вужудида, юраги остида улғаяди, унинг қалбу руҳи, жон томири боласига кўринмас ришта билан боғланади ва бутун умр бу ришта узилмайди. Икки ёшида ўғирлаб кетилган болакай Мао Йиннинг онаси Ли Сзинжи ҳам ўғлини 32 йил излади. Унинг ўн мингдан зиёд ёзган эълонлари, тарқатган афишалари натижасиз бермади. Шунча йил ичида болани ўлди деганлар ҳам бўлгандир эҳтимол. Аммо она фарзандининг тириклигига ҳамиша ишонди, таслим бўлмади, излади ва ниҳоят топди...

1988 йил 17 октабрда болакай Мао Йин Чинхи шаҳрида болалар боғчасидан уйга қайтаётганда отаси Мао Шенжинг билан сув олиш учун тўхтаган пайт ўғирлаб кетилган. Отаси оний дақиқаларда дўкондан сув олиб чиқар экан, ўғлининг ғойиб бўлганини кўриб саросимага тушади. Аммо ҳеч жойдан топа олмайди. Фарзанди йўқолганини билган болакайнинг онаси Ли Сзинжи ҳам дарҳол барча ишларини четга суриб, ўғлини излашга киришади. У 10 000 дан ортиқ эълонлар тайёрлайди ва барча яқин-йироқ шаҳар ва вилоятларга тарқатади. Бир неча йиллар давомида ўғлининг хасратида ёниб, кўплаб ташкилотларга аризалар ёзади. Хитойнинг телевизион дастурларига мурожаат қилади... Аммо буларнинг бари бесамар кетади.

Фото: Sauth China Morning Post

“Sauth China Morning Post” газетасининг ёзишича, 2007 йилдан бошлаб Ли ўғирланган болаларни кузатиб борадиган, 20 дан ортиқ оилаларга йўқолган болаларини топишга ёрдам берган “Baby come home” (Болажон уйга қайтади) номли нодавлат платформасида волонтёр сифатида иш бошлайди.

Ўтган ойнинг охирида, Сиан полицияси Сичуан вилоятида бир киши 1980 йилларнинг охирларида Шаанхи шаҳридан бир болакайни сотиб олганлиги ҳақидаги хабарни маълум қилади. Полиция ходимлари дастлаб Мао Йиннинг болаликдаги ва унинг “улғайган” фотосуратларини таҳлил қилиш учун юзни аниқлаш технологиясини қўллайди. Сўнгра ДНК текшируви ёрдамида унинг шахси тасдиқланади.

Маони асраб олган ота-оналари уни Гу Нингнинг деган исм билан атаган ва уни сотиб олганлиги ҳақида ҳеч қачон ҳеч нарса демай улғайтирган. Яқинда йўқолган болакай 34 ёшни қарши олди ва Хианда ота-онаси билан кўзда ёш билан дийдор кўришди. У эшикдан конференция хонасига кириб борар экан, залдаги гувоҳларнинг-да кўзларида беихтиёр ёш қалқиди.

“Ўғлим мени бошқа ташлаб кетишини истамайман. Мен бунга йўл қўймайман. Мао тез орада ҳақиқий ота-онасининг ёнига қайтиб, бундан буён улар билан бирга яшашини маълум қилди“, – дейди Ли ўғлининг қўлидан маҳкам тутиб.

Хитойда ҳар йили йўқолиб қоладиган болалар сони тўғрисида расмий статистика мавжуд эмас. Аммо 2016 йилда ижтимоий медиа ва мобиль телефон орқали йўқолган болалар тўғрисида огоҳлантиришларни юбориш тизими яратилган. Полиция сўнгги ўн йил ичида 6300 дан ортиқ ўғирланган болаларга ДНК мослаш тизими орқали ўз оилалари билан қайтаришга ёрдам берган.

Маълумотларга кўра, болалар савдоси 1980 йилларда Хитойда бир болали қонун кучга киргандан сўнг авж олган, бу ҳол айниқса, ўғил бола чақалоқларда кўп кузатилган.

“Theceomagazine.com” сайти асосида Юлдуз Ўрмонова тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?