Хитой — Ўзбекистон алоқаларини янада мустаҳкамлашда ёшлар муҳим ҳаракатлантирувчи куч

09:03 12 Июль 2018 Жамият
153 0
Фото: "Халқ сўзи"

Ёшлар қалби истиқболли ғояларга лиммо-лим. Уларда янгилик яратишга бўлган интилиш руҳи доимо жўш уради. Ўсиб келаётган авлод — жамиятнинг давлат қурилиши фаолиятидаги энг кучга тўлган, креатив ва ижодий таркибий қисми. Бу мамлакат келажаги, миллат умидидир.

Хитойда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам аҳолининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Давлатларимиз раҳбарлари уларнинг камол топишига катта эътибор қаратяпти, ғамхўрлик кўрсатиб, фаол қўллаб-қувватламоқда. ХКП 19-Бутунхитой съездида ХХР Раиси Си Цзиньпин ёш авлодда юксак ғоялар ва катта иқтидор борлигини қайд этар экан, агар улар масъулиятни дадиллик билан ўз зиммасига олсалар, мамлакатни ёрқин келажак, халқни эса ажойиб истиқбол кутишини таъкидлади. Хитой етакчиси фикрича, ёшларнинг кенг қатлами юксак ғоялар ва ишончни мустаҳкамлаши, узоқни ўйлаб ҳаракат қилиши, ўз ишини чин дилдан бажариши, даврнинг жасур бунёдкори бўлиши, халқ манфаати учун доимий кураш йўлида таржимаи ҳолига ёрқин саҳифаларни битиши лозим.

Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимида мамлакат ёшларини мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиши, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлат ва жамият бор куч ва имкониятларини сафарбар этишини таъкидлаганди. 

Яқинда Ўзбекистон тарихида илк бор “Ёшлар куни”  кенг нишонлангани ҳам навқирон авлодга берилаётган юксак эътибордан далолатдир.

Шу муносабат билан давлат раҳбари ўз табригида ўтган йилларда эришилган ютуқларни айтиб ўтар экан, ёшларга ота-оналари, устоз-мураббийлари, халқи улардан кутаётган орзу-умидларини амалий ишлар билан рўёбга чиқариши йўлида ҳормасликлари, чарчамасликларини тилади. Яқинда “Yoshlar — kelajagimiz” номли кенг қамровли Давлат дастурининг қабул қилиниши ҳам бу борадаги яна бир амалий қадамга айланди.

Шуни таъкидлаш жоизки, икки давлат раҳбарлари келажак, ёшлар тараққиёти ҳақида самимий орзу-умидларга эга. Улар Хитой ва Ўзбекистон ўртасида ёшлар алмашинуви ҳамда ҳамкорлигини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият бермоқда. Кейинги йилларда томонлар бу жабҳада катта натижаларга эришди. 2017 йил август ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўз раиси бошчилигида Хитойга борди ва ШҲТ ёшлар оромгоҳида иштирок этди. Яқинда Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши делегацияси Тошкентда ташкил этилган “Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” мавзуидаги халқаро конференцияда қатнашди.

Ёшлар Хитой ва Ўзбекистон ўртасида маданият, таълим, фан, археология, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланяпти. Бу каби ўзаро алоқаларнинг зарурати катта. Айни пайтда Ўзбекистонда таҳсил олаётган талабалар орасида хитой тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ошиб бораётгани учун Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтларида ўқитиш учун жой етмаяпти. Минглаб ўзбекистонликлар Хитой олий ўқув юртларида таълим олмоқда. Икки давлат ёшларининг жадал алмашинуви халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш муҳитига таъсир кўрсатаётир. У Хитой — Ўзбекистон дўстлигини авлоддан-авлодга етказиш учун мустаҳкам пойдевор яратяпти.

Шу каби мулоқот — ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми ҳамдир. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан  Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлисида ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Дастур қабул қилинди. Ҳозирги мураккаб халқаро вазиятда мазкур ҳужжатлар ёшларни салбий таъсирлардан асраш ва минтақавий ҳамда глобал барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда ижобий роль ўйнайди.

2009 йил май ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотида Ёшлар қўмитаси таъсис этилди. Қарийб ўн йил давомида иштирокчи давлатлар мазкур платформада форумлар, талабалик ижодий фестиваллари ва кўплаб маданий тадбирлар ўтказди. Хитой томони иштирокчи давлатлар билан биргаликда ШҲТ университетини ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқда. Унинг битирувчилари ўз мамлакати дипломига қўшимча равишда ташкилот маконида тан олинадиган дипломга эга бўлиши мумкин бўлади.

2015 йил июль ойида Уфа шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида ХХР Раиси Си Цзиньпин 2016 йилдан бошлаб Хитой қаторасига беш йил ёшлар оромгоҳи ташкиллаштирилишини, у ерга ШҲТ мамлакатларидан 200 нафар вакил таклиф этилишини маълум қилганди. 2016 ҳамда 2017 йилларда Хитой томони шу каби иккита оромгоҳни ташкиллаштирди ва у ерга ШҲТ иштирокчи ҳамда кузатувчи давлатларидан қарийб 400 нафар йигит ва қизлар борди. 2015 йил декабрь ойида ШҲТ Бош вазирларининг Чжэнчжоу шаҳрида ўтказилган мажлисида ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кецян Хитой 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб келгуси беш йилга ШҲТ иштирокчи давлатлари ўқувчилари учун ҳукумат стипендияларидан 20 мингта квота ажратилишини эълон қилди. 

Мамлакатларимиз ёшлари олдида янада катта муваффақиятларга эришишлари учун кенг истиқболлар очиляпти. Бу эса эскисини янгисига алмаштириш муқаррар эканлигига оид ҳаётий қонунга уйғун тарзда кечмоқда. Ўйлаймизки, Хитойнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан муносабатларидаги кейинги ютуқлари ўсиб келаётган авлодга ўз иқтидорини намойиш этиши учун майдон яратиб бериш йўлида кенгайиб бораверади. Хитой Ўзбекистон билан биргаликда бундан буён ҳам икки томонлама алоқалар бўйича ҳамда ШҲТ доирасида ёшлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга, ёшларни бир-биридан ўрганишлари, фикр алмашишлари ва ўзаро дўстликни мустаҳкамлашларини қўллаб-қувватлашга тайёр. Зеро, бу кўплаб ёшларни мамлакатларимиз ўртасидаги ва ШҲТ доирасидаги муносабатларни узоқ муддатли тараққиёти бунёдкорлари ҳамда давомчилари, минтақа гуллаб-яшнаши ва равнақи йўлида қудратли ҳаракатлантирувчи кучга айланишларининг муҳим омили ҳисобланади.

Цзян Янь,
Хитой Халқ Республикасининг 
Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар