Хитой йилнинг энг муҳим тадбирига қандай тайёргарлик кўрмоқда?

11:03 11 Май 2018 Сиёсат
589 0

Пекиндан махсус мухбиримиз Омонулла ФАЙЗИЕВ хабар қилади.

Яна бир ойдан сўнг Циндаода ШҲТнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Дунёда турли мамлакатлар манфаатлари муштараклигини таъминловчи тузилмалар, ташкилотлар кўп. Улар одатда иштирокчиларни кўп томонлама муносабатларда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳалар ривожидаги мақсадлар йўлида бирлаштиради. Бироқ ҳамма вақт ҳам кўзланган натижага эришиш осон кечавермайди. Бугунги кунда шундай тузилма мавжудки, унинг фаолияти нафақат унга аъзо мамлакатлар ривожида, балки жаҳон ҳамжамияти тараққиётида ҳам муҳим ўрин эгаллаб келаяпти. Натижада унинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу, ҳеч шубҳасиз, Шанхай ҳамкорлик ташкилотидир.

Мазкур халқаро тузилмага 2001 йил 15 июнда Ўзбекистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистон давлатлари томонидан асос солинган. ШҲТ айни пайтда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда алоқаларни ривожлантириш, жаҳонда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ташкилотнинг 2016 йилги Тошкент саммитида Ҳиндистон Республикаси ҳамда Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисида меморандумлар имзоланган эди. Ўтган йили Қозоғистонда бўлиб ўтган саммитда бу икки давлат ташкилот аъзолигига қабул қилинди. Эндиликда ШҲТ экспертлар томонидан “Жадал ривожланаётган саккизлик”, дея алоҳида эътироф ҳам этилаяпти.

Байроғимиз баланд ҳилпирамоқда

Жорий йилда ШҲТга Хитой Халқ Республикаси раислик қилаяпти. Яна бир ойдан кейин Циндао шаҳрида ушбу ташкилотнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Айни пайтда кенг жамоатчилик эътибори айнан шу сиёсий тадбирга қаратилган, десак, тўғри бўлади. Хўш, минтақа ҳаётидаги йилнинг муҳим воқелигига қай тариқа тайёргарлик кўрилаяпти? Бу галги саммит аввалгиларидан қайси жиҳатлари билан фарқланади? Якунда қандай натижаларга эришиш кўзда тутилган?

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ШҲТга аъзо давлатлар оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил қилинган тадбирда ана шу саволларга батафсил жавоб берилди. Аввало, шуни айтиш керакки, мазкур тадбирда Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг етакчи телеканаллари, ахборот агентликлари, газеталари вакиллари иштирок этмоқда.

Дастурга мувофиқ, сафаримизнинг илк куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош қароргоҳига ташриф буюрдик. Мажмуа Пекин шаҳрида жойлашган. Бош қароргоҳда ташкилот котибияти мутасаддилари, ходимлари бизга пешвоз чиқишди. Бино ичкарисига кирганимиз заҳоти она тилимиздаги “Ассалому алайкум, яхши келдингларми?” деган калом қалбларимизни тўлқинлантириб юборди. Бу сўзлар айни пайтда ташкилот маъмуриятида референт ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ишлашга масъул этиб тайинланган ходим, юртдошимиз Миразиз Мирсаидовга тегишли эди. У журналистларга ШҲТ бош қароргоҳи ҳақида тўлиқ маълумот бериб, бу ердаги тарихий ҳужжатлар, ноёб буюмлар билан таништирди.

Музейга ўхшаш бош қароргоҳ

Даставвал бош қароргоҳ ҳовлисидаги “Дўстлик боғи”ни айландик. Ушбу жойга келган киши эътиборини, аввало, бу ердаги улкан тош тортиши, шубҳасиз. Маъмурият мутахассисларининг сўзларига кўра, бу тош оддий эмас, у коинотдан тушган метеорит. Буюк Ипак йўлининг Хитой ҳудуди қисмидан топилганлиги учун ҳам Чин юрти ҳукумати уни бош қароргоҳга совға қилган. Бу ердаги жуда қадимий дарахт ҳам -эътиборни тортади. Қолаверса, 2016 йилда тузилма ташкил топганлигининг 15 йиллиги муносабати билан ўша пайтда аъзо бўлган олтита давлат ташқи ишлар вазирлари бош қароргоҳдаги “ШҲТ майсазори” номи берилган боққа ўтказишган қарағай дарахтлари ўтган икки йил мобайнида кўкка бўй чўзибди. Буни ШҲТ ривожига менгзасак, янада тўғри бўлади. Яқин вақтлар ичида тузилмага янги қўшилган Покистон ва Ҳиндистон вакиллари ҳам ўз дарахтларини экишади...

Бош қароргоҳ биноси хоналарига ШҲТга аъзо давлатлар пойтахтлари номи берилган. Айни пайтда “Тошкент”, “Пекин”, “Москва”, “Остона”, “Душанбе” ҳамда “Бишкек” номли хоналар мавжуд. Уларнинг ҳар бири ўша мамлакатлар урф-одатлари, анъаналари, миллий мероси каби жиҳатлардан келиб чиқиб безатилган. “Тошкент” хонасининг ўзига хос тарафи шунда эканки, бу ер кўпинча тезкор йиғилишлар, мулоқотлар ўтказиладиган майдон ҳам саналаркан.

“ШҲТ Хартияси” деб ном берилган хонадан эса ташкилотнинг тузилиши билан боғлиқ ноёб ҳужжатлар, буюмлар ўрин олган. Унинг кутубхонасида тузилмага аъзо мамлакатлар ҳақидаги китоблар, давлатлар раҳбарларининг рисола-тўпламлари, тарихий суратларни кўришимиз мумкин.

Тинчлик ва хавфсизлик йўлида

Мажмуанинг диққатга сазовор жойларини кўриб бўлганимиздан сўнг мажлислар залида ШҲТ Бош котибининг ўринбосари Владимир Потапенко билан мулоқот бўлиб ўтди. Мутасадди Ўзбекистон, унинг кейинги икки йил ичида минтақа тараққиётида тутаётган муҳим ўрни ҳақида ҳам сўзлади.

— Глобал хавфсизликка таҳдид солаётган хатарларга фақат бир мамлакатнинг саъй-ҳаракати билан барҳам бериб бўлмайди, — деди В. Потапенко. — Бу йўлда ўзаро ҳамкорлик, бамаслаҳат иш кўриш муҳим аҳамиятга эга. Ташкилотимиз айнан шу мақсадларга консенсус асосида эришишни кўзлаб тузилган. Бугунги кунда иқтисодий, ижтимоий соҳаларда ҳам сезиларли натижаларга эришилаётгани эътиборга молик. Ташкилот фаолияти ривожида Ўзбекистоннинг роли катта. Мисол учун, ШҲТнинг -халқаро алоқаларини ривожлантириш, меъёрий-ҳуқуқий пойдеворни мустаҳкамлаш, ШҲТ Хартиясидаги мақсадлар, вазифалар ҳамда тамойиллардан келиб чиқиб, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ ташаббусларни илгари суриш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этишда мамлакатингизнинг фаоллиги таҳсинга сазовор.

Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсат нафақат Ўзбекистон ёки минтақа тараққиёти учун, шу билан бирга, ШҲТ нуфузининг кескин ошишига туртки бўлмоқда. Бу жиҳатлар ён қўшнилар билан муносабатлар ижобий томонга ўзгаргани мисолида яққол кўринади. Қисқача айтганда, Ўзбекистон юритаётган очиқ ташқи сиёсат ташкилотимизнинг кўзлаган мақсадларини рўёбга чиқаришда асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Циндаода бўлиб ўтадиган саммитга тайёргарлик юмушлари ўтган йил Остонадаги анжуманимиз якунланиши билан бошланган эди. Хитой томони бу муҳим тадбирнинг ташкилий ҳамда бошқа масалаларига аллақачон тайёргарлик кўриб қўйди. Ҳозирги пайт-да биз айрим ҳужжатлар устидаги ишларни якунлаш арафасидамиз. “Бу йилги Циндао саммити аввалгиларидан нимаси билан фарқланади?” деган саволингизга жавоб берадиган бўлсам, авваламбор, сафимиз кенгайди. Табиийки, якунда қабул қилинадиган декларация шу нуқтаи назардан долзарбдир. Иккинчидан, жорий йилда Президентлар илк бор ёшлар масаласи бўйича ўз позицияларини билдирадилар. Бу масалада бизга Ўзбекистон томони катта кўмак бермоқда. Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ёш авлод масаласи ҳақида жуда муҳим таклифларни илгари сурган эди. Дарҳақиқат, ёшлар — бизнинг эртамиз. Шу жиҳатдан масаланинг долзарблигини инобатга олиб, саммит кун тартибида бу йўналиш илк марта кўриб чиқилади. Умуман олганда, Циндао декларацияси бугунги давримизнинг энг муҳим масалаларини ўзида мужассам этади.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар