Хитой АҚШдаги COVID-19га чалинган беморларга Трамп каби даволаниш насиб этишини тилади

09:22 05 Октябр 2020 Дунё
313 0

ХХР ТИВ расмий вакили Хуа Чуньин АҚШда коронавирусга чалинган барча беморларга мамлакат президенти Дональд Трамп каби энг яхши даволаниш насиб этишига умид билдирди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

"Кеча АҚШда COVID-19 билан боғлиқ 47 мингдан зиёд ҳолат ва 600 киши ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинди. Бу беморлар мана шундай оғир синовдан ўтаётгани кишини қайғуга солади. Умид қиламанки, улар ҳам худди президент каби "энг яхши" даволанишдан баҳраманд бўлишади", — деб ёзган Хуа Чуньин ўзининг Твиттер саҳифасида.

Хабарингиз бор, ўтган ҳафта пайшанба куни Трамп коронавирусни юқтириб олгани маълум бўлгач, Вашингтондаги ҳарбий госпиталга ётқизилди. Шифокорлар унинг аҳволи яхши эканлигини билдиришмоқда. Ҳатто у кеча госпиталдан лимузинида чиқиб, клиника атрофида соғайиб кетишини сўраб дуо қилаётганларга миннатдорчилик билдирган.

ХХР раиси Си Цзиньпин ўтган шанба куни Трамп ва унинг турмуш ўртоғи Меланьяга тез орада тузалиб кетишини тилаб телеграмма ҳам жўнатди.

Дональд Трамп эса оммавий чиқишларида коронавирус ҳақида гапирар экан, уни «Хитой вируси» деб атаб, ХХРни касаллик тарқалиб кетишини тўхтатиб қолишга лаёқатсизлик, фактларни яшириш ва ўз вақтида жавоб бермаслик кабилар билан айблаб келади. Хитой ҳукумати эса бошиданоқ коронавирус инфекцияси эпидемияси ҳақидаги маълумотларни эълон қилишда очиқ ва масъулиятли позициядан бораётганини таъкидлаб келмоқда. 

Охирги маълумотларга кўра, АҚШда ҳозиргача ковидга чалиниш билан боғлиқ 7,3 млн.дан ортиқ ҳолат қайд этилган бўлса, 209 мингдан зиёд инсон вафот этган, 2,8 млн.дан ошиқ бемор соғайган.  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?