Хит қилаётган “хит” қўшиқлар

05:26 24 Январь 2019 Жамият
1150 0

Иллюстратив фото

Бугун инсоният тараққиёт асрида яшамоқда. Қайси соҳада бўлмасин, ривожланиш, юксалишни кўряпмиз. Шунга мутаносиб тарзда инсон онги, дунёқараши, фикрлаши ҳам тобора ўсиб бораётир. Энди оддий нарса билан одамларни ҳайрон қолдириш қийин. Шу нуқтаи назардан, санъат соҳасида ҳам рақобат кучайган. Бироқ баъзан “қош қўяман деб, кўз чиқариш” ҳолатлари ҳам учраб турибдики, бундан кўз юмиб бўлмайди.

Гап шундаки, ҳамон енгил-елпи қўшиқлар ҳам яратилиб, концертларда ижро этилмоқда, эфирга узатилаётир. Афсуски, қофия, туроқсиз, тумтароқ, матни ғализ, маънавиятимизга зид, кўча тилига яқин сўзлардан иборат қўшиқлар ҳам куйланмоқда. Ёш хонандалар тезроқ танилиш учун шон-шуҳрат ортидан қувиб, ёшларбоп ёки замонавий тил билан айтганда, “хит” қўшиқ яратаман деб, бўлар-бўлмас клиплар тайёрлатяпти. Ашула матни ҳам клипга мос — енгил-елпи, мазмунан саёз.

Маъноси йўқ гапдан мазмунсиз “шеър”ларгача...

Сўнгги пайтларда телеканаллар орқали тез-тез янграётган бир аёл хонанданинг “Балле-балле” деб номланган қўшиғида фойдаланилган сўзларга эътибор қилинг: “Балле-балле, балле-балле, Ўйнаб кулингларде, Доим хурсанд яшаб, айтинг балле-балле”. Хўш, бирор маънавий юки борми бу сўзларнинг?!

Яна бир аёл хонандамиз томонидан ижро этилган “Сакраменто” деб номланган қўшиқ матнида шундай сўзлар келтирилган: “Логика-логикали, физика-физикали, мусиқа-мусиқали... Бўлди, бўлди йиғламенто, Бузилмасин косметико, Кўз ёшларим томчилатма логика-логикали...” Бу қўшиқда на маъно, на мантиқ бор.

Бир эстрада гуруҳи томонидан айтилган қўшиқда эса: “Билмадим-билмадим, Ман ҳали дунё кўрмадим, Бир ой бўламиз туристо, Сув ости олами Жак-Ив Кусто”. Буни қўшиқ деб аташ мумкинми? Наҳот айрим хонандалар замонавий эстрадани шундай тасаввур этишяпти?

Бугун аксарият қўшиқчиларнинг матнни ўзи ёзиши, мусиқасини ҳам ўзи басталаши кўпчиликка яхши маълум. Хонандаларнинг шеър ёзишига қаршилигимиз йўқ. Қўлидан келса, ёзсин. Ҳам қўшиқ куйлашни, ҳам унга шеър ёзишни қойил қиладиган санъаткорларимиз ҳам йўқ эмас. Лекин шунчаки оҳангга мослаб, олди-қочди сўзлардан гап ясаб айтилгани билан қўшиқ бўлиб қолмайди-ку!

Муаммонинг ечими борми?

— Тан олишимиз керакки, кейинги йилларда миллий эстрадамизда айрим камчилик ва қусурлар кўзга ташланмоқда, — дейди “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси масъул ходими, Бадиий кенгаш аъзоси Матлуба Темур қизи. — Албатта, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, астойдил меҳнат қилиб, ўзининг истеъдоди ва маҳорати туфайли қўшиқчилик санъатимизни бойитишга ўз улушини қўшиб келаётганлар билан бирга, соҳага адашиб кириб қолган, санъатни пул топишнинг осон йўли ёхуд бир эрмак деб биладиганлар ҳам бор. Агар уларни икки тоифага ажратадиган бўлсак, биринчи тоифа вакиллари устоз кўрган, соҳада суяги қотган, мусиқа назарияси, нота ёзуви, гармония, овоз ишлата билиш маҳорати каби дарсларни ўтаган профессионал ижрочилар бўлса, иккинчи тоифадагилар шунчаки ҳаваскорлар, яъни бу соҳада ўқимаган, маълумотга ҳам эга бўлмаган, таъбир жоиз бўлса, биров куйлаган қўшиққа лабини қимирлатиб турадиганлар тоифасидир. Айнан ана шундай ижрочилар кўпайиб кетгани боис қўшиқчилик санъатимизда муаммолар урчимоқда.

Ҳар бир хонанда ё ижрочи, авваламбор, ижод қилиш ҳуқуқига эга. Биз уларнинг йўлини тўсиб қўйишга ҳаққимиз йўқ. Аммо улар билан давра суҳбатларида доим “шоир, хонанда, бастакор” учлиги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида тушунтириш ишлари олиб борамиз. Ўзимиз хонандаларга профессионал шоирларнинг шеърларидан танлаб, саралаб, тавсиялар берамиз. Энди бу ёғи ижрочининг диди, савияси, билими, интеллектуал салоҳиятига ҳам боғлиқ.

* * *

Ботир Эргашев, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошидаги Қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш бўйича Бадиий кенгаш аъзоси, шоир:

— Санъатнинг бирор йўналишига Бадиий кенгашнинг қаршилиги йўқ, ким қайси йўналишда ижод қилишни хоҳласа, марҳамат. Фақат хонанда хоҳ миллий эстрада ижрочиси бўлсин, хоҳ рэп, ёки рок йўналишида ижод қилсин, аввало, ижро этмоқчи бўлаётган қўшиққа ҳар жиҳатдан муносиб матн танласин. У қўшиғи орқали тингловчига нима бермоқчи эканини яхши англаши зарур. Ҳар бир хонанда “Мухлисларнинг маънавий дунёсига қай тарзда кириб боришим керак, шинавандаларнинг эстетик завқ олиши учун нима қилсам тўғри бўлади?”, деган саволларни ўз-ўзига бериб кўрсин.

Афсуски, кўнгилни бир оз хира қиладиган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Бугун қўшиқларда кузатилаётган салбий ҳолатлардан бири — қўшиқчиларнинг матн, яъни шеър танлай олмаслиги. Масалан, қўшиқларда фойдаланилган “Бум-бум бумеранг, қайтиб келар бумеранг”, “Менинг отам капитан, уйимизда капитан, самолётда капитан, пароходда капитан”, “Дум-дум, таки-таки дум-дум”, “Кел бағримга, мен сени ҳис қилай” каби енгил-елпи, ҳирсга йўғрилган, қуруқ, мантиқсиз, пала-партиш тузилган сўзлар йиғиндисини шеър дейиш мумкинми?

Қўшиққа матн танлаш бир томон-у, унга ишланган клиплар бир томон бўляпти. Қўшиқлар ва уларга ишланган клиплар Бадиий кенгаш тасдиғидан ўтмагани учун ижтимоий тармоқлар орқали “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига маломатлар ёғдириб, кенгашни “цензура” деб атаётганлар адашади. Кенгаш асло ундаймас, балки жамоатчилик фикрини ўрганиб, шу йўсинда фаолият олиб боради.

Ахир эркинлик дегани санъатни шаҳватга, адабиётни жаҳолатга айлантириш, дегани эмас-ку! Бадиий кенгашнинг мақсади қўшиқчиларнинг ижодига халақит бериш ёки тўсиқ қўйиш эмас, балки уларга тўғри йўл кўрсатиш, қусур ва камчиликларини бартараф этишга йўналтириш, миллий санъатимиз ривожига ҳисса қўшишдан иборат.

Ҳаваскор хонандаларни кимлар “эркалатяпти”?!

— Яна бир муҳим жиҳат ҳақида тўхталмасдан иложимиз йўқ, — дея сўзида давом этади суҳбатдошимиз Матлуба Темур қизи. — Тасаввур қилинг, ташкилотимизда 16 нафар ходим ишлайди. Республикада неча минг хонанда ижод қилади-ю, уларнинг қанчадан-қанча яратган қўшиқлари бор. Биз ҳаммасининг ортидан қувлаб юролмаймиз-ку, ахир? Қолаверса, бемаза қўшиқларни ким тарғиб қиляпти? Нодавлат хусусий каналлар эмасми?

Дейлик, хонанда бемаза “қўшиқ” тайёрлаб ойнаи жаҳонга тақдим этди. Бундан биз мутлақо бехабармиз. Хўш, нега энди ойнаи жаҳонда фаолият юритаётган муҳаррирлар, мутасаддилар ўша қўшиқни эфирга, кенг жамоатчиликка узатади? Қайтарсин! Минг афсуски, тижорат каналлари мўмайгина келиб турган даромадни қайтармайди-да...

Бир кунда бу “қўшиқ”лар такрор ва такрор айланавериб ёшларнинг қулоғига сингиб кетади, онг заҳарланади, унинг таъсирига тушиб фикрлаш, мушоҳада қилиш, том маънодаги санъат билан ҳаваскорлик даражасидаги санъатнинг фарқига ҳам боролмайдиган, диди паст кимсага айланади-қолади. Бир қараганда унчалик хавотирга ўрин йўқдек, аммо чуқурроқ ўйлаб кўрсангиз, бу жуда қўрқинчли ва аянчли ҳолат.

Назаримизда, хонандалар ишни ўзларини ислоҳ қилишдан бошлашлари керак. Бу қўшиқ куйлаш масъулияти, халқ олдидаги юксак масъулият, саҳнага бўлган масъулиятдир.

Ижодкорлар ҳам телеканаллар “диди”га мослашяпти...ми?!

Бадиий кенгаш мутахассисларининг айтишларича, яна бир муаммо: айрим телеканаллар Бадиий кенгаш муҳокамасидан муваффақиятли ўтган савияли қўшиқларни “Бизнинг форматимизга тўғри келмайди”, деган важ билан рад этаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Хонандалар баъзан бундай муносабатдан нолиб қоладилар. Шу сабабли кўзга кўринган туппа-тузук қўшиқчилар ҳам ўз ижод намуналарини телеканаллар “диди”га мослаштиришга мажбур бўлишяпти. Охир-оқибат яхши ижод маҳсули яроқсиз ҳолатга келиб қолмоқда.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Негадир сўнгги пайтларда мумтоз шоирларимиз ғазалларига мурожаат қилиш камайиб кетди. Майли, эстрада хонандалари мумтоз йўналишда қўшиқ айтишмасин, бироқ ғазаллардан фойдаланиб, яхши қўшиқ яратиш мумкин-ку! Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Озодбек Назарбеков буюк мумтоз шоирлар Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига мурожаат қилиб, уларнинг ғазалларига қўшиқ ёзди. Миллий эстрада йўналишида айтилган бу қўшиқлар санъат шинавандаларига манзур бўлди. Пировардида классик адабиётга мурожаат этиб ҳам, эстрадада ижод қилиш мумкинлиги исботланди.

Фикримизча, “хит” қўшиқ яратиш она тилимизнинг бузилиши, уни оёқости қилиш ҳисобига бўлмаслиги лозим. Қолаверса, бундай қўшиқлар қалблардан жой олмайди — тезда унутилади.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019