"Хавотирга ўрин йўқ" — Анҳор устидан ўтган пиёдалар кўпригининг ҳолатига изоҳ берилди

23:15 13 Октябр 2020 Жамият
364 0

Пойтахтнинг Наврўз боғидаги Анҳор устидан ўтувчи пиёдалар кўпригининг фотосуратлари электрон оммавий ахборот воситаларида тарқатилмоқда ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари унинг ҳолатидан хавотирда. 

Ушбу ҳолатга "Ўзбекистон темир йўллари" ўз муносабатини билдирди.

"Бундай ҳолатга бефарқ бўлмаган ҳамюртларимиз: "Таянчларнинг пастки қисми унчалик яхши аҳволда эмаслиги тасвирлардан яққол кўриниб турибди-ку", — деб изоҳ беришмоқдалар. Мутахассислар, ташвишланишга умуман ҳожати йўқ, деб ишонтирмоқдалар. Сабаби, қурувчилар томонидан мазкур кўприк таянч пойдеворлари конструкциясига диаметри 1500 мм. бўлган, ҳамда 41 метр чуқурликка ботирилган, бурғилаб-қоқилувчи темирбетон қозиқлар қоқилганлигини айтиб ўтмоқдалар.

Келтирилган фототасвирларда таянч пойдевори каллаги (насадкаси) остида айнан бурғилаб-қоқилувчи қозиқнинг бетонланган скважинаси кўриниб турибди. Қўлланилган қурилиш технологиясига мувофиқ, таянчларни баландлик бўйича жойлаштиришда каналдаги энг баланд сув сатҳи эътиборга олинган. Бунда бурғилаб-қоқилувчи қозиқнинг арматураланган қобиғи ҳам мавжуд бўлиб, у таянчнинг юк кўтарувчанлик қобилиятига ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди. У фақат меъморий-эстетик кўриниш бериш учунгина мўлжалланган. Мазкур қобиқ сувнинг энг паст сатҳидан келиб чиқиб бажарилган. Бироқ фототасвирдан кўриниб турибдики, сув сатҳи ўзининг лойиҳада кўзда тутилган минимал сатҳидан ҳам пастроқ тушган, оқибатда сирти нотекис, бетон устунининг танаси очилиб қолган. Юқорида келтирилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, таъкидлаш мумкинки, мазкур пиёдалар кўприги ҳеч қандай хавф-хатар туғдирмайди, фойдаланиш учун яроқли ҳолатда.

Маълумот учун: бурғилаб-қоқилувчи қозиқларни ўрнатиш технологиясига кўра, бурғилаш ишлари қуйидаги тарзда олиб борилади: Грунтга, ғилоф вазифасини бажарадиган, қобиқ қувурлар (обсадная труба) ботирилади, сўнгра механизм чўмичи воситасида қувур ичидаги тупроқ кавлаб олиб ташланади, ҳамда лойиҳада кўрсатилган сатҳгача ботирилади, қувур ичида вужудга келган, скважинага (бўшлиққа) бор чуқурилиги бўйлаб металлардан тўқилган каркас туширилади, иш якунида эса мазкур бўшлиқ монолит бетон билан зичлаб тўлдирилади. Бетонни қуйиш пайтида қобиқ-қувурлар суғуриб олинади. Грунт структурасидан келиб чиққан ҳолда, қобиқ-қувурлар скважина ичидан суғуриб олингач, скважинанинг сирти теп-текис бўлмайди. Бетон жойлаш жараёнида нотекис сирт вужудга келиб, пайдо бўлаётган скважина бекаму кўст даражада силлиқ шаклда бўлмай, меъморий-эстетик жиҳатдан бежирим бўлишининг имкони йўқ. Скважина конструкцияси таянч заминида ўрнашган бўлиб, қоидага кўра, сув ёки ер сатҳидан пастроқ ботирилган бўлмоғи лозим" дейилади унда.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?