Халқнинг ризолиги учун қурилган иншоот ёки Ромитандаги давлат муҳофазасига олинган Чориқулбой кўприги ҳақида нималарни биламиз?

11:41 25 Ноябрь 2019 Жамият
594 0

Чориқулбой ким бўлган?

Ўтмишга назар ташласак, эл – юрт ғамини еган, одамлар ташвишини енгил қилишдек эзгу ишлар этагидан тутган инсонлар кўп бўлганини кўрамиз.Ромитаннинг Қоқиштувон қишлоғида туғилган Чориқул Пирнафас ўғли шундай кишилардан эди.

Айтишларича, қишлоқ оқсоқоли бўлган отаси вафот этаётганида унга “Мол – дунё бу – қўлнинг киридай гап.Ювсанг қўлдаги кир кетади.Ўзингдан яхши ном қолдиришга интил.Халққа меҳрибон бўл. Мен билан сенинг бой – бадавлат бўлиб юришимиз халқнинг шарофатидан” дея васият қилган экан.

Отаси бандаликни бажо келтиргач, Чориқул юрт оқсоқоли бўлди.Ақл – заковати,зукколиги, ишбилармонлиги туфайли обрў-эътибор топди. Қоракўл қўйлар боқиш билан шуғулланди. Бойлигига бойлик қўшилди. Ниҳоят,Бухоро амири ҳузурига бориб, ўз ҳисобидан мадраса қуриш ниятида эканини айтди.

Бухоро тарихининг билимдонларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Тўра Ҳалимовнинг ўз тадқиқотларида ёзишича, амир шариат қонун – қоидалари бўйича масъул аълам билан бу таклифни ўрганиб,муҳокама қилиб, “Мол – давлатингизга озроқ бўлса – да судхўрлик аралашган экан.Сизга мадраса қурмоқ раво эмас.Аммо шундай иш қилингки, бу мадрасадан ўн чандон ортиқ бўлсин”, дейди ва Ромитандан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси устида кўприк қуришни маслаҳат беради.Чунки мавжуд кўприк омонат бўлиб, баҳорги тошқинлар пайтида одамлар ҳаёти хавф остида қоларди.

Чориқулбой рози бўлади ва ишга киришади.Кўприк лойиҳасини тузиш, уни қуриш учун Германия, Чехия ва Россиядан мутахассисларни жалб қилади.Узунлиги салкам 100 метр, эни 7,5 метр бўлган бу гидротехник иншоот 1911 -1914 йиллар давомида қурилади.Унда маҳаллий аҳоли ҳам фаол иштирок этади.Чориқулбой ҳар бир ишловчига яхши ҳақ тўлаб, рози – ризолигини олган.Ҳар бири энининг узунлиги 3,5 метрдан иборат 8 та устунли бу кўприк жуда маҳобатли бўлиб, унинг қурилишида бирорта ҳам ёғоч, темир ишлатилмаган.Фақат обиғишт, тоғ тошлари ва ганчдан фойдаланилган.Шу тариқа 9 та сув дарвозаси бўлган, Европа давлатларидаги кўприкларни эслатувчи иншоот қурилган.1914 йилда унинг фойдаланишга топширилиши катта тантана қилинган.

Айтиш керакки, халқ орасида Чориқулбой билан боғлиқ жуда кўп ривоятлар бор.Бу ҳикоятлар унинг саховатли, бағрикенг,ориятли, ақлли, эл –юрт ташвиши билан яшаган инсон бўлганидан дарак беради.Масалан, бир ҳикояда айтилишича, Чориқулбой бозорга борганида савдо –сотиқ қилмай одамлар кўзидан панада тураркан.”Нега бозор – ўчар қилмаяпсиз”, дейишганида “Одамларнинг ўзларига керакли нарсаларни олишларини кутяпман.Мен харидни бошласам, кимгадир рўзғорига керакли мол етишмай қолади.Оқибатда у уйига қуруқ қўл билан қайтиши мумкин”, дея жавоб берган экан.

Ҳа, Чориқулбой бой – бадавлат одам саналган.Аммо унинг маънавий дунёси моддий бойлигидан кўра ўн ҳисса юксакда эди.

Ҳўлу қуруқ баробар ёнди

Амирлик қулаб, Бухорода ҳам шўро тузуми ўрнатилгач, алғов – далғовли дамлар бошланди.Кўплаб кишилар қатори Чориқулбойнинг ҳам мол –мулки мусодара қилинди.Ҳўлу қуруқ баробар ёнди.Тарихчи Т. Ҳалимовнинг ёзишича,бу пайтда Чориқулбойнинг 50 минг бошдан зиёд қўй –эчкиси, 200 бош туяси, 200 йилқиси, ҳовли – жойлари бўлган.

Бу кўргулик камдек, Чориқулбой Оренбургга сургун қилинди.Аммо ойнинг ўн беши ёруғ, деганлари каби 1933 йилда унинг иши судда қайта кўриб чиқилади.Натижада ўз мол – мулкини давлатга ихтиёрий тарзда топширган, ҳеч кимга зиёни тегмаган, ёши 85 да бўлган бу инсон озод қилинади.Шундан сўнг Туркманистоннинг Чоржўй вилоятига кўчиб кетади.Орадан бир йил ўтиб ўша ерда вафот этади ва дафн этилади. Ҳозир Қоқиштувон қишлоғидаги қабристонда Чориқулбойнинг рамзий қабри бор.Невара – эваралари 1993 йилда боболари дафн этилган жойни аниқлаб,қабридан тупроқ келтириб қўйишган.

Чориқулбой кўпригининг тақдири

Маълум бўлишича, Чориқулбой кўпригидан 60 йил давомида фойдаланилган.Фалакнинг гардишини қарангки, унинг тақдири ҳам Чориқулбойникига ўхшаб кетади.Шўролар даврида ғиштини маданият клуби қуришда ишлатамиз, деб кўприкни бузмоқчи бўладилар.Ўша паллада ҳаёт бўлган Чориқулбой ўз ҳисобидан клуб қуриб беради ва шунинг эвазига иншоотни сақлаб қолади.

Кейинчалик янги кўприк қурилди.Чориқулбой кўприги эса ҳозир маданий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасида.Иншоот барпо этилганининг 100 йиллиги муносабати билан у 2014 йилда катта маблағ сарфланиб таъмирланди.Сайёҳлар ташриф буюрадиган жойга айлантирилди.Бир қарашда ҳаммаси жойида.Аммо... ҳозир бу иншоотни томоша қилгани келган кишининг таъби хира тортади.Гап шундаки, давлат муҳофазасидаги бу объект атрофи кўримсиз аҳволда.Иншоотдаги айрим плита тошлар кўчиб кетган.Яхши ният билан ўрнатилган тунги чироқлар қўпориб олинган.Кўрса, киши хижолат чекадиган ёзувларни айтмайсизми?Булар айрим кимсаларнинг маданий меросимизга бўлган ҳурматсизлигидан бўлак нарса эмас, албатта.

Сир эмас, баъзи давлатларда маданий мерос объектлари бармоқ билан санарли даражада оз.Шукрки, бизда бундай осори атиқалар жуда кўп.Айрим маълумотларга кўра, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақалараро давлат инспекцияси томонидан биргина Бухоро вилоятида 660 та моддий-маданий мерос объекти рўйхатга олинган.Шундан 231 таси археология объекти, 364 таси архитектура ёдгорлиги, 19 таси монументал санъат асари, 22 таси архитектура ансамбли ва 24 таси диққатга сазовор жойлардир.

Қадимий осори атиқаларнинг кўплиги ота – боболаримизнинг ақл – заковати, маънавияти, салоҳияти тоғ қадар юксак бўлганидан далолат беради.Шундай экан, уларни кўз қорачиғидек асраб – авайлаш, эъзозлаш ҳар бир кишининг бурчидир.Шу оддий ҳақиқатни ота – оналар, муаллимлар, маҳалла фаоллари ёшлар онгига сингдириши зарур.Токи, ўғил – қизларимиз тарихий меросга зиён етказиш,унга нисбатан беписандлик ўзимиз турган дарахт шохига болта уриш билан баравар эканини англаб етишсин.Зеро, саховатли Чориқулбой жуда катта маблағ сарфлаб қурдирган иншоотида “Мен Чориқулбой, халқимнинг ризолиги, дунё ҳаваси ва шавқи, элим осойишталиги ва меҳри учун, инсонлар бахт – саодати, келажагига хизмат қилиши учун ушбу кўприкни қурдирдим” дея бежиз ёзиб қолдирмаган.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?