Халқимиз яхшилик учун доимо шамолдан тез бўлган

01:56 05 Май 2020 Жамият
256 0

Иллюстратив фото

Ўзбекнинг хулқи гўзал. Ўзбекнинг сабри гўзал. Унинг бағрикенглиги эса шу гўзалликларга гултождир. Халқимиз доимо бу фазилатларига содиқ қолган. Туғишгану қариндош уруғи у ёқда турсин, “Ё Раббим!” деган мазлумни, мусофирни, беморни қўлидан тутиб бағридан жой берган. Сирдарёдаги сув тошқини туфайли халқимиз ана шу қадриятини яна бир бор намоён этди. Жумладан Тошкент вилояти аҳолиси ҳам қўшни вилоятдаги ҳолатни ўз дарду ташвиши деб қабул қилди. Рўй берган воқеанинг дастлабки куниёқ ёрдамга шошилишди. Вилоятнинг барча ҳудудларида оиланинг кунлик эҳтиёжи учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, стол-стуллар тайин этилган манзилларга тўпланди. Ҳаттоки, кишилар эшигидаги ортиқча деб ҳисоблашган қорамолларини ҳам ҳадя сифатида тақдим этишди.

Бу беғараз ёрдамлар Бекобод туманида 12 та, Бўка туманида 14 та, Олмалиқда 14 та, Оҳангаронда 8 та юк автоуловига жойланди. Шу тариқа вилоят аҳлининг сирдарёликларга беғараз кўмак карвони манзилига етказилди.

Вилоятнинг танти ва жўмард кишилари бу билан чегараланиб қолишмади. Бўка, Бекобод, Янгийўл, Чиноз, Оққўрғон, Пискент туманларидаги юзлаб хонадон соҳиблари уйларининг бир қисмини Сирдарёдаги вақтинча яшаш жойидан кўчирилган кишиларга бўшатиб беришди.

Пискент туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича,  айни дамгача Оқолтин, Сирдарё, Мирзаобод туманлари ва Гулистон шаҳридан келган 44 та оиладаги 125 нафар киши Пискент туманидаги маҳаллаларда истиқомат қилишмоқда. Жумладан, “Новкент”даги 6 хонадонда 51нафар, “Зоминовул” МФЙдаги 5 та хонадонда 21 нафар, “Ғайрат” маҳалласидаги 1 хонадонда 11 нафар, “Дўстлик”МФЙдаги 1 хонадон 8 нафар, “Мўминобод”даги 1 хонадонда 27 нафар сирдарёлик юртдошимиз қўниб топдилар.

Вилоят мутасаддиларининг маълумотига кўра, ҳудуд бюджетидан сирдарёлик жабр кўрганларга беғараз кўмак сифатида 5 миллиард сўм пул маблағи ҳам юборилган.

Бундай меҳр саховатларни муборак Рамазонда қилинаётгани кишиларнинг ажру савобини кўпайтирмоқда. Буни теран англаган саховатли донишлар меҳмон қабул қилган хонадонларда, манзилларда ифторлик ва саҳарлик дастурхонлари ёзишмоқда.

Шу сатрларни ёза туриб кўзимга ёш қалқиди. Бехосдан муҳаддислар султони имом ал-Бухорий ҳазратларининг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асаридаги мана бу жумлалар ёдимга тушди:

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилдадилар:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Аллоҳ йўлида нимаики бўлса ҳам, бир жуфтдан(икки динор, икки дирҳам, икки куйлак, икки дўппи) эҳсон қилса, жаннат эшикларидан “Эй Аллоҳнинг бандаси, бу қилган ишинг хайрлик ишдир!” деб ичкарига киргизилгайдир”-дедилар.

Халқимиз доимо яхшилик учун шамолдан тез бўлишган. Бугун ҳам шундай фазилатлар билан бир-бирига кўмак беришяпти. Бу меҳр-мурувватлар, сахийлик ва жўмардликлар ота-боболаримизнинг бизга қолдирган бебаҳо маънавий мероси мевасидир.

Шодиёр Мутаҳаров,

(“Халқ сўзи“)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?