Халқимиз осойишталиги йўлида

09:10 20 Июнь 2018 Жамият
333 0

Президентимизнинг шу йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштиришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятли бўлди.

— Айтиш жоизки, ўтган давр мобайнида Тошкент шаҳрида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг изчил ҳамкорлигида ушбу соҳада сезиларли ишлар амалга оширилди, — дейди Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари Азизхон Умархонов. — Энг асосийси, қирқдан ортиқ норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Бундан ташқари, Ички ишлар вазири ўринбосари — ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ҳар ўн кунда халқ олдида ҳисобот бериши ҳамда ташкил этилган ички ишлар идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаларининг бошлиқлари ҳар чоракда, уларнинг ўринбосарлари эса ҳар ойда халқ депутатлари туман Кенгашлари сессияларида ҳисобот беришлари тўлиқ йўлга қўйилди. Ички ишлар бош бошқармаси қуйи тизимлари барча шахсий таркибининг 75 фоизи ҳозирги кунда ташкил этилган ички ишлар бўлимларига тушириб берилди. Навбатчилик қисмлари йўлга қўйилди. Мақсадимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.

Бу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси ўлароқ, Тошкент шаҳрида ўтган 5 ойда умумий ҳисобда жами 3020 та жиноят содир этилиб, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 2680 тага, яъни 47 фоиз камайишига эришилган. Жумладан,талончиликлар 60 фоизга, ўғриликлар 53 фоизга, фирибгарликлар 39 фоизга, безориликлар 54 фоизга, енгил тан жароҳати етказиш жиноятлари 36 фоизга, ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказиш жиноятлари 55 фоизга камайган. Жиноятларнинг фош этилиши даражаси эса 94 фоизни ташкил этади.

Албатта, соҳада эришилган натижалар, хусусан, жиноятларнинг қарийб

50 фоизга пасайгани кишини қувонтиради. Лекин битта бўлса ҳам у барибир жиноят, ҳар бир қонунбузарлик ортида эса инсон, қўйингки, бутун бир оила тақдири, жамиятимиз осойишталиги туради. Президент қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган “Хавфсиз пойтахт” концепцияси эса куну тун бирлашган патруллик хизматларини йўлга қўйиш орқали пойтахтимизни хавфсиз ҳудудга айлантиришга хизмат қилади.

Тан олиш керак, сутканинг, айниқса, кечки ва тунги вақтларида ҳуқуқ-тартибот органлари куч ва воситаларининг тезкор ҳаракати, уларнинг дислокацияси ҳамда қўйилган вазифаларни ижро этиш сифати етарлича самарадор эмаслигини амалиётнинг ўзи кўрсатмоқда. Агар кейинги 5 ой мобайнида Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган жиноятлар таҳлил қилинганда, кечки ва тунги вақтларда қасддан одам ўлдириш 8 тага, қасддан оғир тан жароҳати етказиш 32 тага, қасдданўртача тан жароҳати етказиш20 тага, енгил тан жароҳати етказиш 23 тага, босқинчилик 6 тага, талончилик13 тага, ўғирлик 18 тага, транспорт воситаларини олиб қочиш 11 тага, безорилик 40 тага ошганига гувоҳ бўлиш мумкин.

— Тунги жиноятлар асосан кўнгилочар масканлари ва жамоат жойларидаги безорилик ҳамда ўғирликлардан иборат, — дейди Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акмал Баҳромов. — Авваллари бир нечта маҳаллалар ҳудудини назорат қилиш ишларига биргина профилактика инспектори билан йўналишли пост патруль хизмати ходимлари жалб этиларди. Қарорга асосан эса келгусида назорат ишларини тунги вақтда янада изчиллик билан олиб бориш кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, тунги вақтда жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, ҳудудларда биронта ҳам жиноят содир этилмаслигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган Президент қарори Тошкент шаҳрида ҳуқуқ тартибот органлари хизмат фаолиятини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тартибини,кечки ва тунги вақтларда ўзаро якдил ҳаракатларнинг самарадор механизмларини жорий этиш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда инновацион усуллардан кенг фойдаланишни назарда тутади. Қарорга мувофиқ ишлаб чиқилган “Хавфсиз пойтахт” концепцияси эса шу йилнинг 1 июлидан, Тошкент шаҳрида синов тариқасида татбиқ этилади. Унга кўра, бир суткада 3 сменалик узлуксиз патруль хизмати йўлга қўйилади, соат 16:00 дан 08:00 гача бўлган вақтда назоратни кучайтириш мақсадида эса Ички ишлар органларининг ЙПХ ва ППХ ҳамда Миллий гвардия бўлинмаларининг 70 фоизидан кам бўлмаган саф қисмлари жалб қилинади. Бундан ташқари, сутканинг кечки ва тунги вақтларида Ички ишлар ва прокуратура органларининг профилактика, тезкор-тергов бўлинмалари, маъмурий судлар, адвокатура, шунингдек, судга доир тиббий экспертиза хизмати ходимлари ҳам фаолият олиб боради.

Қарорга мувофиқ, жойларда Алоқа ва жамоат тартибини сақлаш кучларини мувофиқлаштириш мобиль марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Мазкур ҳаракатланувчи мобиль марказлар кечки ва тунги вақтларда хизмат ўташга жалб қилинган жамоат тартибини сақлаш кучларини назорат қилишда, уларни бошқариш ва самарали ҳаракатини ташкил этишда Ички ишлар бўлимларига кўмаклашади.

Халқаро Геллап ташкилоти томонидан тузилган сўнгги рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон — дунёнинг энг хавфсиз мамлакатлар бешталигидан ўрин олди. Бу мамлакатимизда тинчлик-хотиржамликни таъминлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг халқаро майдондаги эътирофи ҳамдир. “Хавфсиз пойтахт” концепцияси эса мамлакат миқёсида қарор топаётган тинчликва осойишталикнинг чинакам муқаддимаси бўлиб қолади, десак асло муболаға бўлмайди.

Бош прокуратура ҳузуридаги
Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази
материаллари асосида тайёрланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар