Халқимиз маданиятининг ноёб дурдонаси

16:39 03 Апрель 2019 Жамият
1023 0

Бахшичилик халқимиз маънавияти, маданияти ва бадиий салоҳиятини намоён этадиган ёрқин кўзгудир. Ушбу санъат давр мураккабликларини енгиб, ўзининг гўзал шакллари, содда ва теран мазмуни, чуқур моҳияти билан асрлар оша аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Олимларнинг эътироф этишича, “бахши” сўзи устоз, маърифатчи деган маъноларни анг­латади. ­Мутафаккир шоиримиз Алишер ­Навоийнинг “Муншаот” асарида бу сўз котиб, мирзо маъноларида қўлланилган. Ўзбекларда бахши деб аталган халқ ижодкорлари ­бошқа туркий халқларда ҳам мавжуд бўлиб, қорақалпоқларда жиров, қозоқларда оқин, қирғизларда манасчи, мўғулларда тўлчи, ўғузларда узан, дейилади.

Бахшилар фавқулодда кучли хотирага эга бўлади. Улар халқ ­достонларини соатлаб, ҳатто бир неча кун мобайнида ёддан айтиши мумкин. Ушбу санъат, асосан, “устоз — шогирд” мактаби анъаналари асосида ривожланган. Бахшилар шо­гирдларини икки-уч йил, айрим жойларда беш-олти йил беғараз ўқитишган. Вақти келиб, устоз шогирд учун махсус синов уюштирган: шогирд сараланган аудитория олдида бутун бир достонни маромига етказиб куйлаб бериши лозим бўлган. Агар у устоз талабларига мос ижро қила олса, шундан сўнг тарбияланувчи бахши номини олган ва мустақил фаолият бошлаган.

Юртимизда достон куйлаш анъанаси қадимда уч йўналишда ривожланган. Биринчи йўналиш — Булунғур, Нарпай, Нурота, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Шеробод, Жанубий Тожикистонда яшовчи ўзбек-лақай достончилик мактабларида дўмбира чертиб якка ҳолда, бўғиз овоз билан ижро этилган. Иккинчи йўналиш — Хоразмда тор, дутор, ғижжак, гармон, буламон, қўшнай, доира жўрлигида баъзан якка, баъзан жуфт ҳолда, очиқ овоз билан ижро этилган. Учинчи йўналиш — Фарғона водийсида дутор жўрлигида очиқ овозда айтилган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йили Термиз шаҳрида ташкил этилган “Бахшилар мактаби” бахшичилик санъати анъаналарини ўрганиш ва давом эттириш, истеъдодли ёшларни кашф қилиш ҳамда тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги қарорига мувофиқ, 5 — 10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивали ҳам ушбу ноёб санъатимизни жаҳон миқёсида кенг тарғиб этиш, миллий маданиятимизни янада юксалтиришда кенг имкониятлар очади. Бахшиларимиз дўмбираси оҳангини, халқ достонларини дунё аҳли тинглайди. Халқимиз ҳам дўмбиранинг ноёб овози ва бахшиларнинг юксак маҳоратидан, халқ оғзаки ижодининг нодир дурдоналаридан яна бир бор баҳраманд бўлади.

Фестиваль доирасида хорижий ва маҳаллий олимлар иштирокида илмий-амалий анжуман ташкил этилади. Айни пайтда ушбу йўналишда илмий изланишлар олиб бораётган 70 нафарга яқин хорижлик олимлар анжуманда қатнашиш истагини билдириб, ўз маърузаларини тақдим этган. Улар орасида АҚШ, Германия, Франция, Россия, Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Туркия каби йирик мамлакатлар вакиллари борлиги анжуман нуфузини янада оширади.

Азамат ҲАЙДАРОВ, профессор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019