Халқдан кечирим сўраган ҳоким раҳбарлигидаги вилоят йирик инвестициявий форумга мезбонлик қилди. У қандай фойда берди?

17:27 09 Август 2019 Жамият
472 0

8-9 август кунлари Фарғона шаҳрида Биринчи Фарғона инвестициявий форуми бўлиб ўтди. 

Фарғона вилояти инвестициявий салоҳиятини ошириш ва халқаро инвесторлар билан кооперация аудиториясини кенгайтиришга қаратилган ушбу анжуман ўзида дунёнинг 28 мамлакатидан 150дан зиёд сармоядорларни жамлади.

Бизнес форум доирасида минтақанинг инвестициявий муҳити, тўқимачилик, нефть-газ, мева-сабзавот ва бошқа соҳалар бўйича салоҳияти тақдим этилди. Бу ерда 2019 йилда хориж сармояси иштирокида 46 та корхона ташкил этилгани, уларнинг умумий сони 329 тага етгани қайд этилди. Охирги икки йилда тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 5 баробар ошди.

Иштирокчилар маҳаллий тадбиркорларнинг “Фарғонада ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги маҳсулотлари кўргазмаси билан яқиндан танишдилар. Экспонентлар орасида  Fargonaazot компанияси, Germes Ideal Sifat лак-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш хусусий корхонаси, Vostok Composite силлиқлаш ускуналари ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси, Eko Avalon хусусий корхонаси ва бошқалар жой олди.

Якунда қатор компаниялар билан умумий ҳажми 358 млн. долларлик меморандумларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Улардан 45 млн. доллари экспорт шартномалари ҳиссасига тўғри келгани эътиборлидир. Хусусан, ҳамкорлардан бири Мисрнинг KAPOFO Agri Projects компанияси билан имзоланган умумий қиймати 2 млн. долларлик битимда балиқчилик тармоғини ривожлантиришга қаратилган лойиҳани амалга ошириш кўза тутилган. Бунинг натижасида 30тадан 50 тагача иш ўрни яратилади. 

Матбуот брифингида минтақанинг ташқи бозорларга чиқишда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари катта ёрдам бераётгани эътироф этилди.

- Бугунги кунда Исроил билан паррандачилик соҳасида қўшма лойиҳани рўёбга чиқариш бўйича музокаралар олиб боряпмиз, - дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Муҳсинхўжа Абдураҳмонов. – Яна бир истиқболли лойиҳа – Германия билан ҳамкорликда тест режимида шамол электр станцияси ва қуёш панелларини ўрнатишдир.

Қайд этилганидек, Фарғона вилоятида хориж корхоналарини тезкор рўйхатга олиш учун шароитлар яратиляпти. Хусусан, инвестор минтақадаги Халқ қабулхоналаридан биридан ярим соат ичида рўйхатдан ўтиши мумкин.

Айтганча, форумга бир кун қолганда Фарғонада янги тўқимачилик фабрикасини очиш бўйича 200 минг долларлик ўзбек-турк лойиҳаси амалга оширилиб, 200 та иш ўрни яратилди. Сезиларли ўсишга қарамай, инвестициялар ва лойиҳаларни ўзлаштириш икки-уч йил вақтни оладиган узоқ муддатдир.

- Ушбу вақт ичида сармоядор бозорни ўрганиши ва лойиҳани тўлиқ ишга тушириш имкониятларини кўриб чиқиши керак, - дейди Фарғона вилояти ҳокимлигининг инвестициялар бўйича бўлим бошлиғи ўринбосари Дониёр Ғозиев. – Мисол учун, хитой компанияси ўтган йил март ойида бир лойиҳани ўрганишни бошлаган эди, инвестиция битимини эса яқинда имзолашди. 

Форумнинг иккинчи куни танишув ташрифларига бой бўлди. Чет эллик қатнашчилар Марғилондаги Халқ қабулхоналаридан бирига бориб, давлат хизматлари кўрсатиш ва музокаралар олиб бориш жараёнлари билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Фарғона вилояти инвестициявий салоҳиятини яққол намойиш этиш учун UzAutoMotors автомобилларига эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи UzSungwoo, аёллар либослари тайёрланадиган Narimteks тўқимачилик фабрикасига ташрифлар ташкил этилди.

Тадбир якунлари бевосита республика ҳудудларининг ўзида шу каби форумларнинг ўтказилиши маҳаллий ва хориж ишбилармонлари ўртасида илғор сармоявий ҳамкорликни йўлга қўйишда энг кўп самара беришини намоён этди.

Онлайн нашримизда ушбу форум доирасида водийда туяқуш терисидан шифобахш пойабзаллар, Беларуснинг машҳур қуюлтирилган сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ҳақида хабар бергандик.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019