Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристин Лагард Ўзбекистондаги ислоҳотлар, инклюзив ривожланиш ва ҳамкорликнинг янги формуласи бўйича гапирди

18:33 21 Май 2019 Иқтисодиёт
315 0


ХВЖ бошқарувчи директори Кристин Лагард нутқ сўзлади. Қуйида унинг ҳисобот нутқини тўлиқлигича тақдим этамиз. 

Кириш ва асосий мавзу

Хонимлар ва жаноблар, ҳайрли тонг, ассалому алейкум! 

Раис Нурмуратов, олийҳимматли кириш сўзларингиз учун раҳмат. Раис бириничи ўринбосари жаноб Ишметов, илиқ кутиб олганингиз учун ташаккур. Барчангизни кўриб турганимдан хурсандман. 

Кеча бу ерга келишимдан олдин менга ўзбекларда “Меҳмон отангдан улуғ ”, деган машҳур мақол борлигини айтишди. 

Юртингиз меҳмони сифатида шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон халқи меҳмондўстлик борасида дунёда тенгсиз. Халқаро валюта жамгармаси сизлардан миннатдор. Шу ўринда мазкур гўзал нақлда онанинг ўрни айтиб ўтилмаганига эътибор бердим. Ўйлайманки, онанинг мавқеи энг юқори ўринда бўлади ва бу мавзуга ҳали қайтаман. 

Албатта, Ўзбекистонга келган ҳар бир одам меҳмондўстликдан ташқари яна бир нарса – бу юртнинг тарихи ҳақида ўйлайди. Деярли минг йил давомида денгизга чиқиш имкони бўлмаган бу ўлка савдо ва ўзгаришлар маркази бўлиб келган. Айнан мана шу заминда - Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона водийси ва ён-атрофдаги кўплаб масканлардан ўтган Буюк Ипак йўли оддий савдо-сотиқ йўлидан, бутун дунёнинг диққатини жалб қилувчи мўжизага айланди. 

Савдо-сотиққа эркинлик берилгани туфайли шаҳарлар гуллаб-яшнаган. Етакчи олимлар, ҳунармандлар, шоиру бастакорлар ушбу масканни ўз ватани деб билган. Шаҳарлар тараққиёти ортидан инновациялар кириб келган. Хивада алгебранинг “отаси” Муҳаммад Ал-Хоразмий таваллуд топган. Айрим замонавий ёшларга алгебра унчалик ёқмаса-да, мен ўз нутқимнинг мавзуини белгилашда айнан Хоразмийнинг фаолиятидан руҳландим ва уни: “Ўзбекистон халқига манфаат келтирадиган инклюзив ривожланиш формуласини топиш”, деб номладим. 

Ўзбекистоннинг қадимги тарихи билан бир қаторда унинг замонавий тарихидан ҳам муҳим сабоқларни ўрганиши мумкин. Охирги ўн йилликлар давомида Ўзбекистон дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири бўлиб келди ва сони жадал ўсиб бораётган меҳнатга қобилиятли аҳолини иш билан таъминлашга қодир бўлган хусусий секторни ярата олмади. Оддий қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг ривожланиш формуласи натижа бермади. 

Айни пайтда Ўзбекистон бу формулани ўзгартириб, интеграция ва инновация марказига айланишга яна бир бор ҳаракат қилмоқда. Охирги икки йил давомидаги ислоҳотлар бутун дунёнинг назарига тушди. Ҳозир айнанн шу ўзгаришлар тўлқинидан унумли фойдаланиб, мамлакатни инклюзив ривожлантириш йўлига олиб чиқиш имкониятига эгасиз. Мазкур жараёнда Ўзбекистонни ўз ўрнига қайтариш, яъни уни Марказий Осиёнинг тараққиёт манбаига айлантиришингиз мумкин. 

Буни амалга ошириш учун нима қилиш керак? Алгебрага мурожаат қилайлик. Инклюзив ривожланиш формуласида қандай ўзгарувчан катталиклар бўлиши керак?

Мен Ўзбекистондаги ислоҳотлардан бошлаб, эътиборингизни учта асосий ўзгарувчан катталикларга жалб қилмоқчиман: сифатли инвестицияларни ошириш, иқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда коррупцияни жиловлаш.  

Формуладаги яна бир муҳим омил - Ўзбекистоннинг минтақа даражасидаги тараққиётни жадаллаштириш борасидаги салоҳияти. 

I. Ўзбекистоннинг янги ривожланиш формуласи

а) Сифатли инвестициялар ҳажмини ошириш 

Биринчи ўзгарувчи - бу сифатли инвестициялар ҳажмини ошириш ва уларни энг муҳим соҳаларга йўналтириш. 

Ислоҳотларнинг дастлабки тўлқинидан аввал мамлакат ресурслари Ўзбекистондаги демографик ўзгаришларга жавоб бера олмайдиган давлат корхоналарига инвестиция қилинар эди. 

Охирги ўттиз йил давомида меҳнатга қобилиятли аҳоли сони жадал суръатда ўсиб келмоқда. Бугун мамлакат аҳолисининг ярмини ёши 30-дан кичик бўлганлар ташкил этиб, ҳар йили ишчи кучи сафига 600 мингдан кўпроқ одам қўшилмоқда. 1 Шу хонадагиларнинг аксарияти мазкур тоифага киради. Аммо, сизга маълумки, ўтган йилларда қўшимча иш ўринлари деярли яратилмади. 

Керакли таълим ва малакаси бўлмаган одамлар, айниқса, ёшларнинг ишсиз бўлиш эҳтимоли юқори. 2 Албатта, бу муаммо, аммо айни пайтда ҳам имкониятдир. Ўзбекистоннинг шиддатли ва инклюзив ривожланиши учун йўллари очиқ. 

Муаммо ечимининг бир қисми таълим ва меҳнат бозорини ислоҳот қилиш орқали малака етишмовчилигини камайтириш. Мазкур йўналишда ҳукумат ижобий ишларни амалга оширмоқда, жумладан, мамлакатда Таълим сифатини баҳолаш миллий маркази ташкил этилди. Касбий дастурларни такомиллаштириш ва касбий тайёргарлик марказларини қуриш режалаштирилмоқда. 

Ҳукумат бу билан кифояланаётгани йўқ. Оилаларга бола парвариши ва мактабгача таълим борасида ёрдам берилмоқда. Молиявий технология соҳасига аёл тадбиркорлар учун микрокредитлар ажратиш бўйича лойиҳалар кириб келмоқда.  

Буларнинг бари ҳукумат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш учун дадил киришганидан далолат беради. Бу мақсадлар ривожланишнинг барқарор, адолатли ва атроф-муҳитга безарар тамойилларини илгари суради. 

Мазкур ислоҳотлар натижасида малакаси кенгроқ ривожланган кадрларни тайёрлаш ва корхоналарнинг умумий самарадорлигини юксалтириш имконияти яратилади.  

Ўз навбатида, ўзгаришлар мамлакат учун зарур бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни олиб келади. Аммо инвестициялар энг рақобатбардош ва даромадли фирмаларга йўналтириладими? Бу савол Ўзбекистонда доим долзарб бўлган. 

Бунинг жавоби эса: ҳа — агар нархлар тўғри келса. 

Сифатли инвестициялар ҳажмини кўпайтиришнинг энг муҳим омили – нархларни эркинлаштириш. Ҳукумат буни яхши тушунади. 2018 йилнинг иккинчи яримида кам таъминланган оилалар учун тегишли оқибаталар қопланилиб нон нархи эркинлаштирилди, субсидиялар олиб ташланди ва энергия нархлари ишлаб чиқариш харажатларига мослаштирилди. 

Бошланиши жуда яхши, ва нархларни тўғрилаш борасидаги чоралар давом эттирилиши лозим. Истиқболда бу ислоҳотлар натижасида юқори ўсиш суръатлари, маошларнинг ошиши ва турмуш тарзининг яхшиланишига эришилади. 

Албатта, нархлар кўтарилганида инфляцияни жиловлаш ва иқтисодиётнинг мувозанатини ушлаб туриш қийин бўлиши мумкин. Шу ўринда эътиборингизни иккинчи ўзгарувчи — иқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш масаласига қаратмоқчиман. 

б) Иқтисодий ва молиявий барқарорлик 

Юқори даражадаги инфляция Ўзбекистоннинг иқтисодий фаровонлиги учун доимий хатарлардан бири бўлиб келмоқда. Ислоҳотлардан аввал мамлакатда инфляция даражаси юқори бўлар, аммо у расмий ҳисоботларда акс эттирилмас эди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг энг катта банкнотаси 100000 сўмлик бўлиб, бир неча йил аввал у 5000 сўмлик эди. 

Ҳозирги ислоҳотлар даврида Ўзбекистон инфляцияни жиловлаш ва нархларни барқарорлаштириш имкониятига эга. 

Марказий Банк мазкур муаммо билан бевосита курашмоқда ва инфляция кўрсаткичини бир рақамли сон даражасига тушириш ниятида. Ҳукумат кредитлар кўпайишини бошқаришга эътибор бермоқда. 

2018 йилда иқтисодиётда кредитларнинг кескин ўсиши юз бериб, уларнинг ҳажми 50 фоизга ошди. Маблағларнинг бир қисми уларга энг муҳтож бўлган таълим ва инфраструктура соҳаларини молиялаштиришга йўналтирилди. Аммо самарасиз инвестицияларни кўпайтирадиган бу каби ўсишнинг давом этиши оқибатда кредит инқирозига олиб келиши мумкин. 

Ҳукумат кредитлар ўсишини меъёрга солиш чораларини кўраётганидан мамнунман. 

Мақсадларга эришиш жараёнида ХВЖ сиз билан биргаликда ишлашни давом этади.  

Шунингдек, банк секторини ислоҳ қилишда ҳам бирга ишлашга тайёрмиз. Банк тизими хусусий эгалик миқёсини кенгайтиришдан фойда кўриши аниқ. Айни пайтда ҳукумат тизимдаги жами активларнинг 85 фоиздан кўпроғини бошқармоқда. 

Марказий Банк мазкур масала нақадар жиддий эканини тушунади ва хатарларни камайтириш чораларини кўрган, жумладан, истеъмол кредитларини бериш тартиби қайта кўриб чиқилди ва интервенция воситалари янгиланди. 

Кейинги босқич эса банк тизимини қайта қуриш учун янги стратегия ишлаб чиқишдан иборат бўлади. 

Агар тегишли тарзда ишлаб чиқарилса, мазкур стратегия давлат инвестициялари билан хусусий инвестициялар ўртасидаги мувозанатни таъминлаб беради. Бу - давлат бошқарувидаги ривожланишдан бозор иқтисодиётига асосланган ривожланишга ўтиш борасидаги чораларининг муҳим қисмидир. 

Шундай қилиб, формуланинг иккала томонидаги ўзгарувчан катталикларни кўриб турибмиз. Бир томондан, янги иш ўринларини яратадиган ва янги имкониятларни тақдим этадиган сифатли инвестициялар ҳажмини ошириш зарурияти бор. Иккинчи томондан, иқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш зарурияти мавжуд. 

Бу формулада нима етишмаяпти? Узлуксиз сифатли бошқарув. Ўзбекистонда инвестициялар коррупцияга зарба берилсагина самарали бўлади. Бу менинг учинчи ўзгарувчимдир. 

c) Коррупцияга қарши чораларни кучайтириш 

Одамлар ҳукуматга ишонсагина, таълим, инфраструктура, солиқ ва молиявий сиёсатда ривожланиш бўлади. 

Коррупция одатий ҳолга айланса, мамлакатнинг инвесторларни жалб қилиш ва иш ўринларини яратиш борасидаги имкониятлари заҳарланади. Буни ёшлар ҳаммадан яхши англайди. Яқинда ўтказилган глобал сўровномадан маълум бўлишича, ёшлар ўз мамлакатларида иш ўринларини яратиш ёки таълим етишмовчилигини эмас, балки айнан коррупцияни биринчи навбатда ҳал этилиши лозим бўлган масала, деб ҳисоблайди. 3 Ўйлайманки, бу ердагилар ҳам мазкур фикрга қўшилади. 

Менимча бу жуда ўринли. Негаки одамлар ўз кундалик ҳаётида дуч келадиган аксарият адолатсизликларнинг илдизи коррупцияга бориб тақалади. 

Муаммонинг нақадар долзарб эканилигини нафақат ёшлар англайди. Ўзбекистон ҳукумати ҳам буни яхши тушунади. Бу борада амалга оширилаётган чоралар юқори баҳога сазовор. Ислоҳотлар жараёнида биринчилардан бўлиб “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисидаги" қонунқабул қилинди. 

Давлат бошқарувини такомиллаштириш, техник таъминотни яхшилаш ва судлар самарасини ошириш бўйича ўзгаришлар татбиқ этилмоқда. 

 Валюта бозорини эркинлаштириш ҳам коррупцияни камайтириш йўлидаги юқори самарали қадам бўлди. Яқинда ўтказилган сўровномага кўра, валюталар курсининг ўзгариши мамлакатдаги энг таъсирчан ислоҳот сифатида қайд этилди. 4

Шаффофлик бўлмаса, бу ислоҳотларнинг ҳеч бири натижа бермас эди. Мамлакат тарихида илк бор фуқаролар бюджетининг чоп этилиши муҳим босқич бўлди. Бюрократияни камайтириш ва солиқларни самаралироқ ва адолатли ундириш борасидаги чоралар ҳам шулар жумласидан. Яқинда бизнинг солиқ-бюджет шаффофликни баҳолашимиз ўтказилганда, 

Ўзбекистоннинг буджет очиқ-ойдинлиқ соҳасида ютуқлари тан олинди. Охирги тўққиз ой давомида, мамлакат ҳукумати давлат маблағлар қандай сарфланиши бўйича қўпроқ маълумот берди ва солиқ-бюджет хавф-хатарларни мухокама қилди. 

Иш энди бошланяпти. Президент Мирзиёев ўтган йили БМТдаги нутқида айтганидек, янги рақамли технологиялар ҳукуматга бўлган ишончни тиклашга ёрдам бериши мумкин ва ёрдам бериши керак. Президент ўз ваъдасида турмоқда. Ўтган йили Президентнинг виртуал қабулхонасига 2 000 000 дан зиёд мурожаат келиб тушган. Демак, қизиқиш бор. Кўпчилик бунга эътибор бермоқда. 

Бу - Ўзбекистон бошқалар учун ўрнак бўла олиши ва унда амалга оширилаётган ишлар Марказий Осиё тараққиётига туртки бериши мумкинлигини намойиш этади. Шундай қилиб, нутқимнинг якуний қисмида Ўзбекистон минтақага нақадар ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигига тўхталиб ўтмоқчиман. 

II.  Минтақа бўйлаб тараққиёт суръатини жадаллаштириш 

Марказий Осиёнинг тараққиёти Ўзбекистоннинг тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ. Бу табиий ҳолат, негаки Ўзбекистон минтақада аҳолиси энг кўп мамлакат бўлиб, Марказий Осиёдаги барча давлатлар билан умумий чегарага эга. Келинг, рақамларга мурожаат қилайлик. 

Ўзбекистон очиқроқ бўлса, минтақадаги савдо кескин кучайиб кетиши мумкин. 2017-2018 йиллар давомида бозорларнинг очилиши натижасида қўшни мамлакатлар билан товар айланиш ҳажми тахминан 50 фоизга ошди. 

Ташриф буюрувчилар ҳам кўпайган. 2018 йилда Ўзбекистонга келган хорижий фуқаролар сони икки баробар ортди. Марказий Осиё учун “Ипак йўли визаси”нинг жорий этилиши еълон қилингани ҳам келгуси йилларда ҳамкорлик имкониятлари янада кенгайишини англатади. 

Худди юзлаб йиллар аввал Буюк Ипак йўлида юз берганидек, савдо эркинлаштирилса, саноат ҳам ривожланади. 

Айни пайтда ўрнатилаётган алоқаларни олайлик. Янги йўллар қурилмоқда; Хитой, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган темир йўл қурилиши тугалланмоқда; энергия тармоқлари қурилмоқда. 

Дарҳақиқат, ўтган йили Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги электр линиялари тикланди. Бугунга келиб,икки давлат ўртасидаги энергия олди-сотдиси кундалик тарзда амалга оширилмоқда. 

Қўшнилар билан алоқаларнинг яхшиланиши Ўзбекистоннинг олис ҳудудларидаги фаровонликни юксалтиради. Илгари ривожланмай келган ҳудудлар энди минтақадаги иқтисодий марказларга айланиб, чегаравий савдо-сотиқ ривожига туртки бериши мумкин. 

Шу ўринда яна бир бор тарихга мурожаат қилиш лозим. Қадимдан одамлар айнан мана шу шаҳар атрофида жамланган, негаки у дарё ёқасидаги ҳосилдор ер ва воҳа эди. Савдосотиқ натижасида у кичик бир манзилгоҳдан тошдан қурилган йирик шаҳарга айланди. Шу йирик тошлар туфайлиТошкент номини олди. Қиссадан ҳисса нима? Кичик миқёсдаги маҳсулот айрибошлашдан туртки олган жараён вақт ўтиши билан қудратли минтақавий кучнинг пайдо бўлишига хизмат қилиши мумкин. 

Истиқболда бу - яхшироқ иш ўринлари ва юқори турмуш тарзини таъминлайди, шу жумладан, аёллар учун ҳам. Ёдингизда бўлса, она мавзусига қайтаман дегандим.  Айни пайтда, Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий фаоллик даражаси 50 фоиздан бироз юқори бўлиб, бу Марказий Осиёдаги ўртача кўрсаткичдир. 5 Аммо соғлиқни сақлаш, таълим ва ишга жойлашиш имкониятлари борасида эркаклар билан аёллар орасида катта фарқ бор. Минтақавий алоқаларнинг яхшиланиши натижасида Ўзбекистон бир авлод ҳаёти давомида бир марта пайдо бўладиган хотин-қизлар мавқеини ошириш имкониятини қўлга киритади. 

Марказий Осиёда инклюзив ривожланиш мавзусидаги янги тадқиқотимиздан маълум бўлишича, мамлакат эркаклар билан аёллар тенг ҳуқуқлилигини таъминлашни Европадаги ривожланаётган мамлакатлар даражасига етказа олса, унин ялпи ички маҳсулоти сезиларли тарзда ўсади. 6 Бу, ўз навбатида, минтақада аёллар дуч келаётган иқтисодий ва юридик тўсиқларни олиб ташлаш учун муҳим даъват бўлар эди. 

Бу бўлса, Ўзбекистон ҳамда минтақанинг тараққиёт формулаларнинг уйғунлашиш ва ривожланиш ёлларидан биттасидир. 

Хулоса

Хулоса ўрнида формуламиз асосларига қайтмоқчиман. Ўзбекистон алоҳида аҳамиятга эга мамлакатдир. 

Бу заминда Искандар Зулқарнай ўз рафиқаси Роксанани топиб, уни дунёдаги энг гўзал аёл сифатида таърифлаган. Бу ўлкадан илҳом олган Едгар Аллен По ўзининг машҳур Темурлангшеърини ёзиб, унда бахтга эришиш учун бериладиган қурбонлар ҳақида сўз юритган. Ва айнан мана шу ўлкада математиканинг янги йўналиши дунёга келиб, мураккаб муаммоларга ўзгача ёндашувни бошлаб берган.  

Энг гуллаган даврларида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги тараққиёт, имконият ва инновациялар чорраҳасида бўлган. Қоронғилашган даврларида Ўзбекистон дунёдан узилиб қолган. Бугун эса мамлакат янги формулани ечиш арафасида турибди. Сиз тўғри йўлдасиз. Агар муаммоларга биргаликда ечим топсак, Ўзбекистонга ташриф буюрганлар фақатгина унинг тарихи эмас, балки Ўзбекистоннинг жўшқин, тинч ва фаровон келажаги ҳақида фикр юритади. 

Катта раҳмат. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019