Халқаро валюта жамғармаси миссиясининг хулосаси

12:19 06 Март 2019 Жамият
395 0

Икки ҳафта давомида Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон бўйича миссияси томонидан мамлакатимизнинг жорий макроиқтисодий ҳолати таҳлил қилинди.

Хўш, таниқли экспертларнинг хулосалари қандай? Улар барқарор иқтисодий ўсиш суръатини таъминлаш, эҳтимолий ташқи ва ички хавфларнинг олдини олиш бўйича қанақа тавсиялар ­беришмоқда?

Бу каби масалалар нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик ҳамкорлар ва инвесторларни қизиқтираётгани турган гап. Бинобарин, Альберт Егер раҳбарлигидаги ХВЖ делегацияси томонидан тақдим этиладиган хулоса жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистондаги мавжуд вазият ҳақида ишонч­ли ва холис ахборот сифатида қабул қилинади.

ХВЖ келишув моддаларининг IV банди бўйича маслаҳатлар доирасидаги жамғарма миссиясининг юртимизга ташрифи якунларига бағишлаб ташкил этилган матбуот анжуманида юқоридаги саволларга батафсил жавоб берилди. 

— Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш истиқболлари бўйича хулосамиз мутлақо ижобий, — дейди Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон бўйича миссияси раҳбари Альберт Егер. — Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 5,5 фоиздан юқори бўлиши кутиляпти. Келгусида инвестициялар оқими ортиши, кўплаб янги иш ўринлари очилишига ишончимиз комил. Бироқ хавотирли жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Бу — кредитлаш масаласи.

Ўтган йили кредитлаш ҳажми кескин ўсган. Бунинг оқибатида нарх-наво ошиши, инфляция даражаси ўсиши мумкин. Бундан Ҳукумат хабардорлиги ва зарур чора-тадбирлар кўрилаётгани эътиборга моликдир.

Ўзбекистонда монетар сиёсат тўғри юритиляпти. Пул-кредит сиёсати ҳақида тўхталганда, инфляция даражаси нисбатан юқори бўлиши кутилаётганини айтиш жоиз. ­Прогнозларимизга кўра, 2019 йилда бу борадаги кўрсаткич 15 фоизга етиши мумкин.

Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратовнинг айтишича, ХВЖ Ўзбекистон бўйича миссия­си хулосасидан келиб чиқиб, эҳтимолий хатарларни бартараф этишга қаратилган “йўл харитаси” амалиётга татбиқ қилинади. Бунда ­асосий эътибор валюта сиёсатини янада либераллаштириш, ташқи иқтисодий фаолият бўйича ҳар қандай кичик тўсиқларни ҳам олиб ташлаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш ва самарали пул-кредит ­сиёсатини юритишга жиддий эътибор қаратилади.

— Пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш, ички бозордаги нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларимиз ХВЖ мутахассислари томонидан ҳам маъқулланмоқда, — дейди М. Нурмуратов. — Бу жараёнда ўрта муддатда инфляцияни таргетлашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Агар ўтган йили январда халқаро мутахассислар инфляция даражаси 20 фоизга етиши бўйича прогноз қилган бўлса, йил охирига келиб, амалда бу кўрсаткич 14,3 фоизни ташкил этди. 2019 йилда ҳам ана шундай самарали чора-тадбирлар қўлланилиб, инфляция даражаси 13,5 — 15 фоиз атрофида ушлаб турилади.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров мамлакатимизда макроиқтисодий барқа­рорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида юқори ўсиш суръатларига эришиш борасида белгилаб олинган вазифалар, уларнинг ижроси ҳақида маълумот берди.

Саид РАҲМОНОВ (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019