Халқаро терроризм балосини биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан даф этиш мумкин

17:59 20 Июль 2018 Жамият
771 0
Фото: Mir24.tv

Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўтказилган учрашувда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев судьялар корпуси вакиллари ҳузурида “Халқаро терроризмга қарши курашнинг бугунги ҳолати, минтақага хавф солаётган замонавий таҳдид ва хуружлар” мавзуидаги маърузаси билан чиқиш қилди. Видеконференцалоқа шаклидаги тадбирда Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Олий суд, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари вакиллари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Учрашувда ШҲТга аъзо давлатлар, хусусан, Минтақавий аксилтеррор тузилмаси томонидан халқаро терроризмга қарши олиб борилаётган чоралар, ёшларни бу балолардан асраб-авайлаш, киберхавфсизлик масаласи юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.

— Мамлакатимизда бу борада инсонпарварлик тамойилига йўғрилган изчил сиёсат олиб борилмоқда, зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда, — дейди Олий суд судьяси Учқун Рўзиев. — Хусусан, судларда ушбу йўналишдаги ишларни кўриб чиқиш амалиёти асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси такомиллаштирилди. Шу ўринда айтиш жоизки, адашиб терроризм йўлига кириб қолаётган ёшлар ҳам бегона эмас, ўзимизнинг фарзандларимиз. Масалага ана шу жиҳатдан ёндашилмоқда. Бунинг ёрқин ифодаси сифатида Президентимизнинг афв этиш тўғрисидаги Фармонини келтириш мумкин. Бу ҳужжат билан билиб-билмай террорчилик йўлига кириб қолган қатор ёшлар озодликка чиқарилди. Тадбир давомида Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолияти ва истиқболдаги долзарб вазифалар хусусида батафсил маълумотга эга бўлдик. Бу эса , албатта, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда халқаро терроризмга қарши самарали кураш олиб боришимизда қўл келади.

Ўтган йили Остона шаҳрида бўлган ШҲТ саммитида Президентимиз томонидан алоҳида таъкидланганидек, ҳозирги пайтда халқаро террорчилик гуруҳлари ўзларининг фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали ҳали мустақил фикри шаклланмаган ёшларимизни ёвуз тўрига илинтирмоқдаки, бу барчамизни янада ҳушёр бўлишга ундайди. Шу асосда бугун ушбу халқаро ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларга замонавий таълим-тарбия бериш ва ҳар томонлама етук инсонлар қилиб вояга етказиш йўлидаги ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда.

Анжуманда халқаро терроризмга қарши курашиш борасидаги ишларни янада кучайтириш юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Учрашувда иштирокчилар мавзу билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга атрофлича жавоб олиш имконига эга бўлишди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019