Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси давлат рўйхатидан ўтказилди

18:20 29 Август 2018 Жамият
230 0

Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси давлат рўйхатидан ўтказилди. Адлия вазирлигида ушбу гувоҳномани тантанали топшириш тадбирида АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси П. Спратлен иштирок этди.

Бу ҳақда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Маълумки, Президентимиз АҚШга расмий ташрифи чоғида ўтказилган музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган эди. Шу билан бирга, келгусида икки давлатлар ўртасида таълим соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Ўзбекистонда ваколатхонаси очилиши ижобий қабул қилинганди. Ўз навбатида, мазкур масала бўйича АҚШ президенти Д. Трамп ушбу дастурни амалга оширишда яқиндан амалий ёрдам беришини билдирган.

Уставга мувофиқ, ушбу ташкилотнинг асосий мақсади қуйидагилардан иборат бўлади:

- АҚШ фуқаролари билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ва якдилликни мустаҳкамлаш;

- талабалар, магистрантлар ва ўқитувчилар учун халқаро таълим алмашинувлари ва амалиётларини ташкил этиш;

- Америка таълими дастурлари бўйича тадбиркорлик, инновацион технологияларга бевосита алоқадор бўлган мутахассисларни жалб этган ҳолда университетларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган дастурларни амалга ошириш.

Тадбирда қатнашган ваколатхонанинг ишончли вакиллари томонидан келгусида ваколатхонанинг фаолияти икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкамланиши ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим соҳасида самарали ҳуқуқий асос яратиши таъкидланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар