Токио-2020 Олимпиадасига тиббий йўналишдаги тайёргарлик қандай олиб бориляпти?

14:54 26 Февраль 2019 Жамият
314 0

Яхши биласиз, бугунги кунда спорт ривожида тиббиётнинг ўрни катта. Айни пайтда Миллий олимпия қўмитаси қошида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолият кўрсатмоқда. Спортчиларимиз мусобақалар олдидан бу ерда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишади. Шунингдек, марказ мутахассислари спортчиларга фармакология ва витаминлардан тўғри фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини бериб келишмоқда. Бу спортчиларимизни Токио 2020 Олимпиадасига муносиб тайёрлаш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Миллий олимпия қўмитаси Матбуот ва медиа департаменти Токиодаги Олимпия ўйинларига тиббий йўналишда қандай тайёргарлик олиб бораётганлигини билиш мақсадида марказ раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдушукур Содиқов билан суҳбат уюштирди. Интервью давомида кўтарилган масалалар кўпчиликда қизиқиш уйғотса ажаб эмас.

Ўзбекистонда спорт тиббиётининг ривожланиши ҳақида

Мамлакатимизда спорт соҳасига эътиборнинг кучайиши спорт тиббиёти йўналишига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсата бошлади. Жумладан, Тошкентда Марказий Осиёда ягона бўлган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази иш бошлади. Марказ барча диагностика, лаборатория ва реабилитация учун керакли бўлган тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу спорт тиббиётининг жадал ривожланишида жуда катта аҳамиятга эга десак муболаға бўлмайди.

Миллий Олимпия қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг “Спортчиларнинг диагностика ва функционал ҳолатини яхшилаш ҳамда саломатлик ҳолатини даврий баҳолаш бўйича стандартлари” тўғрисида қарори имзоланди. Шунингдек, МОҚнинг буйруғига биноан, тиббий кўрикларни ўтказишни тартибга солиш учун регламент ишлаб чиқилди.

Миллий Олимпия қўмитасининг 2018 йил 20 июндаги буйруғига асосан марказнинг ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳри, Фарғона ва Андижон вилоятларидаги спорт муассасаларида спорт шифокорининг фаолияти, спортчиларига яратилган шарт-шароитлар, уларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам, спорт шифокори тиббиёт хонасининг жиҳозланиши, зарур бўлган тиббий ускуналар ва дори-дармонлар билан таъминланганлиги ўрганилди, уларга тегишли тавсиялар берилди.

Терма жамоамиз аъзоларининг тиббий кўрикдан ўтиш жараёни

Бугунги кунга келиб, терма жамоамиз аъзоларининг тиббий кўрикдан ўтиш жараёнлари режа асосида олиб борилмоқда. Бунда марказимиз тор мутахассислари ва бутун жамоамизнинг юқори малакали, масъулиятли ёндашуви алоҳида эътиборга сазовор. Чунончи, сўнги йилларда ўзбек спортида эришаётган катта ютуқлар негизида нафақат спортчи ва мураббийлар, балки Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказ ходимларининг ҳам ўзига яраша ўрни бор. Бугунги кунда ҳар бир спорт федерация ва ассоциациясига марказнинг малакали мутахассисларидан иборат координаторлар бириктирилган. Шу билан бирга, психология ва диетология- нутрициология йўналишлари бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан спортчиларни психологик тайёргарлиги ва рационал овқатланиш учун кунлик, ҳафталик менюлар қайта кўриб чиқилмоқда. Спортчиларнинг машғулот даврида функционал ҳолатини ўрганиш мақсадида “мобил лаборатория” ташкил этилиб, спорт базаларида ўқув-машғулот йиғинлари олиб бораётган спортчиларнинг функционал ҳолати кузатиб борилмоқда.

Спортчиларнинг тиббий кўрик якунлари ҳақида хулоса

Мазкур тиббий кўрик якунларига кўра, хулосам ижобий албатта. Патологик ҳолат аниқланган, жароҳат ёки текширувлар хулосасига кўра тикланиш етарли даражада бўлмаган спортчилар учун стационар даволаниш учун барча шароитлар яратилган. Спортчида юқоридаги ҳолатларнинг бири аниқланган куннинг ўзидаёқ даволаш чора тадбирларини бошлаш ва спортчининг энг қисқа муддатларда машғулотга соғлом қайтишини йўлга қўйиш уларга янада дадиллик бағишлайди деб ўйлайман. Салбий томонлар ҳақида гапирадиган бўлсам, айрим федерациялардаги мутасадди ва мураббийларнинг ишга совуққонлик билан ёндашиши сабаб, спортчиларни марказга кечиктириб олиб келиниши ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Халқаро ҳамкорлик, ходимлар малакасини ошириш

Ходимлар малакасини ошириш – бу, янги ютуқлар мезонидир. Албатта, бунда фақатгина эришилган ютуқлар муҳокамаси эмас, балки халқаро ҳамкорликнинг ўрни каттадир. 2018 йил давомида, марказимиз мутахассислари, Корея Республикаси, Япония, Россия ва Туркия каби давлатларда ўз малакаларини оширишди. 2018 йил давомида Россия спорт тиббиёти ҳамда беморлар ва ногиронлар реабилитацияси ассоциацияси, Япониянинг “The Japan Uzbekistan Silk Road Foundation” ташкилоти билан Ўзбекистон спорт тиббиёти ва реабилитацияси Миллий ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Спорт федерация ва ассоциацияларининг спорт тиббиёти мутахассисларига илмий-амалий ёрдамни ташкил этиш, спорт тиббиёти соҳасида илғор ва инновацион ёндашувларни татбиқ этиш мақсадида 2018 йил 8-9 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Спорт тиббиётининг долзарб муаммо ва истиқболлари” мавзусида хорижий мутахассислар иштирокидаги илмий-амалий конференция ўтказилди. Конференция кесимида спорт тиббиёти соҳасида қуйидаги етакчи олимлар, жумладан Россия Федерациясидан МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари спорт тиббиёти шифокорлари ассоциацияси президенти, академик Б.Поляев, Япониянинг KEIO спорт тиббиёти университети профессори, 2020 йил Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинлари ташкилий ҳайъат аъзоси Ишида Хироюки, туркиялик мутахассис Чагатай Остюр иштирокида маҳорат дарслари, тақдимотлар ташкил этилди.

2018 йилнинг 5-8 декабрь кунлари Москва шаҳрида ўтказилган “Спорт Мед-2018” халқаро илмий-амалий анжуманида марказимиз мутахассислари ҳам иштирок этишди.

Чунки, ушбу йўналишда етакчи ҳисобланган давлатлар малакаси ва тажрибасини ўрганиб, уни Ўзбекистонда кўриб чиқиш, ўз устида ишлаш, янгиликларни йўлга қўйиш спорт тиббиёти тараққиётини янада тезлаштиришига ишончим комил.

Антидопинг бўйича спорт федерациялари ва ассоциациялари шифокорлари билан ишлаш тизими ҳақида

Марказ илмий сектор ва илмий лаборатория ходимлари томонидан спортчиларга мумкин бўлган дори воситаларни рўйхати тузилди. Шунингдек, ҳар бир федерациядаги мураббий ва шифокорларга услубий қўлланма тарқатилади.

Бундан ташқари, Сумбула (Ферула мускусная, Ferula moschata), Трибулус (Tribulus terrestris), Мандрагора (Мандрагора лекарственная, Mandragora officinarum) ўсимликларидан биологик фаолликларга эга бўлган кимёвий моддалар экстракция қилиб олинди. Ҳозирда ушбу экстрактларнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институтида клиник олди синовларини ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Тиббий ускуналар масаласида

Миллий олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг тиббий ускуналар билан таъминланганлиги юқори даражада десак муболаға бўлмайди. Марказда нафақат спортчилар учун муҳим бўлган текширувлар, балки, аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича ҳам барча қулайликлар яратилган.

2020 йилги Олимпиадага тиббий йўналишдаги тайёргарлик

2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги ПҚ-2821-сонли Қарорининг ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг бу бўйича ишлаб чиққан стратегияси асосида ҳозирги кунда ҳар бир спортчига индивидуал ёндашилмоқда, яъни “спортчи паспорти” яратилди. Унинг болаликдан то ҳозирга қадар ўтказган касалликлари, машғулотлар тартиби, эришилган ютуқлари ўрганиб чиқилмоқда. Бу ўз навбатида спортчи соғлиғи, ҳолати ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш имкониятини беради. Қолаверса, соғлиғи томонидан оқсаётган соҳага кўпроқ эътибор беришга, уни бартараф этишга ёрдам беради.

Келажакдаги режалар

Келажак учун режаларимиз улкан. Бу борада бир қатор лойиҳаларни ўйлаб қўйганмиз. Энг асосийларидан бири, илмий савияни кўтариш бўйича олдинга қадам ташлашдир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019