Халқаро фестивал доирасида илмий-амалий семинар бошланди

16:44 11 Март 2019 Жамият
382 0

Фарғона туманидаги вилоят ҳокимлиги “Қабуллар уйи”да халқаро фестивалнинг“ Марказий Осиё минтақасида экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг долзарб масалалари” мавзусидаги илмий-амалий семинари бошланди. Аввало,Фарғона вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази директори, психология фанлари номзоди, доцент Маъмиржон Отажоновнинг “Экстримизм ва терроризм: хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид” мавзусида маърузаси тингланди.

Халқлар ва давлатлар маданияти, тили, дини ва ҳаёт тарзида ўзига хосликлар мавжуд. Шунинг учун ўзаро қўшни давлатлар кесимида миллий дастурлар ва стратегияларни ишлаб чиқиш орқали бу иллатга қарши курашиш зарур. Минтақамиз давлатлари ягона ривожланиш тенденциясига эга. Марказий Осиёда терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва терроризмнинг олдини олишга ўзаро маъқул ёндашувларни ишлаб чиқиш, ҳукуматлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ёшларда терроризм мафкураси ва экстремистик фаолиятга қарши самарали иммунитетни ҳосил қилиш орқали эришиш мумкин. Бу борадаги қарашлар ва таклифлар бугунги семинарда атрофлича муҳокама қилинмоқда.

Чинар Саттарова,

Баткент вилояти губернатори ўринбосари, делегация раҳбари:

-Ўзбекистоннинг бундай очиқ, конструктив ва прагматик сиёсати бугун бутун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бугунги фестивалнинг “Келажакни терроризмсиз қурамиз” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Ўзбекистон экстремизм ва радикализмга қарши курашишга глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида қараб, мазкур жараённинг доимий иштирокчиси ва ташаббускори бўлиб келмоқда. Хусусан, давлатингиз раҳбари 2017 йил сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишга хизмат қилишини таъкидлади ваБМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида ҳамда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича халқаро конвенция ишлаб чиқишни таклиф этди. БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрдаги ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланганлиги масаланинг дунё миқёсида қанчалик катта аҳамиятга эга эканлигини кўрсатмоқда. Умид қиламизки, ушбу фестивал навқирон авлод вакиллари ўртасида терроризмга сабаб бўлувчи омилларга қарши курашишда комплекс ёндашувлар ишлаб чиқиш бўйича минтақавий ва халқаро миқёсдаги қўшма саъй-ҳаракатларга кенг йўл очади.

Баховаддин Баходурзода,

Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти ҳокими ўринбосари, делегация раҳбари:

Шавкат Мирзиёевнинг яқин қўшничиликка асосланган сиёсати натижасида кўплаб чегара ўтказиш пунктлари очилди. Мамлакатларимиз ўртасида транспорт қатнови тиклангани одамларнинг яшаш- турмуш шароитида муҳим аҳамият касб этмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалаларда ҳам давлатларимизнинг қарашлари ўхшаш ёки яқин. Жумладан, терроризм, экстремизм, наркотрафик, трансмиллий жиноятлар, халқаро хавфсизликка таҳдид соладиган бошқа хавф-хатарларга қарши кураш борасида ҳам самарали ҳамкорлик қилинмоқда. Шубҳасиз, Ўзбекистон – Тожикистон – Қирғизистон муносабатларида эришилган улкан ижобий ўзгаришлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамламоқда. Йиллар давомида қариндош-уруғлари, дўстлари ва яқинлари билан дийдор кўришиш имконидан бебаҳра бўлган одамларнинг кайфияти ҳам ўзгарди. Бу давлатлараро муносабатлардаги энг катта ютуқлардан бири, деб ҳисоблайман.

Асель САНСИЗБАЕВА,

Жалолобод вилояти губернатори ўринбосари,делегация раҳбари :

Медиа макон аллақачон муайян ғоялар, қадриятлар ва эътиқодларни рағбатлантиришда муҳим таъсир кўрсатувчи омилга айланиб улгурган. Жумладан, ижтимоий тармоқлар ўзида ана шундай имкониятларни жамлаган. Бундан бузғунчи ғоя тарғиботчилари ғаразли мақсадда фойдаланмоқда. Бир сўз билан айтганда ҳозирги кунда ҳар қандай ахборот муайян мафкуранинг қуролига айланиб қолди.

Интернет террористлар учун янги аъзоларни топиш, ёллаш, ўқитиш, маблағ тўплаш, террористик ҳаракатлар ташкил этишнинг асосий воситасига айланган. Янги телекоммуникация технологиялари турли гуруҳлар ўртасида тезкор маълумот алмашиш, фаолият доирасини кенгайтириш ва психологик таъсир кўрсатиш имконини бермоқда.

Шу муносабат билан Интернет ва оммавий ахборот воситаларида ҳам тажовузкор экстремизмнинг олдини олиш мақсадида миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик тамойилини тарғиб қилиш, ўзаро ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, нафрат қўзғатишнинг барча йўналишларига қарши курашиш биргаликдаги муҳим вазифамиз бўлиши лозим.

Аҳматжан МУҲАММАДОВ,

Қирғизистон Республикаси, Ош вилояти губернатори ўринбосари:

-Ўзбек ва тожик, ўзбек ва қирғиз халқлари бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига ўхшайди. Бизнинг муқаддас динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Қувончу ташвишларимиз, тақдиримиз муштарак. Аждодларимизнинг эзгу анъаналарини давом эттириб, халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашимиз ва асраб-авайлашимиз керак. Аслида бугунги халқаро фестивалнинг ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳам шу.

Досмамат Султонов, уста ҳунарманд,

Қирғизистон Республикаси, Қадамжой райёни,Қорачиғоч овули:

Мен Фарғона вилоятида биринчи бор бўлишим. Бизни катта эҳтиром ва тантаналар билан кутиб олишди.Жуда хурсандман.Уста шогирд анъанаси асосида овулимизда уй-рўзғор буюмларини қўл услубида ишлаб чиқариш ва шу йўналишда тадбиркорлик билан шуғулланаман.Тўғрисини айтсам, қўшни фарғоналик ёшлар бўш вақтларини нималар билан ўтказишига қизиқаман.Мақсадим, шу фестивал доирасида ёшлардан иборат ҳамкасб дўстлар орттириб, улар билан тажриба алмашиш ва доимий равишда ижтимоий тармоқларда улар билан алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Ёшлар турли объектив ва субъектив сабаблар туфайли хорижга кетмоқда. Миграция натижасида бегона тил ва маданият билан юзланган авлод биринчи навбатда экстремистлар таъсирига тушиб қолаётир. Ҳукуматларимиз ва ёшлар ташкилотлари ўртасида йўлга қўйилган конструктив ҳамкорлик бу борада халқаро ҳамкорлик бўйича саъй-ҳаракатларнинг асосини ташкил қиляпти.

Эслатиб ўтамиз, бугун 17:00 да Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” ўйингоҳида фестивал иштирокчилари ва 20 мингдан ортиқ ёшлар учун шоу концерт дастури намойиш этилади.

Сайтимизни кузатиб боринг, халқаро фестивал доирасидаги муҳим учрашув ва янгиликлар билан сизларни батафсил таништириб борамиз.

ЭлёржонЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи”мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019