Халқаро бахшичилик санъати фестивали олдидан матбуот анжумани ўтказилди

16:19 01 Апрель 2019 Жамият
305 0

Аввал хабар қилганимиздек, шу йилнинг 5-10 апрель кунлари мамлакатимизнинг жанубдаги гавҳари Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги қарорига биноан илк маротаба ўтказилаётган ушбу санъат байрамига тайёргарлик ишлари айни қизғин паллага кирди. Асосий тантаналар майдонида аллақачон байрам шукуҳи ҳукмрон. 32 гектардан иборат катта ҳудудда Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент вилояти ҳамда вилоятларнинг рамзий қўрғонлари бунёд эттириб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одат, анъана ва қадриятлари унда акс эттирилмоқда.

Сурхондарё — этнографик макон. Ўзбек халқ достонлари аждодларимизнинг узоқ ўтмиши, маданий ҳаёти ва миллий қадриятларини ўзида мужассамлаштирган бўлиб, у ўлмас, номоддий маданий мерос сифатида юксак қадрланмоқда. Бахшичилик санъатининг сержило ижро намуналари тингловчига катта завқ-шавқ бағишлаши билан бирга кишиларни яхшиликка чорловчи, маърифат тарқатувчи, ёш авлод қалбида эзгу фазилатларни уйғотувчи маънавий тарғибот манбаи вазифасини ўтаб келаётир. Халқимиз “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” каби халқ достонларини тинглаб, унинг тарбиявий руҳида баҳраланиб келишган. Ана шу ўлмас қадриятларимизни асраб-авайлаш, халқ достонларининг ранг-баранг намуналарини юртимиз ҳамда халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш мақсадида эндиликда ҳар икки йилда бир маротаба Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилади.

-Ўзбек халқининг тўй-тантаналари бахшиларнинг достону термаларисиз ўтмайди, -дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Шодмон бахши Хўжамбердиев. - Достонларда асосан халқимизнинг орзу-умид, ўй-нияти, мақсад ва муддаоси куйланади. Мардлик, шижоат, ватанпарварлик, она юрт садоқат каби эзгу инсоний фазилатлар улуғланади. Шу боис, турли ғоявий-бадиий ечимга эга достонлар ҳамиша одамлар қалбидан жой олади, ўзгача жанг топади. Айрим ҳолларда достон тинглаш учун юзлаб, минглаб одамларнинг бир даврада жамланиши кишилардаги миллий ўзлигимиз, қадриятларимизга нисбатан ҳурмат, бахшичилик анъаналарига садоқат ва меҳр-муҳаббатдан дарак беради. Ўйлайманки, халқ оғзаки ижодини улуғлаш, уни бор ҳолига сақлаш ва уни келгуси авлодларга етказишда биринчи бор ўтказилаётган халқаро бахшичилик санъати фестивали муҳим аҳамият касб этади.

Халқаро бахшичилик санъати фестивали ЮНЕСКО шафелиги остида ўтказиш бўйича мазкур ташкилот Бош директорининг расмий розилик мактуби олинди Шунингдек, АЙСЕСКО (Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти) халқаро ташкилоти, бундан ташқари, Афғонистон Туркия, Тожикистон ва Кувайт ва бошқа давлатлардан фахрий меҳмонлар иштирок этишади. Фестивалга 80 дан ортиқ хорижий давлатлардан 300 га яқин иштирокчилар иштирок этиши, 20 давлатнинг 29 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари халқаро санъат анжуманини бевосита ёритиб бориши кутиляпти.

Халқаро санъат анжуманини ОАВ орқали мамлакатимиз аҳолиси ҳамда халқаро миқёсда кенг ёритиш учун матбуот гуруҳи шакллантирилиб, унинг фаолияти йўлга қўйилди. Матбуот хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш учун Адиб Собир Термизий номидаги ахборот ресурс марказида зарурий шароитлар муҳайё этилди. Матбуот марказида вақти-вақти билан матбуот конференцияси ташкил этилиб,маҳаллий ҳамда республика ОАВ лари ходимлари фестивалга тайёргарликнинг бориши юзасидан мунтазам маълумотлар тақдим этилмоқда.

Айни пайтда Тошкент ва Термиз шаҳарида фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлари фаолият олиб бормоқда.Унинг таркибига юксак касбий маҳоратга эга бўлган сценарист, режиссёр, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорлар жалб этилган. Халқаро анжуман иштирокчиларининг чиқишлари юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар,шунингдек, иштирокчи давлатларнинг соҳа намояндаларидан иборат халқаро ҳайъат томонидан баҳоланади. Баҳолаш жараёнида достончилик санъати намояндаларининг асл миллий хусусиятлари, куй, нағма ва термаларнинг бадиий-эстетик жиҳатлари, ўзига хослиги, халқи ижрочилиги усулларини эгаллаганлик даражаси, кийиниши, саҳна маданияти, либосларидаги бадиий безакларнинг миллий анъаналарга мослиги, анъанавий мусиқа асбобларидан фойдаланиш жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилади.

- Фестивални юқори савияда ўтказиш учун республика маданият вазирлиги тизимида ишловчи 1,5 минг нафардан ортиқ ходимлар жалб этилган, -дейди маданият вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева. - Ушбу фестивалга Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Сербия, Туркия, Болгария, Белгия сингари хорижий давлатлардан 58нафар маҳоратли бахши ва достон айтувчилар ўз ижодий чиқишлари билан қатнашади. Албатта, ҳар бир ҳудуднинг ўз анъаналари мавжуд бўлиб, ўтказилгач фестиваль унинг намойиши учун қулай санъат майдонига айланади.

Маълумот ўрнида, Халқаро бахшичилик санъати фестивали ғолиблари турли даражадаги диплом, ҳайкалча ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланади. Жумладан, халқаро танловнинг 1-ўрин соҳиби ( ҳар бир йўналиш бўйича) 10 000, 2-ўрин соҳиби 7000, 3-ўрин эгасига 5000 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бундан ташқари “Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу ижрочиси” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, улар пул мукофоти ва махсус диплом билан тақдирланади.

Фестивалга тайёргарлик доирасида Термиз шаҳари ва туманлар марказида катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бажариляпти. Термиз темир йўл вокзали капитал таъмирланиб, Термиз халқаро аэропорти биноси янгидан бунёд этилди. Асосий тадбирлар бўлиб ўтадиган майдонда Алпомиш ҳайкали ўрнатилди.Бу ерда бир неча катта-кичик саҳналар барпо этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар рамзий қўрғонлари қад ростламоқда. Кўча ва хиёбонлар, кўп қаватли кўплаб турар-жой бинолари жорий таъмирланди. Фестивалга оид панно ва рекламалар, суратлар, электр нури билан узатиладиган ёзувлар ўрнатилди. Бахшичилик санъатига оид турли кўргазмалар тайёрланди, миллий созлар, либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари фестивалга тахт ҳолга келтирилди. Шунингдек, Ал-Ҳаким ат- Термизий ёдгорлик мажмуаси, Фаёзтепа, Кампиртепа, Султон Саодат ва мақбараси каби тарихий обидалар қайта таъмирланди.

Фестиваль иштирокчилари учун ўзбек, инглиз ва рус тилларида 37 турдаги туристик масканлар буклетлари,бахшичилик санъатига бағишланган рисола ва Термиз шаҳрининг сайёҳлик харитаси тайёрланди. Вилоят тарихи ва маданиятига оид 2 та китоб, 6 турдаги буклет, “Кўҳна Термиз”,”Замонавий Термиз”ҳамда бахшилар тўғрисида фотоальбомлар, шунингдек, Шоберди бахши Болтаевнинг “Малла савдогар”, Абдуназар Поёновнинг “Олтин қовоқ”, Умир шоир ва Авлиёқул Мардонақул ўғлининг “Алпомиш” достонлари 1000 нусхадан босилиб чиқди.

Илҳом Раҳматов, “Халқ сўзи”мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019