Халқаро бахшичилик санъати фестивали олдидан матбуот анжумани ўтказилди

16:38 29 Март 2019 Жамият
319 0

Ўзбек халқ достонлари аждодларимизнинг узоқ ўтмиши, маданий ҳаёти ва миллий қадриятларини ўзида мужассамлаштирган бўлиб, бу ўлмас, номоддий маданий меросимиз бугунги кунда ҳам юксак қадрланмоқда. Бахшичилик санъатининг сержило ижро намуналари тингловчига катта завқ-шавқ бағишлаши билан бирга кишиларни яхшиликка чорловчи, маърифат тарқатувчи, ёш авлод қалбида эзгу фазилатларни уйғотувчи маънавий тарғибот манбаи вазифасини ўтаб келаётир.

Ана шу ўлмас қадриятларимизни асраб-авайлаш, халқ достонларининг ранг-баранг намуналарини юртимиз ҳамда халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш мақсадида илк бора Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилади. Ушбу нуфузли анжуманни ОАВ орқали мамлакатимиз аҳолиси ҳамда халқаро миқёсда кенг ёритиш учун матбуот гуруҳи шакллантирилиб, унинг фаолияти йўлга қўйилди. Матбуот хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш учун Адиб Собир Термизий номидаги ахборот ресурс марказида зарурий шароитлар муҳайё этилди. Навбатдаги матбуот анжуманида маҳаллий ҳамда республика ОАВ лари ходимлари иштирок этишди.

Анжуманда маълум қилинганидек, шу йил 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида ташкил этиладиган Халқаро бахшичилик санъати фестивали ЮНЕСКО шафелиги остида ўтказилади. Фестивалга 86 та хорижий давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Айни пайтда Тошкент ва Термиз шаҳарида фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлари фаолият олиб бормоқда.Унинг таркибига юксак касбий маҳоратга эга бўлган сценарист, режиссёр, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорлар жалб этилган.

Халқаро анжуман иштирокчиларининг чиқишлари юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар,шунингдек, иштирокчи давлатларнинг соҳа намояндаларидан иборат халқаро ҳайъати томонидан баҳоланади. Унда достончилик санъати намояндаларининг асл миллий хусусиятлари, куй, нағма ва термаларнинг бадиий-эстетик жиҳатлари, ўзига хослиги, халқи жрочилиги усулларини эгаллаганлик даражаси, кийиниши, саҳна маданияти, либосларидаги бадиий безакларнинг миллий анъаналарга мослиги, анъанавий мусиқа асбобларидан фойдаланиш жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилади.

Маълумот ўрнида, Халқаро бахшичилик санъати фестивали ғолиблари турли даражадаги диплом, ҳайкалча ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланади. Жумладан, халқаро танловнинг 1-ўрин соҳиби ( ҳар бир йўналиш бўйича) 10 000, 2-ўрин соҳиби 7000, 3-ўрин эгаси 5000 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бундан ташқари “Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу ижрочиси” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, улар пул мукофоти ва махсус диплом билан тақдирланади.

Фестивалга тайёргарлик доирасида Термиз шаҳри ва туманлар марказида катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажариляпти. Термиз темир йўл вакзали капитал таъмирланиб, Термиз халқаро аэропорти биноси янгидан бунёд этилди. Асосий тадбирлар бўлиб ўтадиган майдонда Алпомиш ҳайкали ўрнатилди. Бу ерда бир неча катта-кичик саҳналар барпо этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар рамзий қўрғонлари қад ростламоқда. Кўча ва хиёбонлар, кўп қаватли кўплаб турар-жой бинолари жорий таъмирланди. Фестивалга оид панно ва рекламалар, суратлар, электр нури билан узатиладиган ёзувлар ўрнатилди. Бахшичилик санъатига оид турли кўргазмалар тайёрланди, миллий созлар, либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари фестивалга тахт ҳолга келтирилди.

Фестиваль иштирокчилари учун ўзбек, инглиз ва рус тилларида 37 турдаги туристик масканлар буклетлари,бахшичилик санъатига бағишланган рисола ва Термиз шаҳрининг сайёҳлик харитаси тайёрланди. Вилоят тарихи ва маданиятига оид 2 та китоб, 6 турдаги буклет, “Кўҳна Термиз”,”Замонавий Термиз”ҳамда бахшилар тўғрисида фотоальбомлар, шунингдек, Шоберди бахши Болтаевнинг “Малла савдогар”, Абдуназар Поёновнинг “Олтин қовоқ”, Умир шоир ва Авлиёқул Мардонақул ўғлининг “Алпомиш” достонлари 1000 нусхадан босилиб чиқди. Фаёзтепа, Кампиртепа, Султон Саодат ва Ал Ҳаким ат Термизий мақбараси каби тарихий обидалар қайта таъмирланди.

Бўлиб ўтган матбуот анжуманида Халқаро бахшилик санъати фестивалини ОАВ ёритиш билан боғлиқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, журналистлар Адиб Сибир Термизий номидаги вилоят ахборот ресурс марказидаги матбуот маркази, Термиз археология музейида ташкил этилган халқ бахшилари ҳаёти, фаолиятига оид кўргазма ҳамда асосий тадбирлар бўлиб ўтадиган тантаналар майдонида уюштирилган медиатурда иштирок этиб,фестивалга тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишишди.

Илҳом Раҳматов, “Халқ сўзи”мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019