Халқаро амалиёт ва инновацион имкониятлар

10:15 31 Май 2018 Иқтисодиёт
433 0

Кеча пойтахтимизда “Давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришнинг замонавий босқичдаги ҳолати: халқаро илғор амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуман “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Адлия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Бош прокуратура, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда бошқа халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги ваколатхоналари кўмагида ташкил этилди.

Унда мамлакатимиз парламенти ва давлат идоралари вакиллари, халқаро экспертлар, жумладан, Хитой, Буюк Британия, Россия, Грузия, Озарбайжон, Греция, Молдова ҳамда бошқа давлатлар мутахассислари қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққанлар 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама жадал ривожлантириш, модернизация қилишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлашди. Бугунги кунда давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ҳамда сифатли тизимини яратиш, давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этиш долзарб вазифа саналиши алоҳида айтиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Пировард мақсад “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғояни ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга қаратилган.

Конференцияда Маъмурий ислоҳотлар концепциясини татбиқ қилишнинг дастлабки натижалари умумлаштирилиб, мазкур соҳадаги хорижий тажриба ўрганилди. Жумладан, “Давлат хизматлари сифати ва очиқлигини янада ошириш” деб номланган сессияда иштирокчилар аҳоли ҳамда юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини ўргандилар.

Айтиб ўтилганидек, бугунги кунда юртимизда Давлат хизматлари марказлари ташкил этилиб, улар фаолияти “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида йўлга қўйилмоқда. Сессия давомида Грузия ва Озарбайжон давлатлари вакиллари жисмоний ҳамда юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишни ташкил қилиш бўйича ўз тажрибалари ҳақида гапириб бердилар.
Иккинчи сессия профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантиришга бағишланди. Унинг доирасида “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун концепцияси тақдим этилди.

Навбатдаги сессияда давлат бошқарув тизимини оптималлаштириш ва модернизациялаш юзасидан қизғин муҳокамалар бўлди. 2018 — 2021 йилларда “Электрон ҳукумат” тизимини янада ривожлантириш стратегияси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Якуний сессия эса давлат ҳамда жамоат бошқаруви тизимида фуқаролар ва ҳокимият органларининг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларига бағишланди.

Анжуман давомида иштирокчилар “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар портали имкониятлари билан танишдилар. Фуқаролар портал ёрдамида парламент палаталари ҳамда маҳаллий (вилоят, туман ва шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларига мурожаат йўллашлари, шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар киритишлари мумкин.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар