Халқ таълими вазирлиги диққатига: мактаб директори ҳақми, туман ҳокимлиги?

17:01 29 Январь 2019 Жамият
849 0

Фото: Муаллиф олган сурат.

“Халқ сўзи ONLINE”. Элёр Эҳсонов/Фарғона. 2018 йилнинг сентябрь ойида интернет сайтлари орқали Қува туманида жойлашган 50-мактабнинг 0,61 гектар филиал ҳудуди тадбиркор томонидан ноқонуний эгаллаб олинганлиги ҳақида танқидий мақола эълон қилинган эди. Баён этилаётган ушбу мавзу доирасидаги ишлар шу даражага бориб етдики, оқибатда туман ҳокимлиги ва мактаб маъмурияти 11 ой давомида уч марта судлашди.

2018 йил сентябрь ойида Қува тумани маъмурий судининг сайёр суди бўлиб ўтди. Унда низоли вазият мактаб фойдасига ҳал бўлди. Суд ҳукмига асосан, Қува тумани ҳокимлигига ер майдони ва мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини бериш ҳамда “Ермулккадастр” давлат корхонасига Қува тумани филиали мактаб мулкига эгалик қилиш хужжатларини тайёрлаб бериш мажбурияти юкланди. Шундан сўнг Қува тумани ҳокимлиги девонхона мудири Набижон Мамарасулов ҳокимликнинг ишончли вакили сифатида Фарғона вилояти маъмурий судига апелляция тартибида шу ишга нисбатан шикоят билан чиқди. 2018 йил ноябрь ойида эса Фарғона вилояти маъмурий судида 3 марта суд жараёни бўлиб ўтди. Натижада вилоят маъмурий суди якуний қарорни қабул қилмади ва Қува тумани маъмурий суди қарорини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун Қувасой шаҳар маъмурий судига юборди. Қувасой шаҳар маъмурий судида мактаб директори Н. Маҳмудовнинг аризасини қаноатлантириш рад этилди. Яъни мактаб ихтиёрида бўлган ер майдони ҳамда мулк мактаб балансидан олинди. Аммо мактаб маъмурияти бу қарорга рози бўлмади ва Қувасой маъмурий суди қароридан норозилигини билдириб, яна Фарғона вилояти маъмурий судига кассация тартибида шикоят аризаси ёзди...

Бизнингча, бу низоли ҳолатлар ҳали узоқ давом этади.

Кассация тартибида яқин кунларда бўлиб ўтадиган суд қандай қарорга келади? Ким хақ, ким ноҳақ эканлигини аниқлаш суднинг ҳукмига ҳавола. Лекин бу машмашалар қачондир ўз якунига етиши керак-ку! Шунинг учун айрим мулоҳазаларни сизлар билан ўртоқлашиш ниятидамиз.

Мактаб маъмурияти учун бу филиал иншоот нега зарур?

Мослаштирилган ва 9 йилликка иқтисослаштирилган 50-мактабда 360 нафар ўқувчи икки сменада таълим олади. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, овқатланиши, тадбирлар ташкил этиш учун қўшимча бино йўқ. Устига-устак, 11 йиллик мажбурий таълим тизимига ўтилганлиги боис синф хоналарининг етишмаслиги бошланди. Билим даргоҳига янги ўқув йилидан яна 2 та синф ўқувчилари қабул қилинади. Мингчинор ва Пахтаобод қишлоқларида бунёд этилган намунавий уйларда яшовчиларнинг салмоғи ортганлиги учун мактабга қатновчилар сони кўпайди. Мактабда ўқитувчилар хонаси, кутубхона, фаоллар зали, ошхона йўқ. Шунинг учун мактаб маъмуриятининг қўшимча майдон ва бинога эҳтиёжи катта.

Машмашалар қандай бошланди?

2017 йилга қадар ер майдонидан мактаб маъмурияти фойдаланиб келарди. Шу йили Нўъмонжон Маҳмудов муассасага директор этиб тайинланди. Шунда Турк қишлоғида яшовчи Тўлқин Пўлатов мактаб балансидаги бўш ётган бинодан вақтинча фойдаланиб туришни сўрайди. Директор иш энди бошлаганини, янги ўқув йилидан 10-11-синфлар қабул қилинаётганлиги сабабли бўш бинога эҳтиёжи борлигини айтади. Қолаверса, мактаб кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ҳаракатида юрганини таъкидлайди. 2018 йилнинг апрель ойигача бу масала қайта кўтарилмади. Апрель ойида директор малака оширишга кетганда Тўлқин Пўлатов маҳалла фуқаролар йиғини раисининг қарорини кўрсатиб, ноқонуний тарзда бинони эгаллайди.

“Маърифат” газетасининг 2018 йил 19 сентябрдаги Фарғона вилояти Қува туманидаги 50-мактаб атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида чоп этган таҳлилий мақоласида Қува тумани ҳокими ва “Ермулккадастр” давлат корхонаси Қува тумани филиали бошлиғининг мана бу интервьюлари келтирилади:

— Ушбу низоли бино 2018 йил март ойида Президент девони ишчи гуруҳи туманимизда ўрганиш олиб борган пайт бўш ётган бинолар рўйхатига киритилган, — дейди туман ҳокими Ҳ. Умаров. — Бўш турган бино тадбиркор Тўлқин Пўлатовга берилган. У бу ерда тикувчилик фаолиятини олиб боряпти. Энг асосийси, бино остидан “Асаканефть” корхонасининг қувури ўтган бўлиб, ҳар қандай иншоот қуриш тақиқланади. Шу масала кўтарилганда, корхона мутасаддилари расмий маълумот беришди. Демак, бино лойиҳа талабига мос қурилмаган. Уни бузиб ташлаш керак. Аммо ҳозирча фойдаланиб турилгани учун бузилмади.

“Ермулккадастр” давлат корхонаси Қува тумани филиали раҳбари Жасур Мамажонов:
— Бино, ҳақиқатан ҳам, 1992 йилда мактаб балансига ўтган. Шу йиллар давомида мактаб ундан фойдаланиб келган. Аммо буни тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат бўлмагани учун айни кунда унинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бера олмадик.

Ер майдони ҳамда ундаги бино ва иншоотлар аслида кимга тегишли?

— Чаман (собиқ Бўстон) кўчасида жойлашган ер майдони ҳамда бино ва иншоотлар 1992 йилдан бери мактабимиз балансида туради, — дейди мактаб директори Нўъмонжон Маҳмудов. — Бунга бизда етарли асос ва ҳужжатлар бор. Масалан, 2005 йил 16 декабрда М. Шербўтаев номли ширкат хўжалигининг тугатилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 26 сентябрдаги “Идорага қарашли ижтимоий соҳа объектларини жойлардаги давлат ҳокимияти органлари балансига босқичма-босқич ўтказиш тўғрисида”ги 453-сонли қарорига асосан, ширкат хўжалиги балансидаги шу бино ва жиҳозлар халқ таълими бўлими балансига беғараз ҳисобда (ҳужжатда 17-қатор) ўтказиб берилган. Бундан ташқари, шу кунга қадар барча солиқни тўлаб келганмиз. Бунинг ҳаммаси республика УзАСБО интернет сайтида ва 2008 — 2013 йиллардаги товар-моддий ҳисоблар бўйича айланма ведомость ҳужжатларида ҳам ўз аксини топган. Бироқ туман ҳокимининг топшириғига кўра, бино ҳокимлик балансига олиниб, тадбиркорга берилиши айтилди. “Ермулккадастр” туман филиалида кадастр ҳужжатлари тайёрлаш учун бино мактаб балансида эканлигини тасдиқловчи ҳужжат йўқ, деган хулосага келинди ва кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилмади.

Қизиғи шундаки, суриштирувларимиз ва хужжатлар билан танишиш давомида туман халқ таълими бўлими бу долзарб масала билан умуман қизиқмагандек, 50-мактаб маъмурияти билан якдил эмасдек кўринди. Чунки туман халқ таълими бўлими мудири номидан шу кунгача масалага доир тегишли ташкилотларга бирорта хат, илтимоснома ва ёки мурожаат шаклидаги расмий хатлар юборилганлигига гувоҳ бўлмадик. Тўғри, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М. Турдиматов Қува тумани ҳокими Ҳ. Умаровга 2018 йил 10 июль куни 03-1/2074-сонли хат юбориб, туман ҳокимидан мактабнинг кадастр хужжатларини тайёрлашда амалий кўмак беришини ва “Турк” МФЙда яшовчи тадбиркор Т. Пўлатовни мактаб биносидан чиқариб юбориш чораларини кўришини сўрайди. Ажабланарли томони шундаки, орадан қарийб уч ой вақт ўтиб Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасининг 2018 йил 8 ноябрь кунги 04/2981 сонли Фарғона вилояти маъмурий судига юборган хатида умуман бошқа манзара акс этади. Яъни умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ҳамда кўчмас мулкини Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланишини (ПҚ-3931-сонли қарор) эслатиб ўтмасдан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 122-Ф-сонли фармойишидаги қоидалар умумий ўрта таълим муассасаларига нисбатан татбиқ қилинмаслиги тўғрисида хулоса беради. Шу хат асос қилинган ҳолда, Фарғона вилояти маъмурий суди Қува тумани маъмурий суди қарорини бекор қилиб, қайта кўриб чиқиш учун Қувасой шаҳар маъмурий судига юборди.

Ҳокимлик ҳақми, мактаб маъмурияти?

Мактаб директори Н. Маҳмудовнинг таъкидлашича, вилоят хокими иштирокида 2018 йил 20 июнь куни халқ депутатлари Қува тумани Кенгашининг 41-сессияси бўлиб ўтади. Унда туман Кенгаши депутати А. Тешабоев ушбу масалани Кенгашга қўяди, унда вилоят ҳокими ҳозирги Турк қишлоғи, Чаман кўчасидаги мактаб биноси 2019 йил давлат дастурига киритилишини таъкидлайди. Бироқ шу куни, яъни 2018 йилнинг 20 июнида негадир шошилинч равишда туман ҳокими 1065-сонли қарорини чиқаради. Унда 50-мактабнинг “Турк” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 0,6176 гектар ер майдони далолатнома тузилмасдан туман захирасига олинади. Тартиб бўйича далолатнома қароролди муҳим хужжат бўлса-да, далолатнома қарор чиқарилгандан кейин — 2018 йил 4 июлда тузилади. Бунинг устига, мазкур далолатномага Қува тумани халқ таълими бўлими мудири Д. Юнусов имзо чекмайди. Қизиғи шундаки, Қува тумани ҳокими шу қарорни қабул қилганидан 3 кун ўтиб — 2018 йил 23 июнь куни яна 1125-сонли “Турк” МФЙ, Турк қишлоғида жойлашган 50-сонли умумий ўрта таълим мактаби филиал бино ва иншоотларини туман ҳокимлиги балансига олиш тўғрисида”ги қарорга имзо чекади. Табиий савол туғилади, бир ерга нисбатан уч кун ичида икки марта қарор чиқариш нимадан далолат беради?!

Ваҳолонки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сонли қарори, 10-банди, 10-хатбошисида умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ҳамда кўчмас мулкини Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланган. Яна бир факт — мактаб директори Н. Маҳмудовнинг 2018 йил 24 декабрь кунги шу мазмундаги илтимосномасига халқ таълими вазири Ш. Шерматовнинг 2019 йил 9 январь кунги 01-03/4-16-сонли жавоб хатида ҳам халқ таълими вазири билан келишилмаганлиги ва бу белгиланган тартибга зид эканлиги баён қилинган.

Хулоса ўрнида

Cудлашиш жараёни, ҳужжатбозликлар ўз йўлига. Ким ҳақ эканлигини одил суд аниқлайди. Бироқ мактаб балансидаги ер майдони ва бино олиб қўйилгани билан мактабдаги синфхоналар ҳамда жойнинг етишмаслиги каби қатор тўпланиб қолган муаммолар ҳал бўлиб қолмайди-ку. Ёки шу талаш ҳудуд ҳокимлик захирасига олиниб, тадбиркорга берилган тақдирда ҳам ер остидан Асака нефть қувури ўтганлиги боис келажакда янги инновацион лойиҳалар асосида шу 0,61 гектар майдонга янги иншоот қура олмайди-ку?! Бу баҳсли ва муаммоли ҳолатни ҳал этишнинг бошқа муқобил вариантларини туман халқ таълими, вилоят халқ таълими бошқармаси, туман ҳокимлиги нега ўртага ташламаяпти?! Масалан, 2019 йилда 50-мактабда бир қаватли иншоотлар ўрнига икки қаватли ўқув биносини қуришни дастурга киритиш каби ҳар икки томон рози бўладиган таклифлар берилиши мумкин-ку. Бизнинг-ча, мутасаддилар айнан шу масалалар устида бош қотириши зарур. Шунда мактаб маъмурияти 11 ой давомида судма-суд сарсон юрмаган, туман ҳокимлигининг эса “боши оғримаган” бўлар эди.

Таҳририятдан: Ушбу мақола юзасидан халқ таълими вазирлиги, Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси, Қува тумани ҳокимлиги мутасаддиларидан жавоб кутиб қоламиз.

Таниқли француз саркардаси Наполеон Бонапарт “Инсонни ҳаракатга келтириш механизмининг иккита ричаги бор: бири қўрқув, бири манфаатдорлик!” деган экан. Хулоса ўзингиздан.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019