Халқ таълими вазири Самарқанд вилоятида бир қатор муаммоларни аниқлади

09:26 10 Июль 2018 Жамият
291 0
Фото: uzedu.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан жорий йилнинг 4 июль куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Самарқанд вилоятида бўлди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф давомида Самарқанд вилоятидаги таълимни такомиллаштириш бўйича жорий ҳолат ўрганилди. Вазир Самарқанд вилоятидаги мактаб таълими бўйича тизимли камчиликлардан ташвишга тушди. Шунингдек, бир қатор мактаблар ачинарли аҳволда эканлиги, 35-45 йиллар давомида капитал таъмирланмагани, жорий таъмир учун ҳам маблағлар чекланган миқдорда бир неча йил аввал ажратилгани маълум бўлди.

Бу ҳолат Президентимизнинг мактаб таълимидаги ишларнинг бундай аҳволга келиб қолишининг асосий сабабларидан бири йиллар давомида мазкур соҳани етарлича молиялаштирилмагани ҳақидаги сўзларини яна бир карра тасдиқлади. Айниқса, мактабларни молиялаштириш масаласи манбалари марказ томонидан тўлиқ чеклаб қўйилган маҳаллий бюджетга юклаб қўйилган бир пайтда.

Хизмат сафари давомида қуйидаги муаммо ва камчиликлар аниқланди:

Самарқанд вилоятидаги 18 та мактаб тўлиқ реконструкцияга, 349 та мактаб капитал таъмирга муҳтож.

336 та мактабда жисмоний тарбия дарсларини ўтиш ва ўқувчиларни спорт билан шуғуллантириш учун спорт заллари мавжуд эмас.

629 та мактаб ҳудудининг атрофи ўралмаган, натижада ўқувчи-ёшлар хавфсизлиги етарлича таъминланмаган.

Шунингдек, 474 та мактабда таълим олувчилар сони мактаб сиғимидан 50 % га ортиқ экани, бунинг натижасида ўқув жараёни икки навбатда ўтказилаётгани таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, Самарқанд шаҳрида сўнгги йилларда кўп қаватли уйлар кўп қурилганига қарамай, аҳоли учун қўшимча мактаблар қурилмаган.

Кўпчилик мактаблар фаолиятини тегишли даражада йўлга қўйиш учун оддий маиший шароитларга ега эмас.

Айниқса, чекка туманлардаги мактаблар филиаллари билан боғлиқ ишлар ёмон аҳволда. Филиал мақоми сабабли улар кўпинча капитал ва жорий таъмирлаш бўйича дастурлардан тушиб қолган.

Ш.Шерматов ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президенти асосий эътиборини мактаб таълимини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлод учун халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори даражадаги таълимни таъминлашга қаратаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари мамлакат таълим тизимидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, жамият ҳаётида ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш бўйича бир неча бор зарур кўрсатмалар берган. Шунга мувофиқ, халқ таълими тизимининг ҳозирги ҳолати чуқур танқидий таҳлил қилинмоқда.

Ш.Шерматов Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғига ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва энг муаммоли масалалар бўйича тезкор чоралар кўриш вазифасини топширди. Ўрганиш жараёнида аниқланган тизимли муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар тайёрланаётган тегишли қарор лойиҳаларига киритилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар